13 йил давомида Мадуро Венесуэлани мутлақ қашшоқликдан чиқара олмади

23:32 05 Январь 2026 Дунё
393 0

Николас Мадуро Қўшма Штатлар билан қарама-қаршилигини қўллаб-қувватлаш учун митингда

13 йил давомида Николас Мадуро Венесуэлани мутлақ қашшоқликдан олиб чиқа олмади. Шунга қарамай, у ҳокимиятини сақлаб қолди. Бугун Николас Мадуро АҚШ суди олдида жавоб бермоқда, бироқ бир неча кун олдин ҳам унинг ҳокимияти гўё қуламасдек туюларди. Венесуэла президенти қарийб 13 йил давомида сайловлардаги мағлубиятларга, бутун мамлакатни қамраб олган норозилик намойишларига, иқтисодиётнинг аянчли аҳволига ва аҳолининг оммавий равишда мамлакатни тарк этишига қарамай ўз лавозимида қолди.

Мадуро ёшликдан сиёсий фаоллик билан шуғулланган: сиёсий тарғибот учун ҳатто мактабдан ҳайдалган

Николас Мадуро Морос 1962 йилда Каракас шаҳрида касаба уюшмаси етакчиси бўлган Николас Мадуро Гарция оиласида туғилган. Лицейда у бейсболни жуда яхши ўйнаган (ҳатто унга АҚШга кўчиб, профессионал спортчи бўлиш таклифи ҳам берилган, аммо у рад этган) ва «Энигма» номли рок-гуруҳни тузган, унда бас-гитарачи бўлган. Бироқ синфдошларидан бирининг эслашича, «у жуда ёмон чаларди, мусиқий эшитиш қобилияти йўқ эди».

Аммо Мадуронинг асосий қизиқиши ёшликдан сиёсат бўлган. У 12 ёшида «Руптура» номли сўл қанот ташкилотга қўшилади, 15 ёшида эса ўқувчилар орасида сиёсий тарғибот олиб боргани учун лицейдан ҳайдалади. Бу ҳолат унинг кейинги таълимига жиддий тўсқинлик қилади: у ўрта маълумотни олсада, университетга кира олмайди. Фақат 1980 йилларнинг ўрталарида у Гаванадаги Нико Лопес номидаги Олий партия мактабида таълимини давом эттира олади.

1970 йилларнинг охиридан бошлаб Мадуро «Социалистик лига» деб номланган сўл-радикал партия аъзоси бўлади. Сиёсий фаоллик унга даромад келтирмагани сабабли, у Каракасда автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. Аммо бу ерда ҳам Мадуро етакчилик фазилатларини намоён этади: 1990 йилларда у Каракас транспорт компаниясининг директорлар кенгаши аъзосига айланади ва ходимлар учун янги касаба уюшмасини ташкил этади.

Шу билан бирга, у Уго Чавес томонидан ташкил этилган Инқилобий Боливария ҳаракати–200 (ИБҲ–200) га хайрихоҳ бўлади. Ушбу ҳаракат 1992 йилда икки марта давлат тўнтаришига уринган, бироқ муваффақиятсизликка учраган, Чавес эса қамоққа ташланган эди. Мадуро иккинчи тўнтаришни қўллаб-қувватлайди ва Чавесни озод этиш кампаниясида фаол иштирок этади. У Чавес билан илк бор 1993 йил декабрида Сан-Франсиско-де-Яре қамоқхонасида, уни қўллаб-қувватлаш учун келган пайтида шахсан танишади.

Бу учрашув Мадуронинг ҳаётида муҳим аҳамият касб этади. 1994 йил март ойида Чавес амнистия асосида озод этилгач, Мадурони ИБҲ–200 ҳаракатига раҳбар этиб тайинлайди. Ўша пайтда бу тузилма ҳарбий ташкилотдан жамоат-сиёсий ҳаракатга айлантирилган эди. Шундан буён Мадуро ўзини содиқ чавесчи сифатида кўрсатиб келади. Ҳатто бугун ҳам унинг Instagram саҳифасида «Боливарнинг аскари» ва «Чавеснинг ўғли» ёзувлари турибди.

Уго Чавес ва Николас Мадуро. 2007 йил декабрь

Сиёсий юксалиш ва Чавесдан кейинги ворислик

1997 йилда Мадуро «Бешинчи республика ҳаракати»га қўшилади. Бу ҳаракат Чавесни президентликка олиб келган сиёсий куч эди. Бир йил ўтиб Чавес сайловларда ғалаба қозонгач, Мадуронинг сиёсий фаолияти тез кўтарила бошлайди. У Миллий ассамблея депутати бўлади, фракцияга раҳбарлик қилади, 2005 йилда эса парламент спикери этиб сайланади. 2006 йилдан 2012 йилгача ташқи ишлар вазири лавозимида ишлайди. Кейинчалик вице-президент этиб тайинланади — бу Чавес даврида эришиш мумкин бўлган энг юқори мансаб эди.

Шунга қарамай, 2012 йилда саратон касаллигидан азият чекаётган Чавеснинг вориси айнан Мадуро бўлиши аниқ эмас эди. Кўпчилик бу ролга Чавеснинг узоқ йиллик сафдоши, ўша пайтда Миллий ассамблея раиси бўлган Диосдадо Кабеллони муносиброқ номзод деб биларди. Конституцияга кўра, давлат раҳбари вафот этган тақдирда вақтинча президентлик лавозимини айнан у эгаллаши керак эди.

Бироқ Чавес вафотидан бир неча ой олдин шахсан Мадурони ўз вориси сифатида белгилайди. У боливария инқилобини ҳарбий эмас, фуқаролик сиёсатчиси давом эттириши керак, деб ҳисоблаган. Генерал Кабелло эса мамлакатни бошқаришда куч ишлатишни оқловчи қатъий позицияга эга эди, бу эса кўплаб амалдорлар ва маҳаллий элиталарни чўчитарди. Мадуро эса мўътадил прагматик сифатида танилган ва армияда мустаҳкам таянчга эга эмас эди.

Бу қарорда Кубанинг позицияси ҳам муҳим роль ўйнади. Чавеснинг асосий иттифоқчиси бўлган Куба раҳбарияти ва айниқса махсус хизматлар қатъий йўналиш тарафдори бўлган Кабеллодан кўра, Мадурони маъқулроқ кўрган.

Норозиликлар, инқироз ва рекорд даражадаги инфляция

Мадуро ҳукмронлиги даврида мамлакат норозилик намойишлари сони бўйича рекорд ўрнатди, инфляция эса мислсиз даражага — 65 370 фоизга етди.

Ҳокимият тепасига келгач, Мадуро чавизмнинг асосий белгиларини сақлаб қолди: антиимпериалистик ва анти-элитавий риторика, боливария лойиҳаси, давлат бошқарувида армияга таянч, иқтисодиёт устидан, айниқса нефть рентаси устидан қатъий давлат назорати ҳамда камбағал қатламлар садоқатини таъминловчи ижтимоий дастурлар.

Аммо Чавесдан фарқли ўлароқ, Мадуронинг сиёсий харизмаси йўқ эди. Шахсга таянган бундай режим учун бу жуда жиддий камчилик ҳисобланади. Шу боис ҳар бир президентлик сайлови Мадуро учун оғир синовга айланди.

2013 йилда у мухолифат номзоди Энрике Каприлес устидан жуда кичик устунлик билан ғалаба қозонди — 50,62 фоизга қарши 49,12 фоиз. 2018 йилги сайловлар эса мухолифатнинг бойкоти фонида ўтди: асосий рақиблар қамоқда ёки муҳожирликда эди. Сайлов жараёнида кўплаб қонунбузарликлар қайд этилди, хориждаги овоз бериш Конституцияга зид равишда беш кунга узайтирилди.

2024 йилда эса ҳокимият Мадуронинг ғалабасини асосий мухолиф номзод Мария Корина Мачадони сайловга қўймаслик орқали таъминлади. Расмий сабаб сифатида кампания молиялаштириш қоидаларининг бузилгани ва унинг Венесуэлага қарши халқаро санкцияларни қўллаб-қувватлагани кўрсатилди. Шунингдек, ҳукумат сайлов участкалари бўйича батафсил натижаларни эълон қилмади, бу эса сохталаштиришларни яширишга хизмат қилди.

Иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий фалокат

Сиёсий муаммоларга иқтисодий қийинчиликлар ҳам қўшилди. 2015 йилдан бошлаб мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулоти — нефть нархлари пасайишни бошлади, бу эса бюджет даромадларининг кескин қисқаришига олиб келди. 2017 йилда АҚШ томонидан илк санкциялар жорий этилди. Юқори давлат харажатлари билан биргаликда бу ҳолат инфляцияни портлатиб юборди: Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2013 йилда инфляция 40 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилда у ақл бовар қилмас даража — 65 370 фоизга етди.

Шу билан бирга, нефть қазиб олиш ҳажмлари муттасил қисқариб борди ва 2020 йилга келиб 2013 йилга нисбатан тўрт баробардан ҳам камайди. Ялпи ички маҳсулот ҳам худди шундай қисқарди: 139 миллиард доллардан 35 миллиард долларга тушди. Венесуэла ҳукумати фақат 2021 йилдан кейингина нисбий барқарорликка эриша олди — бу чекланмаган пул эмиссиясини тўхтатиш, иқтисодиётни қисман долларлаштириш, давлат харажатларини қисқартириш ва нефтьни Хитойга сотиш орқали янги бозорларга чиқиш ҳисобига амалга ошди.

Бу иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий оқибатлари эса ҳалокатли бўлди. Узоқ давом этган гиперинфляция венесуэлаликларнинг кескин қашшоқлашувига олиб келди. Венесуэла молиявий кузатув маркази баҳоларига кўра, 2024 йилда мамлакатдаги уй хўжаликларининг 86 фоизи қашшоқлик чегарасидан пастда яшаган.

Давлат томонидан нархларни қатъий назорат қилиш товарлар танқислигига сабаб бўлди, тиббиёт муассасалари эса ускуна ва дори-дармон етишмовчилигига дуч келди. Венесуэла шаҳарлари кўчалари жиноятчилик тўлқинига ғарқ бўлди: 2016 йилда қотилликлар сони ҳар 100 минг аҳолига 91,8 ҳолатни ташкил этиб, мутлақ рекорд ўрнатди. Натижада 2011 йилдан 2021 йилгача мамлакатда ўртача умр кўриш давомийлиги бир ярим йилга қисқарди.

Оммавий норозиликлар ва куч ишлатиш

Албатта, бундай ҳолат аҳоли норозилигини келтириб чиқарди. Мадуро ҳукмронлиги давомида бир неча йирик норозилик тўлқинларини бошдан кечирди. 2013 йилда сайловлардан сўнг йирик шаҳарларда овозларни қайта санаш талаб қилинган намойишлар ўтказилди. Ҳукумат уларни куч билан тарқатди, натижада етти киши ҳалок бўлди.

Бир йил ўтиб, 2014 йил февралдан май ойигача иқтисодий аҳволнинг ёмонлашуви сабаб минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Намойишлар ҳафтасига бир неча бор ўтказилар, полиция томонидан куч ишлатилиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 42 нафарга етди.

2017 йилда эса норозиликнинг янги тўлқини бошланди. Бунга айрим мухолифат депутатларининг дахлсизликдан маҳрум этилиши ва Олий суднинг амалда парламент ваколатларини ўз қўлига олиши сабаб бўлди. Энг йирик намойиш 19 апрель куни бўлиб ўтди ва унда тахминан 6 миллион киши иштирок этди. Умуман олганда, бир йил ичида мамлакатда қарийб 10 мингта норозилик акцияси ўтказилди.

Хуан Гуайдо томонидан Николас Мадурога қарши норозилик намойишлари. 2019 йил февраль

2019 йилда эса, Мадуро учун иккинчи бўлган президентлик сайловларидан кейин, бу рекорд ҳам янгиланди: венесуэлаликлар 16 739 та норозилик акцияси ўтказдилар. Намойишларни тарқатиш чоғида ҳалок бўлганлар сони 67 нафарга етди.

Оммавий намойишлар, ўнлаб қурбонлар, омма орасида қўллаб-қувватлаш даражасининг кескин пасайиши (Мадуронинг рейтинги 2013 йилдаги 50 фоиздан 2017 йилда 17 фоизга тушди) — буларнинг барчаси унинг ҳокимияти ниҳоятда беқарор бўлиши керакдек туюларди. Бироқ бу ҳам уни ағдариш учун етарли бўлмади.

Нега Мадуро ҳокимиятда шунча узоқ қолди? У чавизмни қандай ўзгартирди?

Аввало шуни таъкидлаш керакки, Чавес ҳокимиятга келгунга қадар ҳам Венесуэла инқироз ҳолатида эди. Расман демократик институтлар мавжуд бўлган, аммо амалда ҳокимият икки партия ва коррупцияга ботган элиталар қўлида жамланган эди.

1970 йиллардаги нефть фаровонлиги Венесуэлага қимматга тушди: давлат хомашё даромадларини шунчаки сарфлаб юборди. 1990 йилларда нефть нархлари тушиб кетгач, оғир тўлов қилишга тўғри келди. Қашшоқлик кескин ўсди, Халқаро валюта жамғармаси тавсияларига асосланган неолиберал ислоҳотлар эса камбағал қатламни субсидиялардан маҳрум қилиб, уларга қаттиқ зарба берди.

1992 йилдаги икки давлат тўнтариши бекорга содир бўлмаган эди. Айнан мамлакатни янгилаш шиорлари билан Уго Чавес етти йил ўтиб ҳокимиятга келди. 2003 йилдан бошлаб у «миссиялар» деб аталган ижтимоий дастурларни жорий қилди — бепул тиббий хизмат, мактаб таълими ва кам таъминланганлар учун арзон озиқ-овқат субсидиялари шулар жумласидан эди. 2000 йилларда нефть нархларининг юқори бўлиши туфайли аҳоли даромадлари ҳам барқарор ўсди.

Натижада мамлакатда ижтимоий тенгсизлик сезиларли даражада камайди, мутлақ қашшоқликда яшовчилар улуши 1997 йилдаги 23,4 фоиздан 2012 йилда 7,2 фоизгача қисқарди. Бу ютуқлардан руҳланган ҳукумат ҳатто 2010 йиллар бошида «яқин ўн йил ичида нол қашшоқликка эришиш» мақсадини қўйган эди.

Мадуро даврида чавизмнинг авторитар тус олиши

Мадуро ҳокимиятга келгач, чавизм кескин ўзгарди. Харизмадан маҳрум, нефть рентасини йўқотган лидер аввалги усуллар билан режим барқарорлигини таъминлай олмасди. Натижада мамлакат тез суръатда авторитаризм томон силжиди.

Америкалик сиёсатшунослар Брюс Буэно де Мескита ва Алистер Смит ўзларининг «Диктатор қўлланмаси. Нега ёмон хулқ-атвор деярли ҳар доим яхши сиёсат бўлади» номли китобида таъкидлашича, шахсга таянган авторитар режимларда сайловларда ғалаба қозониш ёки аҳоли фаровонлигини таъминлаш ҳокимиятни сақлаб қолишда иккинчи даражали аҳамиятга эга. Асосий вазифа — раҳбар таянадиган гуруҳлар, яъни номенклатура ва куч тузилмаларининг садоқатини таъминлаш ҳамда норозиларни репрессиялар орқали бостиришдир. Мадуро айнан шу йўлдан борди.

Миллий валюта — боливар — тез суръатларда қадрсизланаётган бир пайтда, Мадуро элиталар учун доимий доллардан фойдаланиш имкониятини таъминлади. Юқори лавозимли амалдорлар Каракаснинг Лас-Мерседес каби элита туманларидаги ресторанларда дам олишар, Лотин Америкасидаги энг қиммат уй-жойларни сотиб олишар, аҳолининг асосий қисми эса тобора қашшоқлашиб борарди.

Бироқ Мадуро камбағалларни ҳам бутунлай унутмади. 2016 йил август ойида иқтисодий сиёсатнинг муваффақиятсизлиги ва импорт муаммолари туфайли дўконларда полкалар бўшаб қолганида, у кам таъминланганлар учун CLAP деб аталган озиқ-овқат тўпламларини жорий қилди. Бу аҳоли норозилигини қисман юмшатишга ёрдам берди.

Шу билан бирга, юқори ҳарбий раҳбарларга портлар, аэропортлар ва ёқилғи инфратузилмаси устидан назорат берилди, улар оммавий равишда ҳукуматда ва ҳудудий бошқарувда юқори лавозимларга тайинланди.

Репрессиялар, муҳожирот ва заиф мухолифат

Норозилар билан Мадуро режими ҳеч қандай муроса қилмади. 2024 йилги сайловлардан кейин икки мингдан ортиқ киши қамалди — президент уларни «террористлар» ва «жиноятчилар» деб атади. 2025 йил ҳолатига кўра, мамлакатда 800 дан ортиқ сиёсий маҳбус бор. 2016–2018 йиллар оралиғида Венесуэла куч тузилмалари қўлида 16 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 2018 йилда эса мамлакатдаги ҳар учинчи зўравонлик билан боғлиқ ўлим айнан улар ҳиссасига тўғри келган.

Бироқ норозилар учун яна бир йўл мавжуд эди — мамлакатни тарк этиш. Режим мамлакатни тарк этишга тўсқинлик қилмади. Мадуро ҳукмронлиги давомида қарийб 8 миллион киши Венесуэлани тарк этди (2024 йилда аҳоли сони 28,4 миллион эди). Сўровларга кўра, 2025 йил март ойида мамлакатда қолганларнинг 44,6 фоизи ҳам кетишни режалаштираётган эди.

Элиталарнинг сотиб олинган садоқати, репрессиялар ва норозиларнинг чиқиб кетишига қўшимча равишда, Мадуронинг ҳокимиятда қолишига яна бир омил хизмат қилди — мухолифатнинг заифлиги ва бўлинганлиги.

Венесуэла мухолифати ҳеч қачон ягона фронт сифатида ҳаракат қилишни ўргана олмади. Масалан, 2015 йилда улар Мадуро билан муросага бориш керакми ёки хорижий ёрдамга таяниб сиёсий кураш олиб бориш керакми, деган масалада келиша олмадилар. Шунингдек, мухолифатга ким раҳбарлик қилиши масаласи ҳам очиқ қолди: мўътадил қанотга Энрике Каприлес, радикал позицияларга эса Мария Мачадо ва Хуан Гуайдо раҳбарлик қиларди.

Натижада парламент сайловларида қўлга киритилган кўпчиликдан мухолифат фойдалана олмади. 2018 йилда мухолифатнинг фақат бир қисми президентлик сайловларини бойкот қилди, бу эса Мадурога сайловлар қонунийдек кўрсатиш имконини берди. 50 дан ортиқ давлат, жумладан АҚШ томонидан қонуний президент деб тан олинган Хуан Гуайдо ҳам бу сиёсий капиталдан фойдалана олмади. 2022 йил охирида эса мухолифат унинг бошчилигидаги «муваққат ҳукумат»ни тарқатиш учун овоз берди.

Мадуродан кейинги Венесуэла: ноаниқ келажак

Буларнинг барчаси Мадурога қарийб 13 йил давомида ҳокимиятда қолиш имконини берди. Аммо Дональд Трамп билан қарама-қаршиликда, халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўғри келмайдиган усулларга тайёр бўлган рақибга қарши у чидамли бўла олмади. Энди эса Венесуэланинг собиқ раҳбарини АҚШ суди ва қамоқ кутиб турибди.

«Чавеснинг ўғли»сиз чавистик режимнинг келажаги эса янада ноаниқ. Мамлакатдаги ҳақиқий ҳокимият ҳануз Венесуэла номенклатураси қўлида қолмоқда, янги давлат раҳбари эса вице-президент бўлган Делси Родригес бўлди. У қатъий чавист, Мадуронинг содиқ иттифоқчиси, қаттиқ позиция тарафдори ва мухолифатга қарши репрессияларда иштирок этгани учун АҚШ санкциялари остида.

У АҚШ босими остида Венесуэла режимини ислоҳ қиладими ёки АҚШ билан очиқ тўқнашув йўлини танлайдими — ҳозирча бу савол очиқ қолмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер