Аёл қалбидаги умидлар

15:16 16 Февраль 2026 Жамият
283 0

Улар пойтахтдаги олий ўқув юртида таҳсил олишди. Бир-бирларига кўнгил қўйдилар. Қиз Бухородан, йигит эса Сурхондарёдан. Тўй бўлди. Бирин-кетин беш фарзанд туғилди. Дунёда улардан бахтлироқ оила йўқ эди.

Аммо ногаҳон келган дард Матлабнинг турмуш ўртоғини тўшакка михлаб қўйди. Рўзғор ташвишлари, қайнона-қайнота хизмати, бола тарбияси аёл зиммасига тушди. Аммо у қийинчиликларга бўйин эгмади. Умр йўлдошининг оёққа туриб кетишига умид боғлаб яшади.

Таассуфки, уни олдинда тақдирнинг бешафқат зарбаси кутиб турарди. Муолажаларга қарамай эрининг дарди ортга чекинай демади. Сокин тонгларнинг бирида Олтинсойда умргузаронлик қилаётган бу хонадондан дод-фарёд товуши эшитилди. Суйгани, не-не умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган кишиси қайтмас бўлиб кетди. Бири-биридан ширин болаларининг дийдорига тўймай кетди. Аёл қанотидан айрилган қушдек бўлиб қолди. Ўшанда тўнғичи 8 ёш, кенжаси эса 8 ойлик чақалоқ эди.

Орадан уч йил ўтди. Аёл болаларини олиб Ромитанга – она қишлоғига қайтди. Меҳр – оқибат кўнгил жароҳатига энг яхши малҳам. Отаси, қариндошлар, қўни-қўшни унга ҳашар йўли билан уй-жой тиклаб бердилар.

– Қийин кунларда яқинларимнинг мададини ҳис этиб яшадим, – дейди Матлаб Кенжаева бундан 23 йил олдинги оғир кунларни эсга олиб. – Янги уйга кўчиб ўтдик. Болаларимнинг олди мактабга, кичиклари боғчага қатнай бошлади. Маҳалла фуқаролар йиғинига котиб бўлиб ишга кирдим. Бу менга катта куч берди. Боқувчисини йўқотган, ногирон, якка-ёлғиз инсонларга имкон қадар кўмаклашганимда аллақандай енгил тортардим. Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қил, деганларидек, фарзандларимнинг эртасини ўйлаб яшадим.

Худди шу туйғу кейинчалик туман хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси сифатида ишлаганида ҳам, туман маданият бўлимига раҳбар бўлиб фаолият кўрсатганида ҳам уни тарк этмади. Сўнг қаҳрамонимизни “Атторон” маҳалласи раиси этиб сайлашди. Шунда ҳам кечани кеча, кундузни кундуз демади. Фермер хўжалигидан ижарага ер олиб, пахта етиштирди. Баҳорда ипак қурти боқди. Фарзандларини меҳнатга, ҳалол ишлаб ризқ-рўз топишга ўргатди. Сурхондарёни, бу серқуёш заминдаги турмуш ўртоғининг қон-қариндошларини йўқлаб туришни ҳам унутмади.

– Бугун у сабр-бардош, тоқат, қаноат, матонат, меҳнат ортидан келган мевадан баҳраманд бўлиб яшамоқда, – дейди меҳнат фахрийси Зуҳра Қурбонова. – Туманимизда турмуш қийинчиликларини енгиб, эртанги кунга ишонч билан яшаётган бундай аёллар кўп. Мен улар тақдирини, умр йўлини айрим ёшларимизга ибрат, ўрнак қилиб кўрсатган бўлур эдим.

Зуҳра опа ҳақ. Баъзи йигит-қизларда сабру қаноат, шукроналик, ўзаро ишонч, бағрикенглик фазилатлари етишмаётгандек туюлади. Шу боисдан ҳам улар қурган оила кемаси ҳаёт деб аталмиш денгиз пўртаналари олдида дош бера олмай чил-парчин бўлаяпти. Ўтган йилнинг ўзида биргина Бухоро шаҳрида 250 тадан зиёд ажрим рўй бергани, ўнлаб болалар тирик етим қолгани шу фикр исботи эмасми?

Яна Матлаб Кенжаеванинг оиласига қайтамиз. Бу матонатли юртдошимиз қалбидаги орзу-умидлар тобора палак ёзмоқда. Қизларини турмушга узатиб, ўғил уйлантирди. Бири ўқитувчи, бири шифокор, яна бири муҳандис. Шириндан шакар невараларини айтмайсизми?

Шундай ёруғ кунлар қадрига етиб, нурли орзу-умидлар билан яшаганга нима етсин?!

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?