Амирни мутаасир қилган ёхуд Бухорони тараннум этган қасида
Фото: «Халқ сўзи»
Шарқ мумтоз адабиётида ёрқин из қолдирган Абу Абдулло Рудакийнинг номи шеърият мухлисларига яхши таниш. Манбаларда, жумладан, Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асарида ёзилишича, Рудакий кўзи ожиз туғилган, саккиз яшарлигидаёқ Қуръонни ёд олган, зийраклиги билан ажралиб турган, уд созини қойилмақом чалган, ширали овози бўлган. Айнан шу фазилатлари боис Сомоний ҳукмдор – Амир Наср ибн Аҳмад уни ўз қаноти остига олган.
Айрим манбаларда қайд этилишича, Амир Наср ибн Аҳмад Бухородан Марвга сафар қилади ва бу воҳанинг гўзал табиатига маҳлиё бўлиб узоқ қолиб кетади. Бухорога қайтиш ўй – хаёлидан кўтарилади.
— Шунда ҳукмдор аъёнлари шоир Рудакийга юзланиб, Наср ибн Аҳмадда Бухорога қайтиш ҳиссини уйғота оладиган қасида битиб, уд билан куйлаб беришни илтимос қиладилар, — дея ёзади узоқ йиллар давомида Бухоро давлат университетида фаолият кўрсатган таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор Охунжон Сафаров. — Шоир рози бўлади. Бир куни эрталаб подшоҳ ёнида турган Рудакий ўзи ёзган шеърни уд жўрлигида қўшиқ қилиб айтади. Шунда гўёки мўъжиза рўй беради. Бухоро тараннумини эшитган Амир ғоят мутаасир бўлади ва этигини ҳам киймай, шитоб билан Бухоро сари йўл олади.
Сўз қудрати, шеър жозибаси бундан зиёд бўлиши мумкинми?!
Сомонийлар ҳукмронлиги даврида битилган Бухоро ҳақидаги бу қасиданинг ёзилганига минг йилдан зиёд вақт ўтди. Аммо у сўз санъатининг юксак намунаси сифатида ҳалигача оҳорини йўқотган эмас. Йўқотмайди ҳам.
Қуйида шу қасиданинг бухоролик шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Самандар Воҳидов томонидан қилинган таржима вариантини эътиборингизга ҳавола этамиз:
Мўлиённинг хуш ҳиди келгай буён,
Эсга тушгай ёди ёри меҳрибон.
Ҳам Амунинг қумлари, қумлоқ йўли
Пойимизда ёйилар бахмалсимон.
От белидан паст тушар Жайхун суви
Дўст висолини хаёл қилган замон.
Эй Бухоро, шод бўлу мангу яша,
Шоҳ борар бағрингга яйраб шодмон.
Шоҳ агар Ойдир, унинг осмони сен,
Ой борар осмон- Бухорога томон.
Шоҳ агар сарвдир, унинг бўстони сен,
Сарв борар бўстон — Бухорога томон.
Мадҳу таърифдан бутун етгай ҳаён,
Гарчи ганжга етса — да ундан зиён.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг