2026 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги 300 километр йўлларда реконструкция ишлари якунланади
Фото: Президент матбуот хизмати
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таҳлилига кўра, сифатли йўллар иқтисодиётимизнинг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида шу хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
Автомобиль йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади.
Бунда Андижон билан Қўнғиротни, Тошкент билан Термизни, Самарқанд билан Шаҳрисабзни, Олот билан Сариосиёни боғлайдиган, узунлиги 4 минг километр магистраль йўллар халқаро талабларга мос «автобан»ларга айлантирилади.
2026 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги 300 километр йўлларда реконструкция ишлари якунланади.
Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ, Пунғон – Наманган ва Қарши – Шаҳрисабз йўналишида юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган 800 километр йўллар қурилиши бошланади.
Энди йўлларни лойиҳалаштиришда аҳолининг фикри, транспорт қатновининг атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш, пиёдалар учун «тўсиқсиз» муҳит яратиш бўйича қатъий талаблар қонун даражасида мустаҳкамланади.
Аҳоли даромади, хорижий сайёҳлар оқими тобора ортиб бораётгани келгуси беш йилда озиқ-овқатга бўлган талабни 1,5 карра оширади.
Шунинг учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ҳозирги 40 миллиарддан 60 миллиард долларга етказиш бўйича катта марра олинмоқда.
Бозорларимизни асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан бутун йил давомида барқарор нархда таъминлаш учун 2026 йилдан доимий интервенция тизимига ўтилади.
Ҳудудлардаги «Озиқ-овқат жамғармалари»га ажратиладиган ресурс 2,5 баробар кўпайтирилиб, 500 миллиард сўмга етказилади.
Шунингдек, мева-сабзавотга ихтисослашган 1 мингта маҳаллада сиғими 100 тоннагача бўлган кичик совиткичли омборлар барпо этилади.
Бу ишлар келгуси йил инфляция даражасини 6-6,5 фоизга туширишга хизмат қилади.
Касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш келгуси йил учун дастурнинг тўртинчи устувор йўналишидир.
Ҳозирги вақтда янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект таъсирида дунёда иш ўринларининг сони, шакли ва мазмуни кескин ўзгармоқда.
Яқин беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилади, 50 фоизи бўйича эса янги малакалар талаб қилинади.
«Бу жараёнлар бизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Саноатда автоматлашган линиялар, аграр соҳада ақлли технологиялар, транспортда интеллектуал бошқарув кундалик ҳодисага айланиб бўлди.
Эндиликда мамлакатимиз меҳнат бозори мутлақо янги архитектура асосида – касб, малака, технология ва таълимни бирлаштирадиган ягона механизм сифатида ишлаши зарур», деди Президентимиз.
Яқинда техникумларга замонавий қиёфа ва янгича муҳит олиб кириш бўйича беш йиллик дастур тасдиқланди.
«Менинг ниятим – ёшларимиз талаб юқори бўлган касблар бўйича дунёда рақобатдош бўлсин, керак бўлса, бошқалардан бир поғона устун турсин. Ушбу мақсадга эришиш йўлида касбий таълимнинг энг муҳим бўғини бўлган техникумларни янги сифат босқичига олиб чиқамиз», деди Президентимиз.
Бунинг учун 2026 йилдан бошлаб ҳар йили камида 100 тадан техникум тўлиқ таъмирланиб, технологик ва талаб юқори бўлган касбларга мос ҳолда жиҳозлаб борилади.
Германия, Швейцария, Буюк Британия, Хитой, Корея каби давлатларнинг илғор таълим дастурлари жорий қилинган техникумлар сони 100 тага етказилади.
2026 йилда 7 та вилоятда, 2027 йилда эса қолган ҳудудларда Илғор касбий маҳорат техникуми ва «Касблар шаҳарчаси» фаолияти йўлга қўйилади.
Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳудуддаги бошқа техникумлар учун методик ва амалиёт базаси сифатида фаолият юритса, «Касблар шаҳарчаси» мактаб ўқувчиларини қурилиш, сервис, қишлоқ хўжалиги, саноат, транспорт, «яшил» энергетика каби соҳалардаги замонавий касбларга йўналтиришга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилган шахслар QR-кодсиз фаолият юритса жаримага тортилади
- Хонанда Раҳматилло Юсупов 44 ёшда вафот этди
- Сизни ажаблантирадиган анъаналар. Дунё бўйлаб янги йил қандай нишонланади?
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг