Амалдаги тартиб қонунбузарликларга маълум маънода имкон яратмоқда
Бош прокуратура ҳокимликлар захирасидаги қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва уларда ноқонуний қурилган уй-жой, бино, иншоот ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш билан боғлиқ амалиётни таҳлил қилди.
Хўш, натижа қандай? Афсуски, яхши эмас. Таҳлилларга кўра, 3 884 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланган, 6 024 гектарида ноқонуний қурилишлар амалга оширилган, 9 741 гектаридан самарасиз ва 1 418 гектаридан мақсадсиз фойдаланилган.
Биргина Тошкент вилоятида 11 590 та ҳолатда 1 450 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланган, 9 713 та ҳолатда 855 гектар ерда ноқонуний қурилиш қилинган.
Бош прокуратура томонидан бу борада ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланган муаммолар ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, мамлакат иқтисодиётининг таянчи бўлган ер ресурсларини талон-торож қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларини қайтариш ва бундай ерларда ноқонуний қурилган уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини бузишга оид ишларни судда кўриб чиқиш тартиблари соддалаштирилмоқда.
Чунки қонун ҳужжатларида кўзда тутилган амалдаги тартиб ердан фойдаланишдаги қонунбузарликларга маълум маънода имкон яратмоқда.
Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 91-моддасига ҳамда Фуқаролик процессуал кодексининг “Суд буйруғи” деб номланган 18-бобига қўшимчалар киритиш назарда тутилган.
Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришларга кўра, ўзбошимчалик билан эгалланган ерларни ер эгасига, ердан фойдаланувчига, ер участкаси ижарачисига ёки мулкдорига қайтариш ва ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги масалалар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилади.
Ваҳоланки, бу борадаги амалдаги тартибга мувофиқ, битта ноқонуний қурилмани буздириш ҳақидаги ҳал қилув қарори Мажбурий ижро бюросига келиб тушиши учун ўртача 80 кун муддат талаб этилади.
Бу эса, ноқонуний қурилиш у бошланган вақтда аниқланган тақдирда ҳам давом этишига шароит яратмоқда, келгусида уни қонуний асосларда бузиш жараёнида мулкдор ҳамда ваколатли органлар ўртасида тушунмовчилик ва зиддиятни юзага келтирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Тошкентда туннель девори ўпирилиб тушди
- Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
- Уюшган жиноятчилик ва кибержиноятларга қарши курашиш такомиллаштирилади
- АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемаларни кузатиб боришни бошлаши мумкин
- 14 март куни кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг