Асаларичилар коронавирусга чалинишмайди(ми?)

11:43 25 Август 2020 Жамият
1405 0

Юз қути асалари оиласини парвариш қилган ўттиз кишилик хонадоннинг рўзғори бут, дасти ҳам узун бўлади. Шофиркон тумани Гулистон маҳалласида яшовчи Баҳодир Назаровнинг бунга ишончи комил.

— Бизни асаларичилар сулоласи деб айтиш мумкин, — дейди у. —​ Отам Халлоқ бобо 1965 йилдан бошлаб шу иш билан шуғулланишга киришганлар. У кишидан биз, ака – укалар асаларичиликни ўрганиб асло кам бўлганимиз йўқ. Бугунги кунга келиб асалари оилалари сонини 100 қутига етказдик. Хонадонимизда жами ўттиз нафар жон бор. Шукр, барча орзу-ҳавасларимизга шу асаларичилик ортидан етяпмиз.

Маҳалладагиларнинг айтишларича, Назаровлар хонадони аъзоларини қачон кузатманг худди чумолидек, аниқроғи, асаларидек тиним билмай меҳнат қилишаётганини кўрасиз. Тўғрида, ҳузур-халоватнинг ўзи келмайди. Айтмоқчи, ака-укалар асалари боқиш учун зарур барча жиҳозларни ҳам ўз қўллари билан тайёрлашади.

—​ Яқинда Самарқанднинг Нурободида бўлиб қайтдик, —​ давом этади Баҳодир.—​ Асалариларимиз у ердаги оқбуран, жинжак деган доривор гиёҳлар гулидан шира йиғди. Сизга айтар бўлсам, ҳозир асалнинг бозори чаққон.Биз сотаётганда асалга инсоф билан нарх қўямиз. Ҳозир ундан ҳамма баҳраманд бўлсин, деймиз.Чунки асал киши иммунитетини мустаҳкамлайди. Коронавирус деганлари иммунитети бақувват кишига яқин йўламайди.

Асаларининг чақиши ҳам инсон организми учун фойдали эканлиги фанда аллақачон ўз исботини топган. Қизиғи, дунё олимлари қатор касб эгалари ҳаёти, турмуш тарзини кузатиб,яна бир ҳолатни алоҳида эътироф этишмоқда. Асаларичилар коронавирусга деярли чалинишмас экан. Бунинг таҳлилини мутахассислар ҳукмига ҳавола этайлик-да асал, шунингдек, асал муми, она асалари сути, прополисидан истеъмол қилиб турайлик.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?