Болалар таълим-тарбияси — умумбашарий тараққиётга эришишнинг муҳим омили
Фото: Ҳасан Пайдоев/«Халқ сўзи»
Пойтахтимизда Кичик ёшдаги болаларга таълим ва тарбия бериш масалалари бўйича II Бутунжаҳон конференцияси бўлиб ўтмоқда.
15 ноябрь куни ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ҳозирги вақтда дунё миқёсида кичик ёшдаги болаларни сифатли мактабгача таълим билан таъминлаш борасида қатор муаммолар мавжудлигини инкор этиб бўлмаслигини таъкидлади.

Кўплаб мамлакатларда қарийб 200 миллион бола мактабгача таълим билан қамраб олинмагани натижасида уларнинг бошланғич билим олиш имкониятлари чекланмоқда.
Ўз навбатида, кейинги бир неча йил давомида коронавирус пандемияси таълим соҳасига ҳам катта салбий таъсир кўрсатгани сир эмас.
— Мана шундай синовлар даврида барча давлатларнинг яқин ҳамкорликни янада чуқурлаштириши, халқларимиз ўзаро бирлашиб, муаммоларни биргаликда ҳал этиши нақадар муҳимлигини яққол кўрсатмоқда, — деди давлатимиз раҳбари. — Шу маънода, бугунги анжуманимиз ҳам Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим йўналиши ҳисобланган болалар таълими масаласида барчамиз бир бўлиб, янги ёндашувлар ва ечимлар ишлаб чиқишимизга хизмат қилади, деб ишонаман.

Дунёда 2030 йилга қадар мактабгача таълим соҳасига оид сиёсатни белгилаб олиш ва бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган конференцияда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, 150 га яқин мамлакатдан вазирлар ва вакиллар, халқаро ташкилотлар мутасаддилари қатнашмоқда.
Нуфузли тадбирда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишда Ўзбекистон тажрибаси дунёнинг кўплаб давлатлари учун намуна сифатида эътироф этилмоқда. Зотан, бундан олти йил илгари юртимизда мактабгача таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи 27 фоизга тушиб қолган эди. Болалар боғчаларида замонавий қўлланмалар йўқ, бинолари таъмирталаб ҳолатда қолганди.

Давлатимиз раҳбари навқирон авлодни мактабгача таълим билан қамраб олиш келажагимизга дахлдор долзарб масала эканига алоҳида эътибор қаратиб, тизимни мутлақо янгича асосда, замон талаблари ва миллий қадриятларимиздан келиб чиқиб ривожлантириш бўйича йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди. Президентимизнинг 2017 йил 30 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Янги боғчалар қурилди, мавжудлари замон андозаларига мос таъмирланди. Алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, мактабгача таълим тизимига татбиқ қилинди.
Қамров даражасини янада ошириш, рақобатдошликни кучайтириш мақсадида соҳага хусусий сектор жалб қилинди. Ҳар бир тарбияланувчи бола учун давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар бериш йўлга қўйилди.

Натижада сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасалари сони 6 баробарга кўпайди. Тарбиячи ва педагоглар сони ҳам 3 баробарга ўсиб, 160 мингга етди. Шу тариқа, боғча ёшидаги 2 миллион 800 минг нафар боладан 2 миллион нафари мактабгача таълим билан қамраб олинди.
Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, 2025 йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 80 фоизга етказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон Президенти соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, кичик ёшдаги болалар учун сифатли таълим муаммоларини глобал даражада самарали ҳал қилиш, биргаликда тезкор ечимлар ва тизимли ёндашувлар ишлаб чиқиш мақсадида мазкур халқаро конференцияни мунтазам равишда ўтказиб бориш таклифи билдирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун бўлган барча саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун Тошкентда ЮНЕСКОнинг минтақавий марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Кичик ёшдаги болалар таълими бўйича жаҳон ташкилоти билан қўшма лойиҳа ва тадқиқотлар олиб бориш, тарбиянинг янгича услублари ва методик қўлланмаларни тайёрлаш учун кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Соҳадаги илғор тажрибалар, замонавий интерактив ўқитиш услублари, амалий билим ва кўникмалар билан ўзаро алмашиш мақсадида тарбиячилар халқаро ҳамжамиятини ташкил этиш ташаббусини баён этди.

2024 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ўтказиладиган келажак саммитининг асосий мавзуларидан бири сифатида, кичик ёшдаги болаларга таълим-тарбия бериш масаласини киритиш муҳимлиги таъкидланди.
Конференция турли мавзулардаги шўъба йиғилишлари билан давом этди. Анжуман якунлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинади.





Дилшод КАРИМОВ,
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг