«Барселона» Лондондан мағлубият билан қайтди, «Байер» «Манчестер Сити»ни ишончли ҳисобда юта олди
Кеча, 25 ноябр куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг 3-тур ўйинлари старт олди. Кун доирасидаги муҳим баҳсларга алоҳида тўхталиб ўтамиз.
«Барселона» Лондонда мағлубиятга учради
«Барселона» клуби шу вақтга қадар 8 марта «Стэмфорд Бриж»да меҳмон бўлган бўлса, ушбу ўйинлардан фақат биттасида ғалаба қозонган. 2009 йилдаги машҳур баҳс эса ҳали ҳамон мухлислар ёдидан чиқмаган — ўшанда «Челси» ҳакам хатолари сабаб финалдан қуруқ қолганди. Қисқаси, Лондондаги «Стэмфорд Бриж» стадиони «кўк-анорранглилар» учун доим ҳам омадли бўлиб келмаган. Бу гал ҳам анъана давом этди.
Ўйин олдидан ҳар икки жамоада жиддий йўқотишлар бор эди. «Челси» сафида Коул Палмер, Раҳим Стерлинг, Леви Колвилл баҳсни ўтказиб юборди. «Каталонияликлар» сафида эса Марк-Андре тер Штегендан ташқари Педри ва Гави ҳам майдонга туша олмади.
Ҳимоячилар сафга қайтганига қарамай, «Барселона»нинг айнан мудофаа чизиғи бу мағлубиятда асосий айбдор бўлди.
Учрашувда ҳисоб 27-дақиқада очилди. Кукурелья қанотдан кириб бориб тўпни марказга узатди ва бу вазиятда ҳимояда турган Жюль Кунде ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. 44-дақиқада эса Роналд Араухо қўпол ўйин сабаб майдондан четлатилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда 10 киши бўлиб ҳаракат қилган меҳмонлар асосан қарши ҳужумларга суянди. «Челси» эса қамалини сусайтирмади ва 55-дақиқада ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Балде ва Кубарсини ортда қолдирган Эстевао тўпни дарвозага йўллади.
73-дақиқада ўйиндаги сўнгги гол киритилди — захирадан тушган Лиам Делап ҳам ўз ҳисобига битта гол ёзиб қўйди. Шундай қилиб, «Барселона» яна бир бор ўзи учун хосиятсиз бўлган аренада йирик мағлубиятни қабул қилиб олди.
«Челси» — «Барселона» 3:0
Голлар: Кунде 27 (автогол), Эстевао 55, Делап 73
«Челси»: Санчес, Густо (Андрей Сантос, 46), Фофана, Чалоба, Кукурелья, Жеймс, Кайседо, Эстевао (Жорж, 84), Фернандес, Гарначо (Делап, 59), Нету (Гиттенс, 76)
«Барселона»: Жоан Гарсия, Эрик Гарсия, Кунде, Балде (Жерар Мартин, 79), Араухо, Кубарси, Ферран (Рэшфорд, 46), Левандовски (Рафинья, 62), Фермин Лопес (Кристенсен, 62), Де Йонг, Ямал (Олмо, 80)
Огоҳлантиришлар: Густо 40, Мареска 52 — Араухо 32
Четлатиш: Араухо 44 (иккинчи сариқ карточка)
«Ювентус»дан навбатдаги ғалаба
Тур доирасидаги яна бир баҳсда «Ювентус» клуби «Будё-Глимт» меҳмони бўлди. Аммо ўтган мавсумда сенсация яратган норвегияликлар бу гал ҳам Италия грандига муносиб қаршилик кўрсата олди.
Зарба статистикаси деярли тенг бўлган бўлса-да, аниқ зарбалар бўйича Лучано Спалетти шогирдлари устунлик қилди. Бунга «Будё-Глимт» посбони Никита Ҳайкиннинг 12 та сэйви ҳам далил.
Учрашувда ҳисоб 27-дақиқада очилди — Оле Дидрик Блумберг мезбонлар сафидан тўп киритди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
48-дақиқада Лоис Опенда ҳисобни тенглаштирди. Орадан 10 дақиқа ўтиб, Вестон Маккенни «Ювентус»ни 2:1 ҳисобида олдинга олиб чиқди.
87-дақиқада сўнгида Сондре Фет пеналтидан гол уриб, ҳисобни 2:2 қилди.
Барча нарса дурангга ўхшаб бораётган эди, аммо 90+1-дақиқада Жонатан Дэвид ғалаба тўпини киритди. Якуний ҳисоб — 2:3 «Ювентус» фойдасига.
«Будё-Глимт» — «Ювентус» 2:3
Голлар: Блумберг 27, Фет 87 — Опенда 48, Маккенни 59, Дэвид 90+1
«Ювентус»: Перин, Копмейнерс, Келли, Калулу, Локателли, Адзич (Йилдиз, 46), Миретти (Тюрам, 68), Консейсау (Жегрова, 83), Камбьяззо (Кабал, 75), Маккенни, Опенда (Дэвид, 75)
«Манчестер Сити» Германияда мағлуб бўлди
«Манчестер Сити» яқин 5–6 йилда Германия клубларига қарши жуда кўплаб ўйинлар ўтказди. Уларнинг асосий қисмидан жамоа катта устунлик билан ғалаба қилди. Ҳисоб 4:0, 5:0 билан тугаган ўйинларни ҳам кўрдик. Лекин бу гал Гвардиола шогирдлари кутилмаган ҳолда ўз майдонида Леверкузеннинг «Байер» жамоасига мағлуб бўлдилар.
Ушбу учрашув ўзбекистонлик футбол мухлислари учун Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркибда майдонга тушиб, 65 дақиқа ўйин ўтказгани билан алоҳида аҳамият касб этди.
Учрашув олдидан «Манчестер Сити» жамоаси таркибида катта ротациялар амалга оширилди. Доннарумма, Черки, Фоден, Доку, Ҳоланд каби футболчилар захирада қолдирилди. Улар майдонга ташланган вақтда эса ўйинни қутқариб қолишга кеч бўлганди.
Учрашувда ҳисоб 23-дақиқада очилди. Кристиан Кофаненинг узатмасидан сўнг, Алехандро Грималдо ўз номини таблога ёздириб қўйди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимнинг 54-дақиқасида ҳисоб ишончли кўринишга етди. Иброҳим Мазанинг узатмасидан кейин Патрик Шик жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди.
Буёғига «манчестерликлар“ қанча ҳаракат қилмасин, ўйинни қутқариб қолишнинг иложи бўлмади. Якуний ҳисоб 0:2, “немислар“ фойдасига.
«Манчестер Сити» — «Байер» 0:2
Голлар: Грималдо 23, Шик 54
«Манчестер Сити» – Траффорд, Абдуқодир Ҳусанов (Черки, 65), Стоунз, Аке, Аит-Нури (ОʼРайли, 46), Левис (Фоден, 46), Нико, Рейндерс, Бобб (Доку, 46), Савинио, Мармуш (Ҳоланд, 65)
«Байер» – Флеккен, Баде, Тиллман, Куанса, Шик, Поку, Грималдо, Гарсия, Маза, Кофане (Телла, 83), Белосян.
Огоҳлантиришлар: Грималдо 60, Кофане 78
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг