Амирнинг Ялтадаги саройи

13:40 19 Февраль 2026 Жамият
381 0

Бутун бошли бир авлод онгу шуурига ўтмишдаги ҳукмдорларнинг аксарияти нодон ва саводсиз, жоҳил бўлган, ўз кайфу сафоси билан яшаган, деган тасаввурларнинг сингдирилгани бугунги кунда сир эмас. Ваҳоланки, тарихий манбалар бундай қора бўёқдан иборат фикрларни инкор этади. Дейлик, 1885 – 1910 йилларда ҳукмронлик қилган амир Абдулаҳадхон фиқҳ, мантиқ, фалсафадан яхшигина хабардор бўлган, “Ожиз” тахаллуси билан шеърлар ёзган. Шеърларидан намуналар XIX асрда яшаган Ҳожи Неъматулла Муҳтарамнинг “Тазкират ул – ашъор” асарига киритилган.

Амир Абдулаҳадхон Макка ва Мадинада меҳмонхона, хонақоҳ, работ, мадраса, масжид, савдо дўконлари қурилишига ҳомийлик қилганини архив манбалари орқали билиш мумкин. У шу тариқа ҳаж зиёратини адо этувчиларга қулайлик яратган. Биламизки, у бошқараётган амирлик ҳудуди ўшанда ярим мустамлака эди. Шунга қарамай, Абдулаҳадхон рус подшолари Александр III ва Николай II билан яқин элчилик ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади. Улардан Россиянинг турли шаҳарларида масжид ва бошқа иншоотлар қуришга рухсат олади. Санкт – Петербург шаҳрида бунёд эттирган масжидни мисол тариқасида келтириш мумкин. Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматида халқ маорифи нозири вазифасида ишлаган ва 1922 – 1923 йилнинг қишида Россия бўйлаб саёҳат қилган Қори Йўлдош Пўлатов ўзининг “Йўл хотиралари” асарида амирнинг бу хайрли иши ҳақида тўхталаркан, “Агар Абдулаҳадхон масжид олдида Россиядаги мусулмон талабалар учун мадраса барпо этганида нур устига аъло нур бўлар эди”, дея ёзиб қолдирган.

Энди эса бевосита амирнинг Ялтадаги саройига тўхталмоқчимиз. Ўтган асрнинг 20 – йилларида Москвадаги Бухоро билим юртида таҳсил олган Қодирқул Абди Наби исм-шарфли кишининг ёзишича, Ялта саройи Қора денгиздан икки чақирим узоқликдаги баланд бир тепаликда бунёд этилган. Муаллиф ҳозирги “Бухоронома”нинг ўтмишдоши саналган “Озод Бухоро” газетасининг 1924 йил 21 август сонида чоп этилган мақоласида амир бу сарой қурилиши учун хорижий муҳандислар хизматидан фойдалангани, уч қаватли бинони бунёд этишда бухоролик ўнлаб ҳунармандлар ҳам иштирок этганини таъкидлайди. Хоналари деворига анвойи гуллар чизилиб, шарқона руҳ берилган сарой атрофидаги ер ҳам амир томонидан сотиб олинган. Бу ҳудудда боғ ҳамда гулзорлар, шунингдек, Туркистон табиатида учрайдиган ёввойи ҳайвонлардан иборат ўзига хос зоопарк барпо қилинган.

Жаннатмонанд бу мажмуанинг таассуфки, тақдири силлиқ кечмади. 1920 йилнинг сентябрида амирлик тузуми қулатилгач, ўрнига Бухоро Халқ Совет Республикаси ташкил топди. Натижада БХСР хориждаги иншоот ва мол-мулклар меросхўри бўлиб қолди. Аммо Россияда 1917 йил октябридаги большевиклар тўнтариши, фуқаролар уруши, қолаверса, миллий ўлкаларга паст назар билан қараш оқибатида Ялтадаги сарой қаровсиз ҳолга тушди. Ундаги осори атиқалар талон-тарож қилинди.

Тўғри, БХСР ҳукумати қараб тургани йўқ. Хориждаги мулкни Бухорога қайтариш билан шуғулланувчи махсус комиссия тузилди. Саъй-ҳаракатлар натижасида Ялтадаги амир саройини БХСР ихтиёрига бериш тўғрисида қарор ҳам чиқаришга муваффақ бўлинди. Саройни таъмирлаш, ташиб кетилган ёки ўғирланган буюмларни топиш, янгиларини келтириб қўйиш, сарой атрофидаги боғларни қайтариб олиш сари дастлабки қадамлар қўйилди. Мақсад бу сўлим гўшани туркистонликлар, жумладан, бухоролик оддий халқ вакиллари, мулозимлар ва талабалар ҳордиқ чиқарадиган масканга айлантирмоқ эди. Бироқ талатўплар даври тугамаган, олдинда Ўрта Осиёни миллий давлат чегараланиши билан боғлиқ воқеалар кутаётганди. Оқибатда ниятлар рўёбга чиқмай ора йўлда қолиб кетди.

Шодмон ҲАЙИТОВ,

Бухоро давлат университетининг

Жаҳон тарихи кафедраси профессори,

тарих фанлари доктори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?