Андижон вилоятида турар-жойларга оид кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари самарали ташкил этилмоқда
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг Андижон вилояти бошқармалари томонидан ташкил этилган бу галги матбуот анжумани ноодатий тарзда ўтди. Унда ҳисобот берувчи масъуллардан кўра, турар-жой биносига нисбатан кадастр ҳужжатларини расмийлаштирган ёки ушбу жараёндан фойдаланган фуқароларнинг иштироки кўпроқ бўлди.
— Ҳозирги уйимда 50 йилдан ортиқ вақт давомида яшаб келаётган бўлсам-да, унга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи кадастр ҳужжатим йўқ эди, — дейди Булоқбоши туманидаги «Гулистон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Холисхон Хайитова. — Ваҳоланки, коммунал хизматлар, мерос масалаларида бу ҳужжатнинг аҳамияти жуда катта. Муаммомни кадастр идораси ходимларига айтганимда, улар ўзлари келиб, барча ўлчов ишларини амалга оширишди ва қисқа муддатда уйимнинг асосий кадастр ҳужжатини тайёрлаб беришди. Бунинг учун ҳатто бирор идорага боришимга ҳам тўғри келмади. Давлат идораларининг фуқароларга хизмат қилиши, назаримда, айнан шу тарзда бўлиши керак.
Дарҳақиқат, бугунги кунда турар-жойга эгалик ҳуқуқини расмийлаштириш билан боғлиқ кадастр ҳужжатлари ҳар бир фуқаронинг диққат марказида. Ўтган йили Андижон вилоятида ушбу масала юзасидан келиб тушган мурожаатларнинг 86 минг 378 таси ижобий ҳал этилгани ҳам бунга яққол мисолдир. Жорий йилда эса 161 та маҳаллада хатлов ишларини амалга ошириш орқали фуқароларнинг бу каби мурожаатларини қаноатлантириш режалаштирилган.

— Фуқаролар ўртасида кадастр ҳужжатларининг аҳамияти ва ҳуқуқий мазмунини тушунтириш мақсадида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бормоқдамиз, — дейди Кадастр агентлиги Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Фаёзиддин Бердиқулов. — Шунга қарамай, ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ва ноқонуний қурилиш ишлари ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Хусусан, 2025 йил давомида 7 минг 208 та ҳолатда 508,6 гектар ер майдони қонунга хилоф равишда ўзлаштирилгани аниқланди. Айни кунга қадар ушбу ҳолатларнинг қарийб 90 фоизи бартараф этилиб, ерлар асл ҳолатига қайтарилди.
Республикамизда ҳар бир қарич ер давлат ҳисобида туриши — ундан оқилона ва самарали фойдаланиш имконини беради. Шу боис аҳоли ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилган ҳолда кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришни фуқаролик бурчи, деб билиши мақсадга мувофиқ.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг