Болангиздаги «оддий» йўтал сурункали ўпка шикасланишининг белгиси бўлиши мумкин

14:29 18 Июнь 2025 Илм-фан
208 0

Кўпчилик ота-оналар боладаги узоқ давом этадиган нам йўтални оддий ҳол деб ўйлайди. Бироқ Германиянинг Бочум шаҳридаги «Universitätskinderklinik» шифохонасида ишловчи педиатр шифокор доктор Анне Шлегтендал бу фикрга қўшилмайди. Унинг айтишича, агар бола 4 ҳафтадан ортиқ вақт давомида нам йўтал билан қийналаётган бўлса, бу «сурункали бактериал бронхит» (PBB) касаллиги бўлиши мумкин ва уни дарҳол даволаш керак.

Бочумдаги шифокорлар гуруҳи бу борада тадқиқот олиб борди ва болалигида PBB билан касалланган 200 нафар боланинг ҳолатини ўрганди. Уларнинг 63 нафари орадан 5 йилдан 14 йилгача ўтгач, қайта текширувдан ўтказилди. Натижада, айрим болаларда нафақат йўтал давом этаётган, балки ўпка фаолиятида ҳам муаммолар юзага келгани маълум бўлди.

Энг эътиборлиси шундаки, антибиотик билан даволанган болаларда ҳам кейинчалик салбий асоратлар кузатилган. Доктор Шлегтендалнинг айтишича, Германияда бу касаллик кўп ҳолларда вақтида аниқланмайди, шунингдек, PBB бўйича аниқ даволаш тартиби ва болаларни мунтазам кузатиш бўйича тавсиялар мавжуд эмас.

Шу сабабли мутахассислар бу касаллик ҳақида жамоатчиликни хабардор қилишга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг асосий мақсади — болалар соғлиғини эрта ёшдан бошлаб асраш. Шу йўлда улар Германия соғлиқни сақлаш тизими доирасида янги рақамли ёрдамчи тизим яратишни режалаштиришяпти. Ушбу тизим орқали болалардаги узоқ давом этадиган йўтал ва бошқа хавф белгиларини эрта аниқлаш мумкин бўлади.

Тизим оддий сигнал ёрдамида ишлайди: агар бола дарҳол шифокор кўригига муҳтож бўлса, тизим «қизил сигнал» беради. Бу усул ота-оналар ва шифокорларни огоҳлантириб, бола соғлиғи учун тезкор чоралар кўришга ёрдам беради.

Тадқиқотчиларнинг умиди шуки, ушбу ташаббус туфайли болалар соғлиги устидан назорат кучаяди, оғир асоратларнинг олди олинади ва PBB касаллиги эрта босқичда аниқланади. Бу эса болалик давридаги оддийдек туюлган йўтални бепарволик билан қарши олиш эмас, балки жиддий эътибор қилиш зарурлигини кўрсатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?