Ёш архивчилар форуми

15:38 16 Июнь 2025 Жамият
258 0

Давлатобод туманидаги Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида бунёд этилган Наманган вилояти давлат архивининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги архив тизими мутасаддилари, фаол ёшлари, соҳа фахрийлари, «Нуроний» жамғармаси фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидландики, 19 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига қурилган мазкур бино архив ишларини замонавий босқичга олиб чиқиш, тарихий ҳужжатларни сақлаш ва улардан фойдаланиш имкониятларни янада кенгайтириш билан бирга билим ва тарих марказига айланади.

Наманганда Халқаро архивлар куни доирасида «Ёш архивчилар форуми» ҳам ташкил этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 нафардан зиёд ёш мутахассис бир жойга жамланди. Вилоят маданият саройида ўтказилган илмий-амалий конференцияда ёшлар соҳадаги муаммоларга ечим топиш ва ўзаро фикрлашиб, кенгашиб, янгиликлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш ҳамда эришилган муайян ютуқларни оммалаштириш, долзарб мавзуларда устоз-фахрийлардан сабоқ олиш имкониятига эга бўлди.

Бу ташқари, турли спорт, «Палов чемпионати» мусобақаси ва «Заковат» интеллектуал ўйини ҳамда «Устоз-шогирд», «Раҳбар ва ёшлар» ва «Уч авлод учрашуви» форум мазмундорлигини янада оширди.

— Архив соҳасида ўттиз тўрт йил ишладим, — дейди «Ўзархив» агентлиги фахрийлар Кенгаши раиси Дилбар Зокирова. — Ёш архивчиларга ҳавасим келади. Чунки авваллари ҳозиргидек қулай шарт-шароитлар ва соҳага эътибор ҳам бунчалик бўлмаган. «Устоз-шогирд» анъанаси доирасида ёш мутахассисларга маслаҳатим шуки, аввало, ҳар бир мутахассис ўз вазифасига сидқидилдан ёндашиб, ишига, бурчига садоқатли бўлсин. Албатта, ташаббускор ҳам бўлиш талаб этилади. Назарий билимларини мунтазам юксалтириб, амалиётга татбиқ эта билиш катта аҳамиятга эга. Фаолиятдаги муваффақиятларнинг очқич калити шуларда мужассам. Ёшларга фақат олға дейман.

— Ўн икки йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Марказий давлат архивида ишлайман, — дейди Юлдузхон Каипназарова. — Дастлаб оператор вазифасида меҳнат қилдим, эндиликда И тоифали мутахассисман. Учинчи марта форумда иштирок этишим. Бу сафаргиси ҳар қачонгидан таассуротларга бой бўлди. Маданият саройидаги анжуманда кўп йиллик малакага эга устозлардан архив ҳужжатларини рақамлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари, босқичлари ва ҳисобни юритиш, йиғма жилдларни қайта ишлаш қоидалари ҳамда бу борада халқаро тажриба, сунъий интеллект технологияларини қўллаш ҳақида маърузаларни тингладик, зарур билимларни ўзлаштирдик. Қолаверса, Наманган шаҳрида давом этаётган 64-Халқаро гуллар фестивалига ҳам бордик, гўзаллик, ажойиб нафосатдан бир олам завқ олдик, жуда мамнунмиз.

Муҳиддин МАҒЗУМОВ,

журналист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?