Болалар саломатлигига бахшида умр

Мамлакатимизда олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар туфайли барча соҳалар қатори тиббиётда ҳам жадал ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини асраш самарадорлигини оширишга қаратилган янги технологиялар, замонавий тиббий муолажа усуллари амалиётга жорий этилмоқда. Соҳада кадрлар тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилиб, ўқув жараёнларига энг илғор тажрибалар татбиқ қилинмоқда. Натижада Ўзбекистон минтақада тиббиёт соҳаси энг ривожланган мамлакатга айланмоқда. Бугун кўплаб хорижликлар турли касалликларга шифо топиш мақсадида юртимизга ташриф буюраётганлари ҳам бежиз эмас.
Қўлга киритилаётган бу ютуқларда ўз ҳаётини эл саломатлигини асрашга бағишлаган фидойи шифокорларнинг ҳиссаси беқиёс. Шундай инсонлардан бири ҳам шифокор, ҳам олим сифатида нафақат юртимизда, балки узоқ хорижда ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлган тиббиёт фанлари доктори, профессор Азамат Шамсиевдир.
У фаолиятининг дастлабки йиллариданоқ буюк бобокалонимиз Ибн Сино ўгитларига амал қилган ҳолда ҳам назарий, ҳам амалий билимларини мунтазам ошириб боришни ҳаётининг асосий қоидаси сифатида белгилади. 1983 йилда ҳимоя қилган болалар хирургиясига бағишланган докторлик диссертацияси ҳамкасблари томонидан жуда юқори баҳоланиб, собиқ иттифоқ тиббиётининг ютуғи сифатида таърифланган эди.
Иқтисодиётимиз жуда ночор аҳволда бўлган ўтган асрнинг 80 — 90-йилларида республикамизда болалар ўлими кўрсаткичи жуда баланд бўлиб, бу борада собиқ иттифоқда биринчи ўринларда турар эдик. Шундай оғир даврда минглаб оналаримиз болаларининг касалига нажот излаб Самарқандга, “Азамат доктор”га келишарди. Вазият жиддийлигини тушунган Азамат Шамсиев янги ташаббус билан чиқди ва 1985 йилда нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда биринчи бўлган Самарқанд болалар хирургияси илмий марказига асос солинди. Бу республикамиз соғлиқни сақлаш тизими янги босқичга кўтарилганидан далолат берар эди. Марказ бугунги кунда ҳам самарали фаолият юритиб келмоқда.
Юксак илмий салоҳият соҳиби, профессор Азамат Шамсиев 1990 йилдаёқ Самарқандда биринчи бўлиб юрак жарроҳлиги амалиётини ўтказди ва у муваффақиятли чиқди. Шундан сўнг 200 дан ортиқ бундай жарроҳлик амалиётларини бажарди, узоқ йиллар давомида болалар жарроҳлиги йўналишида фаолият юритиб, минг-минглаб гўдаклар ҳаётини сақлаб қолди.
Олимнинг фаолияти, айниқса, мустақиллик йилларида сермаҳсул бўлди. Назарий тиббиётни ривожлантириш мақсадида профессор мингдан ортиқ мақолалар ва монографиялар эълон қилди, 1996 йилда академик Э. Иргашев билан бирга “Биология ва медицина муаммолари”, 2023 йилда эса “Ипак йўлида инновацион хирургия” журналларига асос солди. 2000 йилда А. Сулаймонов билан ҳамкорликда ёзган “Болалар хирургияси” дарслиги чорак асрдан бери республикамизнинг барча тиббиёт олийгоҳларида ўқитиб келинмоқда.
2004 йилда мамлакатимиз раҳбарияти яна бир ишонч билдириб, профессор Азамат Шамсиевни энг йирик ва кўҳна тиббиёт олий ўқув юртларидан бири — Самарқанд давлат тиббиёт институтига ректор қилиб тайинлади. Шунда профессор Азамат Шамсиевга хос бўлган ташкилотчилик қобилиятининг янги қирралари очилди. У олий малакали тиббиёт мутахассисларини жаҳон стандартлари даражасида тайёрлашга бел боғлади. Унинг бевосита ташаббуси билан Ўзбекистонда биринчи бўлиб, 2013 йилда халқаро таълим стандартларига мос келадиган кредит-модуль тизими ўқув жараёнига татбиқ этилди. Кейинчалик бу илғор тажриба давлатимиз раҳбари томонидан юқори баҳоланиб, қўллаб-қувватланди ва 2020 йилдан эътиборан мамлакатнинг барча олий ўқув юртларида жорий қилина бошланди.
Илм кутубхонасиз бўлмайди. Кутубхона ҳақида гап борганда эса, аввало, буюк Ибн Сино хотирамизга келади. Ўн етти ёшли Ибн Сино Бухоро ҳукмдори Нух II ибн Мансур (976 – 997)ни даволаб, амир кутубхонасида шуғулланишга рухсат олади. Бу ерда кўплаб сандиқлар қўйилган бўлиб, улар китоблар билан лиқ тўла эди. Ибн Сино кейинчалик бу ҳақда шундай деб ёзган: “Китоблар ортидан китоблар ўқидим. Ҳеч ким бу китобларни кўрмаган ва ҳатто номини ҳам эшитмаган. Шу пайтгача мен ҳам кўрмаган эдим, бундан сўнг ҳам кўришга муяссар бўлмадим”.
Чиндан ҳам, илм-фанни ривожлантиришда китобнинг ўрни беқиёс. Шу боис Азамат Шамсиев институтда жуда катта электрон кутубхона ташкил қилди ва талабаларни дунёнинг тиббий электрон китоблар оламига кириши учун имконият яратди. Бундан ташқари, талабалар илмий тўгаракларига асос солди, уларни, дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, илмий конференцияларга сафарбар қилди. Шу тариқа Самарқанд давлат тиббиёт институти (ҳозирги Самарқанд давлат тиббиёт университети) ривожланган мамлакатлар тиббиёти билан интеграциялашди.
Сифатли, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, талабаларга қулай шарт-шароит яратиш мақсадида 800 ўринли янги ўқув биноси қурилди. Бино Европа классик архитектура услубида, Ирландиянинг 1592 йилда қурилган Дублин университети биносидан андоза олиб бунёд этилди. Натижада, бино нафақат талабаларга шинам, яхши шароит яратишга хизмат қилди, балки кўҳна, боқий шаҳарнинг кўркига-кўрк қўшди.
Профессор Азамат Шамсиевнинг номи замонамизнинг машҳур тиббиёт дарғалари қаторидан ўрин олган. У Нью-Йорк фанлар академияси академиги, Европа (EUPSA) ва Россия (РАДХ) болалар хирургияси ассоциацияси, Осиё лапароскопик хирурглар ассоциацияси (ELSA), Буюк Британия соғлиқни сақлаш қироллик ассоциацияси, Россия хирурглар жамияти аъзоси, Россия медико-техник академиясининг ҳақиқий аъзосидир. Бундан ташқари, у бир қатор халқаро олий ўқув юртлари ва илмий жамиятлар, жумладан, Грац медицина университети (Австрия), Ижевск медицина академияси ва Бошқирдистон давлат медицина университетининг фахрий профессори ва академигидир. Шу билан бирга, у фанга қўшган ҳиссаси учун академик А. В. Вишневский (2010) номидаги олтин медаль ва профессор В. П. Немсадзе (2014), профессор А. А. Кисель (2024) номидаги нуфузли мукофотлар билан тақдирланган.
Оддий қишлоқ мактабида ўқиб вояга етган ва ўз илмий салоҳияти билан халқаро эътирофга сазовор бўлган профессор Азамат Шамсиев ютуқларининг сири нимада? Уни, аввало, табиат ато этган иқтидор, тинимсиз меҳнат, ўз устида ишлаш, мутолаа, кенг фикрлаш, зийраклик, илм-фанга, ўз касбига садоқат каби фазилатлардан қидирмоқ лозим.
Муболаға бўлиб туюлса-да, Азамат Шамсиев фаолиятида Ибн Сино ҳаётига ўхшашликларни топамиз. Буюк Ибн Сино ёшлигида физика, метафизика, математика, фалсафа, мантиқ, фиқҳ каби турли фанларни тўлиқ ўзлаштирган ва шундан сўнггина тиб илмини ўрганишга киришган. Ана шу кенг қамровли билимларгина Ибн Синони даҳолик даражасигача кўтарган. Азамат Шамсиевдаги чуқур билим, мулоҳазакорлик, ҳар бир масалага ўзига хос ёндашув мана шундай кенг дунёқараш маҳсулидир. Қолаверса, Ўзбекистон тиббиёт илмининг ватанидир. У Ибн Сино, Абу Бакр ар-Розий, Мансур Қамарий, Абу Саҳл Мосихи, Абу Абдулло ан-Натили, Абу Убайд Жузжоний каби аждодларимизнинг, шунингдек, элладалик Голен ва Гиппократнинг тиббий меросини чуқур ўрганишни ўзига ҳам қарз, ҳам фарз деб билди. Шунингдек, замонавий Европа тиббиётининг ютуқларидан баҳра олди. Натижада, у тиб илмининг чуқур билимдонига айланди, бу ўз навбатида, касаллик ташхисини тезкорлик билан аниқлаш ва жарроҳлик амалиётларини бехато ўтказишда қўл келди. Фақат ва фақат кенг қамровли билим ва тинимсиз меҳнатгина профессор Азамат Шамсиевни замонамизнинг таниқли шифокори даражасига кўтарилишига имкон берди.
Азамат Шамсиев қутлуғ ёшни қаршилаган бўлса-да, ўзбек тиббиёт фани ва элимиз соғлиги йўлида тинмай хизмат қилиб келаётир. Унинг илмий раҳбарлигида ҳозирга қадар 40 дан ортиқ фан докторлари ва фан номзодлари етишиб чиқди, 12 та дарслик, 35 та монография ва мингдан ортиқ илмий мақолалар нашр этилди. Ихтиролар учун 70 дан ортиқ патентлар олинди. Бу хизматлар юксак давлат мукофотлари — “Соғлом авлод учун” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.
Бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижадорлигини таъминлашда Азамат Шамсиев сингари фидойи шифокорларимизнинг илмий салоҳияти, улкан тажрибаси муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Темур ШИРИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг