Самарқандда балиқчилик бўйича илмий-амалий ўқув маркази иш бошлади
Самарқанд туманида қарийб йигирма йилдан буён фаолият юритаётган “Оқ Амур балиқлари” кўп тармоқли фермер хўжалиги қошида балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислари учун махсус ўқув маркази иш бошлади.
Мазкур марказда Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ҳамда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти профессор-ўқитувчилари, шунингдек тажрибали балиқчилар томонидан амалий машғулотлар олиб борилади. Мутахассислар соҳадаги илғор технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўладилар.
— Ўқув марказимизга хорижлик мутахассисларни ҳам жалб қилиш режалаштирилган, — дейди “Оқ Амур балиқлари” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Ҳалимов. — Яқинда Венгриядан мутахассис келиб, 15 кун давомида амалий дарслар ўтди. Келгусида бошқа хорижлик ҳамкорларимизни ҳам таклиф этиб, балиқчиликнинг интенсив усуллари бўйича ўқувлар ташкил этишни мақсад қилганмиз.
“Оқ Амур балиқлари” хўжалиги 20 гектар майдонда балиқ ҳавзаларини ташкил этган бўлиб, бу ерда 45 нафар инсон доимий иш билан таъминланган. Жорий йилнинг ўтган даврида хўжаликда 170 тонна чавоқ ва товар балиқ етиштирилди. Шунингдек, инновацион технологиялардан фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш, сермаҳсул зотларни кўпайтириш каби йўналишларда ҳам ишлар амалга оширилмоқда.
Айтиш жоизки, бугунги кунда Самарқанд туманида 50 гектар сунъий ҳавза, 4 гектар интенсив технология асосида ташкил этилган майдон ва 1 гектар айланма сув тизимларига эга объектлар мавжуд. Туманда 16 та балиқчилик хўжалиги фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туманда 550 тонна балиқ етиштирилиб, ўтган йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 100 фоиздан ортиқ ўсишга эришилди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Tavsiya etamiz
Ko‘p o‘qilganlar
- Prezident Oʻzbekiston bojxona sohasi xodimlariga tabrik yoʻlladi
- Toshkentda Osiyo Olimpiya kengashiga yangi rahbar saylandi (+fotoreportaj)
- “Yangi Oʻzbekiston yulduzlari” milliy mukofoti xalqaro darajaga koʻtarilmoqda
- AQSH Adliya vazirligi Epshteyn ishi boʻyicha 3 millionta faylni eʼlon qildi
- Tramp Kubadan kelayotgan tahdid sabab AQSHda favqulodda holat eʼlon qildi
- Toshkentdagi Xalqaro kongress markazida Osiyo Olimpiya kengashining 46-Bosh Assambleyasi boʻlib oʻtmoqda
Izohlar
Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?
Izoh qoldirish uchun tizimga kiring