140 минг камбағал оилага шифокор бириктирилади

12:55 17 Сентябр 2025 Сиёсат
152 0

Иллюстратив фото

Ўзбекистонда хотин-қизларни жамиятнинг фаол аъзосига айлантириш масаласи ҳам давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Бу ҳақда Президент Намангандаги халқаро форумининг очилишида айтиб ўтди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хотин-қизларга олийгоҳда ўқиш учун фоизсиз кредит ажратиш, магистратурада бепул таълим олиш тизими жорий этилди. Бугун талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда, шу йилнинг ўзида 1 миллион 700 минг аёл ишли бўлди.

Буни давом эттириб, “Рақамли авлод қизлари” дастури доирасида 50 минг нафар қизлар ахборот ва молия технологиялари, сунъий интеллектга ўқитилади.

“Хотин-қизлар жамиятнинг барча бўғинларида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш доимий эътиборимиз марказида бўлади.

Келгуси йилдан меҳнат бозорида аёллар учун тенг шароит яратиш мақсадида ижтимоий суғурта тизими қамровини кескин оширамиз. Бу уларнинг камбағалликка тушиб қолмаслигини кафолатлайди”, деди Президент ва барчани келгуси йилда Наманганда ўтадиган Осиё ишбилармон аёллар форумига таклиф қилди.

Президентимиз инсон саломатлигини муҳофаза қилмай туриб, унинг имкониятларини тўлақонли рўёбга чиқариб бўлмаслигини қайд этди.

Бу борада 140 минг камбағал оилага шифокор бириктириб, уларни йилига бир марта тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилди. Энди кафолатланган тиббий хизматлар кўпайтирилиб, камбағал оилаларнинг бунга сарф қиладиган харажати 2 карра қисқартирилади. Бунда уларга бепул дори ва кафолатланган тиббий хизматлар пакети тақдим этилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли билан манзилли ишлаш камбағалликка қарши курашда асосий йўналишлардан бири. Бу тизим тубдан ислоҳ қилиниб, илгари 6 та давлат ташкилотида бўлган ваколатлар ягона Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига бирлаштирилди. Қисқа муддатда ҳар бир туман ва шаҳарда 100 дан ортиқ ижтимоий хизматларни “бир дарча” тамойили асосида кўрсатадиган “Инсон” марказлари ташкил қилинди. Ҳар бир маҳаллада ижтимоий ходим аҳоли билан проактив ишламоқда.

Имконияти чекланган аҳолининг камбағалликка тушиб қолиш эҳтимоли юқорилиги боис, уларни қўллаб-қувватлаш, инклюзивлик асосида жамиятга интеграция қилиш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилди. Муносиб меҳнат шароити яратилгани учун бу йил 150 минг ногиронлиги бор шахслар ишга жойлашди. Уларга ҳаётий зарур тиббий жиҳоз, аравача ва протезлар бепул етказиб берилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?