Зомин семинари: ёш ижодкорлар сараланди

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Ёш ижодкорларнинг анъанавий Зомин семинари Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳудудий босқичи Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди. Буюк мутафаккирнинг бебаҳо адабий-бадиий мероси улуғланди.
Шундан сўнг тадбир Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида давом этди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, таниқли ижодкорлар Бобур Бобомурод, Зебо Мирзаева, Носир Жўраев, Дилором Муродова ва Меҳри Абдураҳмонова ҳамда вилоятимиздан Фармон Тошев, Тошпўлат Тугалов шеърият, болалар адабиёти, бадиий публицистика ва таржима, наср йўналишлари бўйича шуъбаларга бўлинган ҳолда ёшларнинг ижод намуналарини кўриб чиқишди.
— Назм йўналишида қатнашяпман, — дейди СамДУ Каттақўрғон филиали педагогика ва тилларни ўқитиш факультети 3-босқич талабаси Гулноза Юсупова. — Топширган шеърларимни шоира Зебо Мирзаева кўриб, ютуқларимни эътироф этиш билан бирга камчиликларимни кўрсатди ва ўз тавсияларини берди. Хусусан, шеъриятда қайсидир таниқли шоирнинг ижодини севиб ўқиш асносида унга тақлидчи бўлиб қолмаслик, ўз «мен»ини топиш, шунингдек, шеърда ички руҳиятни нафосат билан очиб бериш муҳимлигини уқтирди. Ўзим шеърларини севиб ўқийдиган шоирадан тавсиялар олганимдан фахр ҳиссини туйдим. Устозимнинг тавсиялари келгуси ижодий ишларимда асқатади, албатта.
Ҳакамлар ҳайъати ҳудудий саралаш босқичида 13 нафар ёш ижодкорларнинг «Зомин — 2025» танловига тақдим этган ижодий ишларини кўриб чиқди. Ҳар бир номзод билан бевосита мулоқот ўтказилиб, зарур тавсиялар берилди ва маҳорат дарслари ўтилди.
Икки кунлик семинар давомида таниқли ижодкорларнинг ёш китобхонлар билан учрашувлари ҳам ташкил этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Ўзбекистон терма жамоаси Қувайт билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказади
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг