Бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилган

19:57 24 Ноябрь 2021 Жамият
742 0

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йилнинг 6 ойида 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилган. Бу ҳақда Агентлик томонидан ўтказилган брифингда айтиб ўтилди.

Ўрганишлар мобайнида Жиззах вилоятида 19 та объектда 6,3 млрд. сўмлик қурилиш ишлари тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилганлиги, 941,1 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилганлиги, Андижон вилоятида 4 та объектда 57,9 млн. сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани, 1,4 млрд. сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилганлиги аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Хоразм вилоятида вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигидаги қиймати 20,4 млрд. сўмлик “Урганч шаҳридаги перинатал марказини реконструкция қилиш” объекти ўрганилганида тендер ғолиби бўлган ташкилот таъсисчиси Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари ва тендер комиссияси раисининг яқин қариндоши, яъни туғишган укаси эканлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, бюджет буюртмачилари томонидан қурилиш бўйича “dxarid.uz” ва “tender.mc.uz” порталида жойлаштирилган эълонлар жойларга чиққан ҳолда ўрганилганида, республиканинг 10 та вилоятида жами қиймати 81,9 млрд. сўмлик 137 та қурилиш объектларида танлов ва тендерлар юзасидан ғолиблар аниқланмасдан қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги ёки якунланганлиги аниқланиб, мазкур қонунбузишлар бўйича жами 28 та материаллар прокуратура органларига юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?