Жиззах вилояти аҳолиси етакчи ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказди

18:02 08 Апрель 2024 Жамият
247 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан Жиззах вилоятида «Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!» шиори остида тиббий кўриклар ташкил этилди.

Унда республикамизнинг етакчи ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва муассасаларидан келган эллик нафар шифокор 2 кун давомида жиззахлик ҳамкасблари билан бирга вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида аҳолини кўрикдан ўтказди. Биринчи кунда 8 та, кейинги кун эса яна 5 та ҳудудда тажрибали кардиолог, эндокринолог, онколог, невропатолог, травматолог, хирург, гинеколог, отоларинголог, педиатр сингари мутахассислар аҳоли саломатлигини тиклаш юзасидан зарурий текширувлар ўтказиб, маслаҳатлар беришди.

— Шароф Рашидов тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 29-оилавий поликлиникада куннинг биринчи ярмида 500 нафардан зиёд аҳоли тиббий текширувдан ўтказилди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Шаҳноза Зуҳурова. — Тиббий кўрик натижаларига кўра соғломлаштириш режаларини тузиб, даволаниш жойи ва мутахассисларини ҳам белгилаб берамиз.

Бундан ташқари аҳолига соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаолликни ошириш, мактаб ёшидаги болалар учун «Тоза қўл», «Соғлом тишлар» мавзуларида оммавий тарғибот ишлари ҳам олиб борилди.

— Авваллари оддий қон таҳлили учун ҳам вилоят марказига боришга тўғри келар эди, — дейди 2-гуруҳ ногирони Дилором Ҳурматова. — Тажрибали мутахассислар барча зарурий тиббий-техник воситалар билан жойларга ташриф буюриб, аҳоли соғлигини тиклаш борасида самарали ишларни амалга оширишяпти. Бундан жуда ҳам миннатдормиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?