«Бойсун баҳори» фестивали 20 та давлатдан иштирокчиларни кутмоқда

14:06 30 Апрель 2024 Маданият
564 0

Фарҳод ЭСОНОВ / «Халқ сўзи». Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 февралдаги «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан «Бойсун баҳори» халқаро фольклор фестивали жорий йил 1-7 май кунлари Бойсун туманида ўтказилади.

Термиз шаҳрида мазкур тадбирни юқори савияда ташкил этиш ва уни ўтказиш бўйича Республика ташкилий-ижодий гуруҳи томонидан амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Сурхондарё вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи З.Тўраев бошқарган йиғилишда фестиваль доирасидаги тадбирлар хусусида иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.

— Фестиваль танлови иштирокчиларининг чиқишларини баҳолаб бориш бўйича Россия, Буюк Британия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакилларидан иборат халқаро ҳакамлар ҳайъати таркиби шакллантирилди, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокими ўринбосари — вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Жўрабек Тўраев. — Фестивалда 16 та хорижий давлатдан фольклор жамоалари ва яккахон ижрочилари иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, Ўзбекистон номидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан фольклор, миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати бўйича жамоалар иштирок этади. Халқаро фольклор фестивалимизнинг соврин жамғармаси 12 500 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Чунончи, 1-ўрин эгаси 3 500, 2-ўрин 2 500 ҳамда 3-ўрин 1 500 АҚШ доллари билан мукофотланади. Бундан ташқари, фольклор санъати йўналиши ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати бўйича 10 та номинация бўйича ғолиблар 500 АҚШ долларига эга чиқишади.

Анжуманда 1 май кунига қадар 16 та давлатдан ва 3 та халқаро ташкилотдан жами 150 нафардан ортиқ хорижлик меҳмон Тошкент шаҳрига ҳамда Тожикистон вакиллари (16 нафар) «Сариосиё» чегара пости орқали Сурхондарё вилоятига етиб келиши, 30 апрель – 1 май кунлари фестиваль иштирокчилари «Термиз» халқаро аэропортида тантанали кутиб олиниши хусусида маълумот берилди.

— 1 май куни Термиз давлат университетида хорижий ва маҳаллий мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар ва фахрий меҳмонлар иштирокида «Сурхон воҳасининг инсоният цивилизациядаги ўрни: моддий ва номоддий маданият асослари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов. — Шунингдек, 2 май куни Бойсун туманидаги «Бибиширин» маҳалласи ҳудудидаги амфитеатрда фестивалнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. 2-3 май кунлари фестиваль доирасида фольклор санъати йўналишида ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида танлов ўтказилиб, унда хорижий ва маҳаллий иштирокчилар ижодий беллашади. 3 май куни танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ташкил этилади.

Фестиваль доирасида Сурхондарё вилояти туманларидан келадиган фольклор жамоаларининг ўз қўрғонларида мусиқий дастурлар намойиши, миллий ҳунармандчилик санъати ва миллий таомлар кўргазмалари, миллий кураш ва улоқ кўпкари мусобақалари, варрак учириш, қўчқор ва хўроз уриштириш, арқон тортиш, дрон, лазер шоулари ва бошқа миллий халқ ўйинлари ҳамда Бойсун туманидаги экотуризм ҳудудларига саёҳат ва инфо-турлар ташкил этилади. Тумандаги «Алпомиш» ўйингоҳи, «Ёшлар» боғи ҳамда «Хўжақўчқор ота» зиёратгоҳида республикамизнинг фольклор жамоалари ҳамда таниқли эстрада хонандаларининг концерт дастурлари намойиш этилиб борилади.

Шунингдек, хорижлик мутахассислар иштирокида давра суҳбатлари, ижодий учрашув ва маҳорат дарслари ҳам фестиваль кун тартибидан ўрин олган.

Хуллас, 7 май куни фестивалнинг тантанали ёпилиш маросимигача воҳа аҳли ва меҳмонлар мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар, ташкилий ишлар муҳайё этилади.

Фестиваль доирасидаги тадбирлар бўйича иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?