Бирдамлик ва ҳамжиҳатлик
Фото: Ҳасан Пайдоев\ “Халқ сўзи”
Ислоҳотларни давом эттириш йўлидан — умумий улкан мақсад сари
2023 йилнинг 9 июль санаси жонажон Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Халқимиз ўз бирдамлигини, ҳамжиҳатлигини, келажакка қатъий ишончи ва ёруғ умидларини яна бир бор намоён этган кун сифатида миллий солномамиз варақларини безади.
Шу куни муддатидан илгари ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида юртдошларимиз мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлиги учун овоз берди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу сиёсий жараёнда иштирок этган сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олиб, янги муддатга сайланди. Буюк ўзбек йўли янгича зийнат билан кенг кўлам ва суръатда изчил давом этадиган бўлди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқи мамлакатда ислоҳотларни давом эттириш ва жадаллаштириш мақсадларига содиқлигини исботлаб, келажак сари комил ишонч билан интилмоқда. Сайланган етакчи билан бирга қудратли ва тараққий этган, инсон манфаатлари ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган давлатни қуриш йўлидан илдам бормоқда.
Халқимизнинг бугунги руҳияти кўтаринкилик, жипслик, бунёдкорлик туйғуларига лиммо-лимки, бу донишманд боболар айтган улуғ бир ҳикматни эслатади:
Гўзал кунлар келишини кутма,
Унга томон бормоғингни унутма!
Ватан ягона — эзгу мақсад ҳам
Ҳамма замонларда давлатлар олдида турган ҳаётий ҳақиқатлар ва хавф-хатарлар тарих саҳнасига шундай шахсларни олиб чиққанки, улар улкан масъулиятни бўйнига олиб, миллионларнинг тақдирини ўзгартиришга қодир бўлишган. Шундай инсонлардан бири — ҳиндистонлик сиёсий ва жамоат арбоби, Буюк Британиядан мустақил бўлиш учун тарихий ҳаракатга раҳбарлик қилган, зўравонликка қарши фалсафанинг муаллифи Маҳатма Ганди янгича ҳаёт учун илк қадамни қўйиш жуда муҳимлигини айтган эди. “Дунёдаги ўзгаришларни кўриш учун биз ўзимиз ўзгаришимиз керак”, деганди у.
Мамлакатимизда эса кейинги йилларда юз берган ўзгаришларнинг ташаббускори ва муаллифи Президент Шавкат Мирзиёев бўлди. Шу маънода, янги сайланган давлат раҳбари сифатида лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқ мамлакатимиз халқи учун энг яхши келажак яратишга содиқликни намоён этди. Бу нутқ Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, барча фуқаролар учун тинч-осойишта ҳаётни таъминлаш ҳисси билан йўғрилган.
Шавкат Мирзиёев юксак ишонч билдириб, давлат раҳбари этиб сайлаган халқимизга самимий миннатдорлик изҳор этар экан, Ўзбекистон фуқароларининг мақсади ягона эканини таъкидлади.
— Барчамиз Янги Ўзбекистон деган ягона ва улуғ мақсад атрофида янада жипслашиб, халқимизнинг орзу-армони бўлган мана шу эзгу ғояни амалга ошириш йўлида ҳамкорлик қиламиз, — деди Президент.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимиздаги жамиятнинг жипслашуви ҳамда ислоҳотларнинг бутун халқ томонидан қўллаб-қувватланиши — айнан шу жиҳатларга хорижда катта эътибор беришмоқда. Сайлов жараёнларини кузатган турли давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳам шу фикрни тасдиқлашди.
— 9 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашиш имконига эга бўлдим, — дейди Гамбург университети (Германия) профессори Зигфрид Шоппе. — Кўплаб сайлов участкаларида бўлдим, турли идораларда, маҳаллий ҳокимиятларда, олий ўқув юртларида учрашувлар ўтказдим, оддий ўзбекистонликлар билан суҳбатлашдим. Ҳамма жойда ижобий муносабат ва келажакка ишончни кўрдим. Шу билан бирга, барча суҳбатдошларим амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар йўлига умид боғламоқда, унинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, чунки Ўзбекистонда кейинги йилларда кузатилаётган кўплаб ижобий ўзгаришлар айнан Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши билан боғлиқ. У мамлакатнинг аҳоли фаровонлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни жадал ривожлантириш, ташқи дунёга очиқлик ва конструктив халқаро ҳамкорликка қаратилган янгиланишлар тимсолига айланди. Шу боис амалдаги Президентнинг сайловдаги ишончли ғалабаси ҳеч кимни ажаблантирмади, у ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Хорижликларни ҳайратлантирган яна бир нарса шу бўлдики, Ватанимиз фуқаролари Конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришдан манфаатдор.
“Таиландда ҳам келгусида бўлиб ўтадиган сайловларда овоз берувчиларни жалб қилиш ва янада кўпроқ фуқароларни қамраб олиш мақсадида Ўзбекистондаги сайловлардан яхши намуна олиш зарур”, деб ёзилади Таиланднинг нуфузли “Matichon Daily” газетасида.
Мамлакатимизнинг Москвадаги элчихонаси ёнида минглаб одамлар Ўзбекистон Президенти сайловида овоз бериш учун йиғилганини кўрган Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов шарҳлашича: “Мана, халқнинг ўз етакчиси атрофида бирлашиши қандай бўлади!».
Туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври
Албатта, ҳар қандай сезиларли натижага эришиш учун муайян саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Президент ўз нутқида келгуси давр ҳақида шундай деди:
— Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади. Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди. Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади.
Бу сўзлар халқимизни руҳлантириши билан бирга, ҳар биримизга юксак масъулият ҳам юклайди. Айниқса, турли соҳалар ривожига масъул бўлган раҳбарлар энди янги куч билан, янгича шижоат ва ғайрат билан ишлаши лозим. Шундагина инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, орзуларини рўёбга чиқариш, фаровон яшаши учун шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар янги суръатда давом этади.
Инсон қадр-қимматини улуғлаш даврига биз қадамба-қадам етиб келдик. Унинг бошланиши деб бундан олти йил аввал виртуал ва Халқ қабулхоналарини ташкил этиш орқали одамлар билан мулоқотнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилганини айтиш мумкин.
Худди шундай: дунёда ўхшаши йўқ янги, самарали тизим — “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”, яъни кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар билан манзилли иш олиб бориш бўйича ташаббусда ҳам аҳолининг барча қатлами манфаатларини кўзлаш мужассам. Бу тизим ҳар бир муҳтож оилани моддий кўмак билан қамраб олди. Давлат бюджетидан ҳар йили шу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар 18 триллион сўмдан ортиқни ташкил этди.
Илгари айтилмаган камбағаллик масаласи энг юқори даражада очиқ муҳокама қилина бошланди. Натижада уни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. 2022 йилнинг ўзида бир миллион ўзбекистонлик камбағалликдан чиқа олди.
Одамларни тураржой билан таъминлаш муаммоси ҳам тезкор ҳал этилмоқда. Бу ҳозирги шароитда айниқса муҳим, негаки, айрим таҳлилларга кўра беш йилдан сўнг Ўзбекистон аҳолиси 40 миллион нафардан ошади. Кейинги етти йил ичида 300 мингга яқин тураржойлар барпо этилди, бу эса ўтган йиллардагидан ўн марта кўп, деганидир. Келгуси етти йилда ҳудудларда қўшимча яна миллионта уй-жой қурилиши кутилмоқда, бунинг учун эса — 15 миллиард доллар ажратилади.
Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишларни янги босқичга олиб чиқамиз.
Франциядаги оммабоп нашр — “Musulmans en France” журналисти Жан-Мишел Брун фикрича, Президент Шавкат Мирзиёев етти йилда ўз мамлакати учун том маънода “илгари сакраш”ни таъминлади. Ўзининг иқтисодий кўрсаткичлари билан Ўзбекистон минтақада энг юқори ўринда. Масалан, ўтмишнинг энг оғир мероси — камбағаллик даражаси бўлиб, у 2016-йилда 17 фоизни ташкил этарди. Субсидия ажратиш, таълим тизимидаги ва бандлик соҳасидаги ислоҳотлар туфайли бу кўрсаткич пасайди, деб ёзади у.
Франциялик журналистнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев ўз ваъдасида туради ва эришилган тараққиёт ҳақида унинг сайловдаги муносиб натижаси ҳам айтиб турибди — 87 фоиздан юқори овоз тўплаш чинакамига халқнинг қўллаб-қувватлашидир. Бунга ҳар бир кузатувчи амин бўлди.
“Табиийки, ана шу рақамнинг ўзи Президент унинг дастурини маъқулловчи, қўллаб-қувватловчи халқ томонидан сайлангани ҳақида тасаввур ҳосил қилади. Овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг 79 фоизи қатнашгани ҳам бизда ҳавас уйғотиши учун етарли бўлди. Негаки, бу борада биздан ҳам яхшилар борлигини тан олиш қийинроқ”, деб хулоса қилади муаллиф.
Дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатлар
Сўнгги йилларда эришилган ютуқлар ҳақида сўз борар экан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида рўй берган ва дунё мамлакатлари билан мустаҳкам ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга олиб келган ўзгаришларни эсламасак бўлмайди. Айни замонда сайёрамизда ҳукмрон бўлган таҳликали вазиятда улар жуда муҳимдир.
Президентимизнинг лавозимга киришиш тантанали маросимидаги нутқида келтирилган сўзлар билан айтадиган бўлсак, ўзингиз кўриб турибсиз, бугун дунё қандай шиддат билан, кескин ўзгариб бормоқда. Жаҳон миқёсида бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда. Айни вақтда олдиндан таҳлил қилиб бўлмайдиган жараёнлардан иборат ўта мураккаб янги бир давр бошланмоқда.
Ер юзининг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар, шафқатсиз рақобат савдо ва инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммолар келтириб чиқармоқда.
Халқимизда “Қўшнинг тинч — сен тинч”, деган мақол бор. Шунга амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўзининг ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқди. Айниқса, қўшни давлатлар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш, бутун минтақада шундай тинчликпарварлик жараёнларини йўлга қўйиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди. Бундай ўзгаришлар қардош халқлар ўртасидаги муносабатларга ижобий тус берди. Натижада аввалги гина-хафагарчиликлардан асар ҳам қолмади.
Ниҳоят, бир неча ўн йил дўстона муносабатларга тўсиқ бўлиб келган “музлар эриди”. Ўзгаришларнинг илиқ шабадалари қалбларни тўлдириб, қувонтириб, яйратиб юборди. Қўшни мамлакатларда яшайдиган халқлар ўртасида борди-келди тикланди. Чегаралар очилди. Мамлакатлар орасида эркин ҳаракатланиш йўлга қўйилгач, минтақавий савдо ҳам жонланди. Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан ташқи савдоси ҳажми сезиларли даражада ортди. Яъни икки баравардан кўпроққа кўпайиб, 2022-йил охирида 7,5 миллиард долларга етди.
Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларида бундан кейин ҳам очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат, шунингдек, Ўзбекистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалар бўйича ташаббусларини илгари суриш давом эттирилишини айтиб ўтди. Марказий Осиёдаги амалий ҳамкорлик умумий масалалар бўйича ҳам, жумладан, сувдан оқилона фойдаланиш ва транспорт йўлакларини ривожлантириш сингари масалалар бўйича ҳам, сифат жиҳатдан яхшиланади.
“Барқарор Марказий Осиё сармоявий фаоллик ва иқтисодий ўсишнинг муҳим марказларидан бирига айланиб бормоқда, — деб қайд этилди Япониянинг “The Japan Times” нашридаги мақолалардан бирида. — Қатор экспертларнинг фикрига кўра, сўнгги беш йил ичида минтақа мамлакатларининг умумий ялпи ички маҳсулоти 20 фоизга ўсиб, 370 миллиард АҚШ долларидан ошди”.
Кунчиқар мамлакат газетасида таъкидланганидек, “Марказий Осиёдаги ҳамкорлик жараёнлари кучайишида 2016-йили Шавкат Мирзиёев Президент этиб сайланган вақтдан бошлаб расман йўлга қўйилган Тошкентнинг янги ташқи сиёсий курси триггер ролини ўйнади. У Марказий Осиё минтақасида соғлом сиёсий иқлим шаклланишига шароит яратди, шунингдек, ҳам давлатлараро муносабатларда, ҳам кўп томонлама ҳамкорлик форматида изчил ва бир вақтнинг ўзида туб ўзгаришлар сабабчиси бўлди”, деб хулоса қилинади “The Japan Times”да.
— Ўзбекистон ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, очиқ ва ўзаро манфаатли халқаро муносабатларда ўз ролини кучайтиришга интилаётгани Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсадларидан биридир, — дея эътироф этилди Саудия Арабистонида ҳам.
Қиролликнинг йирик интернет-нашри бўлган “Swift News” Ўзбекистонда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида туркум мақолалар эълон қилди. Уларда, жумладан, тинчликсевар ташқи сиёсат туфайли Ўзбекистон ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан минтақавий ҳамда глобал масалалар бўйича доимий мулоқот олиб бормоқда ва унинг муҳим натижаларини дунё тан олмоқда, дея қайд этилди. Таъкидланишича, Ўзбекистон кейинги йилларда ташқи сиёсатда хорижий давлатлар, айниқса, яқин жойлашган мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш масаласи бўйича салмоқли натижаларга эришмоқда. Шунингдек, республика тарихда биринчи марта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди.
“Очиқ ташқи сиёсат ва жаҳон саҳнидаги қатъий саъй-ҳаракатлари туфайли хорижда Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш ва ишонч ортиб бормоқда, бу эса расмий Тошкентнинг тутган ўрнини, жумладан халқаро рейтинглардаги нуфузини мустаҳкамлаяпти”, деб хулоса қилинади нашрда.
Бебаҳо бойлигимиз — кўп миллатли халқимиз
Давлат раҳбари белгилаб берган Тараққиёт стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистон иқтисодиётда кенг кўламли янгиланишларни амалга оширмоқда ва бу жараёнда уни “яшил” рельсларга ўтказиб, инвестициялар ҳажми кўпайтирилмоқда. Истиқболда катта марра олинган, яъни 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулот ҳажми 160 миллиард долларга етказилиши ва мамлакатимиз даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришини таъминлаш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, айни даврда мамлакат иқтисодиёти мавжуд захиралардан унумли фойдаланиш, инновацион маҳсулотлар яратиш, илғор технологияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш асосида ривожланиб бормоқда. Бизнес-муҳитнинг яхшиланиши натижасида тадбиркорлар сафи икки баравар кенгайди ва улар жамиятимиз ривожини таъминловчи, ислоҳотларни жадаллаштирувчи кучга айланди. Бу эса жаҳон иқтисодиётининг тараққиёт тамойилларига тўла мос келади. Негаки, хусусий сектор инновацияларни рағбатлантириш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини ва экспорт салоҳиятини ошириш, энг асосийси, бандликни таъминлашга хизмат қилади. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Айни вақтда хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улушини 80 фоизга, унинг экспортдаги улушини эса 60 фоизгача етказиш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакат иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини кўтаришга, жумладан, хусусий сектор инвестицияларини кўпайтиришга қаратилган муҳим ислоҳотлари Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг тадқиқотларида ҳам қайд этилди.
Иқтисодиёт соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистонга жалб этилаётган хорижий инвестициялар ҳажми кейинги йилларда уч баравар ўсди. Биргина 2022-йил якунларига кўра, ушбу кўрсаткич 10 миллиард доллардан зиёд бўлди. 2030 йилга бориб, инвестицияларни 250 миллиард долларгача етказиш, шундан 110 миллиард доллари — хорижий сармоялар ва 40 миллиард доллари — давлат-хусусий шериклик асосидаги сармоялар бўлиши кўзда тутилган.
Хитойда инглиз тилида чоп этиладиган нуфузли “Global Times” газетасида эксперт Сун Чуанчжи таъкидлаганидек, Шавкат Мирзиёев янги Ўзбекистон даврини очишга қодир бўлган ислоҳотчи сифатида ўзини намоён қилгани ҳолда миллат етакчиси мақомига сазовор бўлиб, мамлакатни янада тараққиёт ва модернизация сари етаклаётир.
“Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон барқарор ривожланиш суръатларини, ўз куч-қудрати ва салоҳиятига тўла таянган ҳолда ўз мустақиллиги ва халқининг тинч-осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш қобилиятини намойиш этаётган ва жадал ривожланаётган давлатга айланган”, деб ёзади муаллиф.
Газетада келтирилишича, жаҳон иқтисодиётидаги инқироз ва ташқи муҳитнинг беқарорлигига қарамай, Ўзбекистон иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2023-йил охирига бориб Ўзбекистонда ЯИМ 6 фоизга ўсиши кутилмоқда, бу эса мамлакатнинг жадал ривожланаётганидан далолат беради.
Шубҳасиз, ўзи илгари сурган мақсадларга етиш учун мамлакатимиз нафақат табиий захиралар, балки меҳнат ресурсларига ҳам, интеллектуал ва маънавий салоҳиятга ҳам эга.
Президент ўз нутқида эътироф этганидек, Ўзбекистонимизнинг ер ости ва ер усти бойликлари кўп. Лекин бизнинг энг катта кучимиз, бебаҳо бойлигимиз бу — ягона, аҳил оила бўлиб яшаётган кўп миллатли халқимиздир... Биз мамлакатимиздаги 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларига ўз тили, маданияти, урф-одат ва қадриятларини ривожлантиришлари учун зарур шароит яратиб беришни изчил давом эттирамиз.
Нобел мукофоти лауреати Нелсон Мандела айтган экан: “Таълим — энг кучли қурол, унинг ёрдамида дунёни ўзгартириш мумкин”. Машҳур сиёсатчи ва озодлик учун курашчининг бу сўзлари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда прогрессив, гуллаб-яшнаган жамият қуришда ҳал қилувчи роль ўйновчи таълим ва инсон капиталини жадал суръатлар билан ривожлантиришни таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни ёрқин ифодалаб турибди.
Бундан етти йил илгари таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари кечиктириб бўлмас ислоҳотларга муҳтож эди. Ушбу муаммоларни чуқур англаган давлатимиз раҳбари мазкур тизимларни тубдан ислоҳ этишга киришди. Мутасаддилар иштирокида ўтказилган қатор йиғилишлар, соҳа вакиллари билан учрашувларда белгилаб берилган вазифалар, қабул қилинган Фармон ва қарорлар натижасида таълимда сифат ўзгаришлари юз берди, миллий қадриятларга асосланган ҳамда замон андозаларига монанд янги тизим яратилди.
Амалга оширилган ишлар кўламини тасаввур қилиш учун баъзи кўрсаткичларни келтиришнинг ўзи кифоя: мактабгача таълим ташкилотларининг сони 5,5 баравар ортиб, 29 мингтадан ошди. Агар илгари ҳар тўртинчи бола мактабгача таълим ташкилотига қатнаган бўлса, энди — ҳар тўрт нафар боладан фақат биттасигина ҳозирча қатнай олмаяпти. Ўрта таълим ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин: ушбу бўғинда қўшимча равишда 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди. Олий таълим ташкилотларининг сони 2,5 бараварга ортиб, 210 тага етди. Бу эса соғлом рақобат муҳитини яратиш имконини бермоқда.
Таълим соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатиб келяпти. Лекин ҳеч ким эришган ютуқларимиз билан чекланиб қолмоқчи эмас. 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжни тўла қондириш ва болаларни юз фоиз қамраб олиш, боғчаларнинг моддий-техника базасини яхшилаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, мактабларда 2,5 миллионта ўқувчи ўрни яратиш, олий таълим тизими ва илм-фан соҳасига илғор хорижий тажрибани жорий этиш режалаштирилган.
Шундай экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган мажлисдаги нутқидан алоҳида ўрин эгаллаган мамлакат ёшларига мурожаати, айниқса, долзарблик касб этади — унда яратилган ноёб имкониятлар кўрсатиб берилди. Ўшларга қарата айтилдики, бугун тарихнинг ўзи, замоннинг ўзи сизларнинг олдингизда беқиёс имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, “Ўзбекистон тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган буюк ишларни амалга оширишга қодирсиз”, дея уларга катта ишонч билдирилгани ҳам бежиз эмас.
Демак, мамлакатимизда бўлиб ўтган сайлов ва унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ғалаба қозониши, давлатимиз раҳбарининг инаугурация маросимидаги нутқи халқимизнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотларнинг давом этишига ишончини янада мустаҳкамлади. Тўғри, бу фақат айтишгагина осон. Олдинда ҳали қилинадиган ишлар кўп. Дунёда юз бераётган кескинликлар, таҳликали можаролар, экология ва иқлим ўзгаришлари кўзланган марралар сари илдам одимлашда турли қийинчиликлар, кутилмаган мураккабликларни пайдо қилиши ҳам бор гап. Бироқ ниятларимиз улуғ, қалбимиздаги ёруғ орзуларимиз рўёби учун белимизни маҳкам боғлаганмиз, шижоатимиз жўш уриб турибди. Тарихан қисқа даврда бошимизга тушган қийинчилик ва машаққатлар, табиий ва техноген офатлар, пандемия ва глобал инқироз оқибатларидан одамларимизнинг қадди букилиб, руҳи синиб қолгани йўқ, аксинча, бунёдкор халқ, бунёдкор миллат бўлиб майдонга чиқди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимизнинг онги, дунёқараши ўзгаргани, унинг қалбида ўзига, эртанги кунга ишонч пайдо бўлгани — бу бизнинг энг катта ютуғимиз. Ўзини ўзгартира олган халқ, ҳеч шубҳасиз, ҳаётни ҳам, ижтимоий муҳитни ҳам ўзгартира олади, ўз мурод-мақсадларига албатта етади.
Ўткир РАҲМАТ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг