Янги корхонага тамал тоши қўйилди
Фарғона туманидаги “Оқбилол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида хориж инвестицияси иштирокида қаттиқ маиший чиқиндини қайта ишлаш орқали муқобил электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шу мақсадда истиқболли лойиҳа доирасида янги корхона қурилишига киришилди.
Корхонага тамал тоши қўйилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Фарғона вилояти ва туман ҳокимлиги масъуллари, хитойлик инвесторлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
— Бу лойиҳа экологик жиҳатдан хавфсиз бўлиб, арзон хомашёдан қўшимча қиймат занжири яратиш ҳамда муқобил энергия манбаларини кўпайтириш имконини беради, — дейди Фарғона тумани ҳокими ўринбосари Акбаржон Ахроров. — Бунинг учун эса ҳудудда етарли даражада қаттиқ маиший чиқинди захирасини шакллантириш имкони мавжуд. Шунингдек, лойиҳа ижроси доирасида замонавий технологиялар ўрнатиш ва юқори даромадли янги иш ўринлари яратиш мақсад қилинган.
Айтиш жоиз, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 мартдаги “Наманган ва Фарғона вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Фарғона вилоятида 141,5 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этиш кўзда тутилган.
Бу кунига 1,5 минг тонна чиқиндини ёқиш орқали 227,5 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга технологияларни ишга тушириш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Ботир МАДИЁРОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг