Бир дарахтнинг икки япроғи

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонқул Чотонов Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Ўзбекистон туманидаги “Бўстон” ва “Янгиҳаёт” маҳалласида аҳоли вакиллари билан самимий суҳбатлашди.
Янги авлод таълим-тарбия олаётган 62-умумтаълим мактабида ўтган мулоқотда тарихий илдизлар бир, қадрият ва анъаналари муштарак ўзбек ва қирғиз халқларининг кўп асрлик дўстлиги ҳақида сўз борди. Икки халқ азалдан бир дарахтнинг икки япроғи эканлиги таъкидланди.
Учрашувда мамлакатларимиз тинчлиги, ўзаро ҳамкорлиги, қардош халқлар ўртасидаги ҳурмат ва меҳр-оқибат, қадрдон дўстлик абадий бўлиши учун эзгу ниятлар билдирилди. Йиғилганлар ҳар икки халққа фаровонлик, келажагимиз ворисларига юксак марраларни забт этиши учун омад ва зафарлар тилади.
Элчи Дуйшонқул Чотонов туманда моҳир ҳунарманд сифатида танилган Муҳаббат Ғофурова корхонасида бўлди. Унинг раҳбарлигидаги “Мархаматхон устоз-шогирд” корхонасида ташкил этилган ишсиз хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолиятига юксак баҳо берди.
— Бир неча йилдан буён самарали фаолият кўрсатаётган корхонамизда қўй ва эчки жунидан ип йигириш ҳамда ранг бериш орқали гилам, шолча, ётоқхона чойшаблари сингари ўнлаб турдаги тикув-тўқувчилик маҳсулотларини тайёрлаймиз, — дейди М. Ғофурова. — Айни пайтда корхонада 60 нафардан зиёд хотин-қизлар касаначилик асосида ишга жалб этилган.
Юзма-юз мулоқот чоғида бир гуруҳ ҳунарманд қизлар марказни тамомлагани ҳақидаги сертификатни элчининг қўлидан қабул қилиб олди.
Шунингдек, вилоятга ташрифи доирасида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дуйшонқул Чотонов Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров билан ҳам учрашди.
Учрашувда Фарғона вилояти ҳамда Қирғизистон ўртасида ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларининг бугунги ҳолати ҳамда яқин истиқболга мўлжалланган режа-мақсадлар сарҳисоб қилинди.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг