Бахтли ҳаётимиз ва нурафшон эртамиз тимсоли

Раҳматжон БОБОЖОНОВ/“Халқ сўзи”. Жонажон юртимизнинг бой тарихи, миллий қадрияту анъаналари, халқимизнинг асрий орзу-истаклари, озод ва бахтли ҳаётни ўзида мужассам этган давлатимиз байроғи мусаффо осмонимиз узра мағрур ҳилпирай бошлаганига 33 йил тўлди.
1991 йил 18 ноябрь... Бу сана мамлакатимиз тарих китобига зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. Айни шу йил истибдод остида кун кечираётган юртимиз, эркинлиги тортиб олинган халқимиз истиқлолга эришган ва бунга боғлиқ равишда янги миллий рамзлар яратилишига зарурат туғилганди. Орадан кўп ўтмай, юқоридаги санада “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.
Шу тариқа, она Ватанимиз тинчлиги ва эркинлиги, элимизнинг иноқ ва бардамлиги, гўзал мақсаду ниятлар рамзи саналган байроқ яратилди. Мана 30 йилдан ошдики, ушбу кун юртимиз бўйлаб улуғ шодиёна сифатида нишонланиб, кўнгилларга шукуҳ ва кўтаринкилик бағишлаб келади.
Куни кеча ҳам мазкур сана муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудида маънавий-маърифий тадбирлар, акциялар, мусиқий байрам кечалари, ёшлар марафонлари ва парадлар бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги “Ёшлик” талабалар шаҳарчасида ҳам эрта тонгдан мусиқа садолари янгради. Қўлларда юрт байроғи, юракларда ишонч, кўзларда севинч нашъаси...
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Тошкент ёшларни севади” лойиҳаси доирасидаги ушбу йирик тадбир ҳам ёшликка хос жўшқинлик, завқу шавқ, аъло кайфиятда бошланди. Унда талаба-ёшлар, маънавият тарғиботчилари, устозу мураббийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда байроғимизда миллий-тарихий анъаналаримиз, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бой маданиятимиз, поклик, беғуборлик, гўзаллик, яхшилик, донишмандлик, шон-шуҳрат ва садоқат каби буюк фазилатларимиз ўз ифодасини топгани ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Байроғимиз — ҳурлигимиз, кўҳна тарихимиз, эзгу ва покиза интилишларимиз, юртимиздаги янгиланиш жараёнларининг ўзига хос кўзгуси. Ўтмишдан маълумки, давлат байроғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи сифатида эъзозланган. Жангу жадалларда мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли, баҳодир, садоқатли ўғлонларга туҳфа этилган. Айни пайтда ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғусини уйғотиш, юртга дахлдорлик ҳиссини оширишда шундай тадбирларнинг ўрни катта.
— Мусаффо осмонимиз узра шамоллар эркалаётган, эмин-эркин ҳилпираб турган азиз байроғимиз ҳар биримиз учун қадрли, — дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Нилуфар Эргашева. — Айниқса, у халқаро анжуманлар ва спорт мусобақаларида бўй кўрсатса, қалбларимизда чексиз фахр-ифтихор туйғуси жўш уради, кўзларимиз намланади, эрта учун ишончимиз ортади. Истаймизки, дориломон кунлар нафаси ҳаётимизни тарк этмасин, юртимиз ривожланишда давом этсин ва, албатта, буларнинг жонли тимсоли сифатида байроғимиз ҳилпираб тураверсин.
Тантанали тадбирда она диёримиз, истиқлолимиз, самимий ва беғубор туйғуларни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
Куннинг иккинчи ярмида — шов-шувларга сабаб бўлган рекорд даражадаги 100 метрлик давлатимиз байроғи “Янги Ўзбекистон” боғида тантанали равишда “кутиб олинди”.
Қайд этиш жоизки, ушбу ўзига хос лойиҳа доирасида миллий туғимиз ҳамюртларимиз қалбини фахру ифтихорга тўлдириб, Хоразмдан то азим пойтахтимизгача бўлган масофани босиб ўтди. Қувонарлиси, у ҳар бир вилояту шаҳар, хусусан, қадимий масканларимиз — Ичан-қалъа, Бухоро арки, Регистон майдонларида кўтаринки руҳ билан “кутиб олинди”. Айниқса, мазкур жойларда меҳмон бўлиб турган хорижликлар бу жараёнларни катта қизиқиш билан кузатиб туришди.
Шунингдек, Тошкентнинг “Янги Ўзбекистон” боғидан Махтумқули кўчаси чорраҳасигача бўлиб ўтган “Миллат байроғи” шиори остидаги автопарад ҳам кўнгилларга унутилмас лаҳзаларни муҳрлади.
Дарҳақиқат, санага оид тадбирлар чин маънодаги шодиёнага айланди. Азим пойтахтимиздаги йирик дам олиш ҳамда савдо мажмуаларида байроғимиз тасвири акс этди, жамоат транспортларида тасмалар, байроқчалар тарқатилди. Қисқача айтганда, азиз диёримизнинг ҳурлик ва осойишталик рамзи мағрур ҳилпираб кўнгилларга яна бир бор илиқ насимлар бахш этди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг