Янги авлод боғи

11:45 10 Сентябр 2025 Жамият
86 0

Самарқанд сайёҳлар зиёрат қилиш учун мўлжалланган диққатга сазовор жой. Шу боис муаззам ёдгорликлари, қадамжолари, ҳунармандчилиги, табиати неча асрлардан буён не-не истеъдодларни илҳомлантириб, инвесторларни қизиқтириб келади. Бугун ҳам бу қадим ва навқирон кентда замонавий аҳоли яшаш манзиллари, дам олиш масканлари, сайёҳлик объектлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, йўл ва кўприклар қурилмоқда.

  Шундай катта шаҳарда Алишер Навоий ва Ёшлик истироҳат боғлари мавжуд бўлиб, бу маҳаллалар аҳолисининг мазмунли дам олиши учун камлик қилаётганди. Вилоят хокимлигининг ташаббуси билан шаҳарнинг Ўзбекистон кўчасида жойлашган собиқ ҳарбий шифохона ўрнида аҳоли учун 5,4 гектар майдонни эгаллаган дам олиш маскани барпо этилмоқда. Шаҳардаги “Ватанпарвар” маҳалласида жойлашган 7 гектарлик эски дам олиш майдонида замонавий “Неопарк” номли янги истироҳат боғи қурилмоқда.

Жорий йилнинг август ойида бошланган боғнинг қурилиш ишларида 60 нафардан зиёд қурувчилар, замонавий махсус техника ва машиналар ишламоқда. Айни вақтда “Америка тоғлари” аттракциони ўрнатиш, айланма карусель, аквапарк, бассейн ва сузиш ҳавзалари учун сувдан фойдаланиладиган аттракционларнинг ҳам жойлари тайёрланмоқда.

– Истироҳат боғида аксарият дарахтлар сақлаб қолинади. Ҳудудда 4 гектар қўшимча яшил майдонлар барпо этилади, – дейди “Фаровон Туркман СИТИ” МЧЖ иш бошқарувчиси Бекзод Маҳмудов. – Имкони борича илгари қурилган объектларга зарар етказилмайди. Уларнинг меъморий қиёфаси ва қурилиши сақлаб қолинган ҳолда қайта реконструкция қилиниб, улардан самарали фойдаланиш мақсад қилинган.

Барча аттракционлар безаклар ва безаш элементлари, тўсиқлар, ёритгичлар, чодирлар, айвонлар, ҳимоя экранлари, павильонлар, шунингдек, инсон ҳаёти учун хавфсиз бўлган бошқа мосламалар билан таъминланади.

– Боғимизда оилавий мириқиб дам олиш учун барча шароитлар яратилганди, – дейди Ватанпарвар маҳалласида яшовчи Бобур Хўжамқулов. – Уни бузиб ўрганига танк, тўп, қирувчи самолёт ва бошқа жанговар машиналарнинг макетлари ўрнатилишини эшитиб хавотирга тушгандек. Лойиҳа билан танишгач, Амир Темур, Мирзо Бобур, Баҳодир Ялангтўш каби номи юртимиз довруғини жаҳонга таратган фидойи саркардалар сиймоси сақланган ҳолда уларга қўшимча 72 метрлик чархпалак, 2 та автодром ва картинг зали, “Америка тоғлари” номли қизиқарли ўйин-аттракционлари ўрнатилишидан хурсанд бўлдик.

“Неопарк” шаҳарнинг энг гавжум ва кўнгилочар масканига айланади. Ёшлар учун замонавий кутубхона, ўқув маркази, сунъий интеллект, 3D моделлаштириш, робототехника каби креатив тўгараклар ҳамда киберспорт ўйинлари ташкил этилади.

Боғда музқаймоқ павильонлари, ёпиқ ва очиқ аттракционлар, фавворалар, совғалар дўкони, енгил тамаддихоналар спорт ва соғломлаштириш масканлари, жумладан, фитнес клуб, воркаут, оранжереялар, аҳоли учун турли дам олиш майдончалари барпо этилмоқда.

Замонавий паркда дам олувчилар учун 10 та айлана шийпонча, 100 та ўриндиқ ўрнатилади. Янги боғнинг 5 та кириш дарвозаси бўлади. Истироҳат боғидан “Ҳазора” деҳқон бозорига ўтиш учун 20 метрлик ерости йўли ҳам қурилади. Кеча-кундуз ишлаётган махсус юк ташувчи техникалар ёрдамида суғориш тизимлари ва дренаж иншоотлари учун хандақ қазилиб, кунига 500 кубометр тупроқ ташиш ишлари бажарилмоқда. Аҳолининг келиши қулай бўлиши учун кириш йўлаклари, ер усти автотураргоҳлари ҳам ташкил этилади. Янги “Неопарк”ни 2026 йилнинг март ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?