Ар-Риёдда Россия ва АҚШ 12 соат музокара ўтказди. Томонлар нималарга келишди?

01:11 25 Март 2025 Дунё
438 0

Иллюстратив фото

Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Россия ва АҚШ делегацияси Украина масаласида навбатдаги музокараларни ўтказди. ОАВ воситалари хабарларига кўра, мулоқот 12 соатдан кўпроқ вақт давом этган. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлигининг Кремль пули журналистларининг Телеграм-каналида хабар берилди.

Аввалроқ, ТАСС агентлиги Россия — АҚШ делегацияларининг Ар-Риёддаги музокаралари томонлар қўшма баёнот матни бўйича келишиб олганидан кейин якунланиши ҳақида хабар берган эди.

Россия томонидан музокаралар столида Федерация Кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси Григорий Карасин ва Федерал хавфсизлик хизмати директори маслаҳатчиси Сергей Беседа иштирок этди.

Учрашувда АҚШ томонидан Давлат департаментининг сиёсатни режалаштириш бўйича директори Майкл Антон, шунингдек, Украина бўйича махсус элчининг ёрдамчилари Кейт Келлог ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолтц қатнашди.

Бир кун аввал сенатор Григорий Карасин Россия делегацияси «олдинга бориш»га умид қилаётганини ва Россия Федерациясида Москва «тўғридан-тўғри ишламоқчи» бўлган масала борлигини айтганди.

Аввал сулҳ, кейин...
Россия ва Украина ўртасидаги келишмовчиликларни фақат ўт очишни тўхтатишдан кейин муҳокама қилиш мумкин бўлади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Тэмми Брюс маълум қилди.

“Бизни [тинчлик сари] олиб борадиган ягона нарса бу бўлиб ўтаётган музокаралар, ҳозир Саудия Арабистонида бўлаётган техник муҳокамалар, президентлар ўртасидаги, дипломатик суҳбатлардир. Биз эртанги кун ҳақида гаплашганда фақат шу ҳақда ўйлаймиз», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда АҚШ ва Россия вакиллари савдо фаолиятини тиклаш мақсадида Қора денгизда мораторий жорий этиш масаласини муҳокама қилмоқда.

“Украина можаросининг ҳудудий ва бошқа масалалари муҳокама қилиняптими?”, деган саволга Брюс томонлар ўртасидаги келишмовчиликлар сулҳ ўрнатилгандан кейин муҳокама қилинишини айтди.

«Тўлиқ оташкесим мавжуд бўлганда, биз келишмовчиликлар ва барқарор тинчликка эришиш учун нима бўлишини муҳокама қилишимиз мумкин», дейди у.

Брюснинг таъкидлашича, ҳозирги маъмуриятнинг ёндашуви АҚШнинг аввалги раҳбариятидан фарқ қилгани учун кўп муҳокама ва мунозаралар давом этмоқда.

“Биз қилмоқчи бўлган ишимизнинг моҳияти, олдимизда турган нарса — минтақада тинчлик ўрнатиш бўйича музокаралар. Президент ва Давлат котиби айнан шу нарсага эътибор қаратмоқда”, — дейди у.

Зеленский қандай муносабатда?
Украина президенти Владимир Зеленский Ар-Риёддаги Россия ва АҚШ ўртасидаги музокаралар ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Телеграм каналида эълон қилинган видеомурожаатида айтиб ўтди.

У ўз нутқида Москва вакилларини «уруш жамоаси» деб атади, бироқ Вашингтонни Россия билан музокаралар учун қораламади.

“Кеча АҚШ жамоаси билан учрашув бўлиб ўтди. Бугун АҚШ вакиллари уруш жамоаси билан — Россия вакиллари билан суҳбатлашди. Шундан сўнг Украина ва Америка жамоалари ўртасида яна бир учрашув бўлиб ўтади», — деди у.

Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Украинадаги можарони ҳал қилиш ҳақида гапириб, “Бу урушни ҳарбий йўл билан тўхтатиб бўлмайди, уни музокаралар йўли билан тугатиш керак”, деганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?