126 ёшли Ҳувайдо момо ҳам сайловда овоз берди

15:40 22 Декабрь 2019 Сиёсат
1691 0

Фото: "Халқ сўзи".

Фарғона вилоятида 90 нафарга яқин юз ёшдан ошган отахон ва онахон истиқомат қилади. Шулардан бири Гиннеснинг рекордлар китобига кирган Ҳувайдо момо Умарова Бувайда туманида яшайди.

958-сайлов участкасидан сайловда қатнашган 126 ёшли Ҳувайдо момо Умарова мамлакат келажагига бефарқ эмас. У сайловда биринчилардан бўлиб ўзи танлаган номзодга овоз берди.

Қорақум маҳалласида истиқомат қилаётган онахон бу йил 126 баҳори билан юзлашиш бахтига мушарраф бўлмоқда. Ҳувайдо момо билан суҳбатлашсангиз кўз ўнгингизда халқимизнинг бирда қайғули, бирда шодумон ҳаёти намоён бўлади. Октябрь тўнтаришидан кейинги қирғинбарот, колхозлаштириш, қулоқ қилиш, узоқ ва совуқ ўлкаларга сургун, машъум қатағон, даҳшатли уруш воқеалари кўз ўнгингиздан кино тасмасидек бир-бир ўтаверади. Онахоннинг эса кўзлари ёшланади. Момо ҳаёт мактаби тарбиясини кўп олган.

— Бу бошим не кунларни кўрмади дейсиз, болам, — дейди Ҳувайдо момо. — Яратганга шукр, тинч, фаровон замонларга ҳам етдик. Кўзим кўрмай қолганига анча бўлди. Аммо набира-ю эваралардан кўп нарсани билиб тураман. Шундай кунларни орзу қилиб, доим яхши ниятда бўлганман. Яхши ният одамни ҳар қандай қийинчилик, машаққатлардан олиб ўтади, яхши кунларга етказади. Мен бугун бунданда фаровон кунлар ва доруломон кунлар бардавомлиги учун овоз бердим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?