1 миллион 166 мингдан ортиқ мухлис, 3,5 миллиард сўмдан ошиқ даромад
Ўзбекистонда 2025-йилги футбол мавсуми якунланди. Бу мавсум Суперлига ўйинларини томоша қилиш учун келган мухлислар статистикаларини кўриб чиқамиз.
Дастлаб умумий маълумотлардан бошласак. Профессионал футбол лигаси берган маълумотларга кўра, 2025-йилда Ўзбекистон Суперлигаси ўйинларини томоша қилиш учун жами 1 миллион 166 минг 989 нафар томошабин ташриф буюрди. Бу йилги мавсум Суперлигада 240 та ўйин ташкил этилганини инобатга олсак, бу бир ўйинни томоша қилиш учун ўртача 4 минг 863 нафардан мухлис келганини билдиради. Таққослаш учун, бу Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар каби Осиё мамлакатларидан кўра яхшироқ натижа дегани.
Клублар миқёсида олиб қарасак, бу йил мухлислар ташрифи бўйича энг яхши натижа «Нефтчи» жамоасига тегишли бўлди. Фарғона клубининг йил давомида ўтказган 15 та ўйинини томоша қилиш учун умумий ҳисобда 183 минг 944 нафар томошабин ташриф буюрди. Бу ўртача ҳисобда «Истиқлол» стадионига ҳар ўйинда 12 минг 263 нафардан футбол ишқибози келганини билдиради.
Албатта, мухлисларнинг бу ҳаракатлари натижасиз якунланмади. Йил якунида «Нефтчи» клуби Ўзбекистон Суперлигасида ғалаба қозонди. Унинг устига, айнан йил давомида 183 мингдан зиёд мухлисни ўз бағрига олган «Истиқлол» стадиони ПФЛ томонидан «Йил стадиони» деб топилди.
Мухлислар ташрифи бўйича иккинчи ўринни Наманганнинг «Навбаҳор» клуби мухлислари эгаллади. Ушбу клубнинг уй ўйинларини томоша қилиш учун умумий ҳисобда 144 минг 431 нафар томошабин стадионга келди. Бу ўртача ҳисобда жамоанинг ҳар бир ўйинига 9 минг 629 нафардан футбол шинавандалари келганини билдиради.
Водийнинг учинчи номдор клуби «Андижон» эса мазкур рўйхатда кучли учликка якун ясайди. «Ультрас Бургут» фан-клуби етакчилигида жамоанинг ўйинлари учун 144 минг 209 нафар мухлис «Бобур Арена»га ташриф буюрди. Бу ўртача ҳисобда ҳар бир ўйин учун 9 614 нафардан томошабин келганини билдиради.
Шунингдек, мухлисларнинг умумий сони 100 мингдан ошган яна 2 та клуб бор. Бири «Динамо», бири «Насаф».
«Оқ Армия» мухлислар фан-клуби етакчилигида «Динамо» жамоаси ўйинларини томоша қилиш учун умумий ҳисобда 15 та ўйинга 138 мингдан ортиқ, «Насаф» клубини қўллаб-қувватлаш учун эса 105 мингдан ортиқ футбол ишқибози стадионларга ташриф буюрди.
Энди мухлислар ташрифи борасида салбий натижа қайд этган клублар билан танишсак. Бу борадаги энг ёмон натижалар «Машъал» ва «Бунёдкор» клубларига тегишли бўлиб турибди. Бу жамоаларга яна қайтамиз. Ундан олдинги ўринда эса ОКМК, «Сўғдиёна» ва «Шўртан» жамоалари бормоқда. Ушбу 3 жамоанинг бири кичик туманда, бири кичик шаҳарчада жойлашганини инобатга олсак, мухлислар кам эканини тушуниш мумкин. «Сўғдиёна» жамоаси билан ҳам шунга ўхшаш ҳолат.
«Машъал» жамоасини ҳам тушуниш мумкин. «Муборакликлар» ўз стадионларида муаммо борлиги сабаб уй учрашувларини Ғузорда ўтказишди. Табиийки, бу мухлисларнинг ташрифига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
«Бунёдкор» клубидаги ҳолатни ҳам шундай изоҳлаш мумкин. Жаҳон эстрадаси юлдузи Женнифер Лопес «Бунёдкор» стадионида концерт берганидан сўнг, ушбу арена футбол ўйинларини ўтказишга яроқсиз бўлиб қолди. Натижада жамоа ўз уй ўйинларини Тошкент марказидан анча узоқда жойлашган «Олимпия» стадионида ўтказишга мажбур бўлди.
Аммо, лекин, бироқ бу масаланинг яна бир томони мавжуд. «Бунёдкор» «Олимпия» стадионига кўчиб ўтгандан сўнг, клуб ўйинларини томоша қилиш учун келган мухлислар сони камайди, деб қараш мумкин. Лекин жамоа ўз майдонида ўйнаган даврда стадионга қанча мухлис тушарди?
ПФЛ сайтидаги маълумотларга кўра, «Бунёдкор» клуби 2025-йилги мавсум Суперлига доирасида ўз майдонида 9 та ўйин ўтказди ва уларнинг 3 тасида стадионга 1000 та ҳам мухлис тушмади. «Қўқон-1912», «Навбаҳор» ва «Нефтчи»га қарши ўйинларда водийдан келган томошабинлар ҳисобига, мухлислар сони 1000 тадан сал ошди.
«Бунёдкор» стадиони Тошкент шаҳридаги энг қулай локацияда жойлашган. 2 та метро бекатидан чиқиб келганингиздаёқ стадион кўриниб туради. Унинг олдида автобус бекатлари ҳам бор. Шунингдек, стадионнинг ўнг томонида истироҳат боғи ҳам жойлашган. Шундай қулай имконият ва жойлашувга эга бўла туриб, ўйинларига 1000 та томошабин йиғa олмаётган ушбу клуб вакилларига етарлича саволлар мавжуд...
Мухлислар ташрифи бўйича «Хоразм» жамоаси 48 минг 4 та томошабин билан 10-ўринни эгаллади. Жамоа ундан ҳам юқорироқ бўлиши мумкин эди. Аммо клуб бу мавсум атиги 6 та ўйинни ўз майдонида ўтказди. Айнан шу омил хоразмликларга ушбу рейтингда юқорироқ бўлиш имконини бермади.
Энди эса 2025-йилги мавсумда энг кўп мухлисларни ўзида жамлаган 5 та ўйинни кўриб чиқамиз.
5-ўрин. «Андижон» – «Насаф»
Суперлиганинг 2-туридан ўрин олган ушбу ўйинни томоша қилиш учун «Бобур Арена»га 17 минг нафар томошабин ташриф буюрди. Баҳс 0:0 ҳисобидаги дуранг натижаси билан якунланди.
4-ўрин. «Нефтчи» – «Қизилқум»
Суперлиганинг 29-туридан ўрин олган ушбу ўйинда қўлга киритиладиган ғалаба «Нефтчи» жамоасини муддатидан аввал чемпионга айлантирарди. Ушбу воқеани томоша қилиш учун эса 18 867 нафар томошабин «Истиқлол» стадионига ташриф буюрди. Ўйин «фарғоналиклар»нинг 4:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
3-ўрин. «Андижон» – «Навбаҳор»
Ушбу жамоалар ўртасида кечадиган ҳар қандай ўйин катта қизиқишга сабаб бўлишини яхши биласиз. Бинобарин, Суперлиганинг 18-туридан ўрин олган ушбу баҳсни кузатиш учун «Бобур Арена»га 19 минг 965 нафар мухлис тушди. Ўйин Сергей Лушан бошқарувидаги жамоанинг 0:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
2-ўрин. «Навбаҳор» – «Нефтчи»
Ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинлар бу йил ҳар йилгидан-да каттароқ қизиқишга сабаб бўлди. 19-турдан ўрин олган ушбу баҳсни кузатиш учун Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионга 21 минг 350 нафар томошабин ташриф буюрди. Ўйин меҳмонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
1-ўрин. «Навбаҳор» – «Шўртан»
Суперлиганинг 5-турида мухлислар ташрифи бўйича мавсумдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилди. Бунда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг ҳиссаси ҳам катта бўлди. Айнан ушбу инсон ташаббуси билан ўша куни мухлислар учун стадионга кириш бепул бўлди. Натижада «Шўртан»га қарши ўйинда «лочинлар»ни қўллаб-қувватлаш учун Наманган «Марказий» стадионига 25 минг 250 нафар томошабин ташриф буюрди.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов,
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг