«Биз мусобақага тайёрмиз. Насиб этса Осиё чемпионати йўлланмаси билан қайтамиз» — Виктория Сирота

Фото: ЎФА
Эртага, 13 октябрь куни келгуси йили 17 ёшгача бўлган қизлар ўртасида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати мусобақасининг саралаш ўйинлари бошланади.
Виктория Сирота бошчилигидаги терма жамоа 15 октябрь куни саралаш турниридаги иштирокини бошлайди. Ушбу муҳим мусобақа олдидан Ўзбекистон U-17 терма жамоаси бош мураббийи Виктория Сирота, шунингдек, терма жамоа футболчилари Мубина Бахтиёрова ва Мария Халқулова «Халқ сўзи» нашри учун махсус интервью берди.
— Ассалому алайкум, мусобақага тайёргарлик қандай ўтди?
Виктория Сирота (Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи):
«Биз мусобақанинг асосий босқичига икки йил тайёргарлик кўрдик. Ушбу турнирга CAFA турнири орқали тайёрландик. Иордания терма жамоаси билан иккита ўртоқлик ўйини ўтказдик ва иккаласида ҳам ғалаба қозондик. Шунингдек, Малайзия терма жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этдик. Мусобақага тайёрмиз, деб ўйлайман».
Мария Халқулова (Ўзбекистон U-17 терма жамоаси дарвозабони):
«Тайёргарлик яхши ўтди. Мусобақада ҳам яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Биринчи навбатда Осиё чемпионатига муносиб эканимизни исботлашимиз керак. Бошқа жамоалардан биз кучлироқмиз, деб ўйлайман».
Мубина Бахтиёрова (Ўзбекистон U-17 терма жамоаси футболчиси):
«Биз ушбу мусобақага икки йил давомида тайёргарлик кўрдик. Қирғиз Республикасида бўлиб ўтадиган ўйинларда шу вақт ичида қилган ишларимизнинг ижобий натижасини кўрамиз, деган умиддамиз. Тайёргарликлар ҳаммаси яхши ўтди. Барчаси биз ўйлагандек кетмоқда».
— Мусобақада Қирғиз Республикаси ва Ҳиндистонга қарши ўйин ўтказасизлар. Ушбу рақибларни қай даражада ўрганиб чиқдингиз?
Виктория Сирота:
«Осиё кубогидаги рақибларимиздан Қирғиз Республикаси терма жамоаси бизга яқин. Биз уларни яхши биламиз. Улар билан CAFA турнирида ўйнаганмиз. Бу жамоанинг плюс ва минусларини яхши биламиз. Ҳиндистонни сентябрь ойидаги мусобақада кўрдик ва таҳлил қилдик. Биз уларга қарши ўйнашга тайёрмиз».
— Мусобақа олдидан таркибда йўқотишлар борми?
Виктория Сирота:
«Йўқ, шукрки, жиддий йўқотишлар йўқ. Озгина чарчоқ бор, сабаби қизларимиз Олий лигасида ҳам ўйнашмоқда. Лекин мусобақа олдидан катта йўқотишлар йўқ».
— Қайси жамоани асосий рақиб деб ҳисоблайсиз?
Мария Халқулова:
«Қирғиз Республикаси билан кўп учрашганмиз. Ҳиндистон ҳақида жуда яхши билмаймиз. Қирғиз Республикасини яхши биламиз. Улар кучли жамоа, лекин заиф нуқталари ҳам йўқ эмас».
Мубина Бахтиёрова:
«Менимча ҳам гуруҳдаги асосий рақибимиз Қирғиз Республикаси терма жамоаси. Бу жамоа билан аввал ҳам ўйнаганмиз, уларни яхши биламиз».
— Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам, U-20 терма жамоаси ҳам Осиё чемпионатига йўл олди. Бу натижалар сизнинг жамоангизга қўшимча мотивация берадими ёки босим юклаяптими?
Виктория Сирота:
«Албатта, бу бизга қўшимча мотивация беради. Биз ушбу натижалардан илҳомланиб, турнирда керакли натижани қўлга киритишга ҳаракат қиламиз».
Мубина Бахтиёрова:
«Ҳа, менимча, бироз босим бор. Сабаби, айтганингиздек, бу йил ҳар икки аёллар терма жамоаси Осиё чемпионатига чиқди. Агар биз чиқмасак, яхши бўлмайди, дегандек ҳис бор. Лекин биз бу нарсаларга кўп эътибор бермаяпмиз. Биз узоқ вақт давомида яхши тайёргарлик кўрдик. Насиб этса, албатта чиқамиз».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг