Велосипедчилар маҳалласи
Ҳар қандай жисмоний ҳаракат саломатликнинг мустаҳкам гаровидир. Хусусан, юриш, югуриш, сузиш каби машғулотлар инсон организми учун беқиёс фойда келтиради. Шу қаторида велосипедда ҳаракатланиш ҳам соғлом турмуш тарзининг ажралмас қисми ҳисобланади. Чунки велосипедда юриш жараёнида инсон танасидаги деярли барча мушаклар фаоллашиб, юрак-қон томир тизими мустаҳкамланади, нафас олиш фаолияти яхшиланади. Натижада инсон ўзини тетик, бақувват ҳис этади, ҳаётий фаоллиги ортади ва ёш кўринишини сақлаб қолади.
Буни Балиқчи туманидаги “Жасорат” маҳалласида яшовчи, 80 ёшдан ошган Нодирахон Имомова ҳаёт тарзи мисолида яққол кўриш мумкин. Нодирахон она истиқомат қиладиган ушбу ҳудуд бежизга “Велосипедчилар маҳалласи”, деб аталмайди. Сабаби, бу ерда велосипедда юриш кўплаб хотин-қизлар учун оддий кундалик одатга, ҳатто ҳаёт тарзининг ажралмас қисмига айланган.
— Эсимни танигандан бери велосипедда юраман, — дейди Нодирахон она. — Мактабга ҳам, ишга ҳам, қариндошларникига ҳам доим велосипедда бораман. Бизда хотин-қизлар учун велосипед миниш оддий ҳол. Маҳаллада тўй-маърака бўлса, дарров велосипедга саватимизни қўйиб, “лип” этиб етиб борамиз. Бозор-ўчарми, дала юмушларими — фарқи йўқ. Ҳам иш битади, ҳам спорт билан шуғулланамиз.
Нодирахон она бошқалардан фарқли равишда велосипедда юришни шунчаки ҳаракат сифатида эмас, балки мунтазам спорт машғулоти деб билади. Шу боис бу ишга жуда масъулият билан ёндашади. Ҳар тонг маҳалладаги йигирмадан ортиқ хотин-қизлар бир жойга тўпланиб, белгиланган масофани велосипедда босиб ўтишни одат қилган. Улар учун йил фасли ёки об-ҳаво ўзгариши тўсиқ эмас. Қишнинг совуғи ёки ёзнинг иссиғига қарамай, соғлом турмуш тарзига бўлган интилиш уларни бирлаштириб туради. Гуруҳ аъзолари орасида 30 ёшли аёллар ҳам, 80 ёшни қаршилаган онахонлар ҳам борлиги эса бу машғулотнинг ҳар қандай ёшда фойдали эканидан далолат беради.

— Жисмоний ҳаракат энг арзон, энг осон ва энг самарали даво ҳисобланади, — дейди олий тоифали шифокор Жамолиддин Каримов. — Айниқса, велосипед миниш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаб, қон босимини меъёрда ушлаб туради, холестерин миқдорини камайтиради. Ортиқча вазнга қарши курашда ҳам жуда самарали. Шу билан бирга, суяк ва бўғимларни мустаҳкамлаб, оғриқларни камайтиради. Энг муҳими, мунтазам ҳаракат инсоннинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб, хотиржамликни таъминлайди, стрессни пасайтиради ва уйқу сифатини яхшилайди.
Мутахассислар таъкидлашича, кунига камида 4–5 километр масофани велосипедда босиб ўтган инсон соғлиғидан кам шикоят қилади. Чунки бундай жисмоний фаоллик қон айланишини яхшилаб, организмни кислород билан тўйинтиради, жисмоний ва руҳий куч-қувват бағишлайди.
Бугун велосипедда юриш оддий ҳаракат воситаси эмас, балки соғлом ҳаёт сари қаратилган онгли танловга айланмоқда. Айниқса, “Велосипедчилар маҳалласи”дек маҳаллалар кўпаётгани жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ҳаракат — ҳаёт, велосипед эса соғлом ва мазмунли ҳаётга элтувчи энг ишончли воситадир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг