Учкўприк туманида лимончиликка ихтисослашган маҳаллалар сони ортмоқда
Айни пайтда Учкўприк туманида 10 та маҳалла лимончиликка ихтисослашган бўлиб, қарийб 4 мингта хонадон томорқасида жами 770 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этилган. Уларда бозори чаққон бўлган цитрус мевалар, хусусан, лимон етиштириш йўлга қўйилган.
Аҳоли хонадонларида 3–8 сотихдан тортиб, айрим ҳолларда 20 сотихгача бўлган иссиқхоналар барпо этилган. Шу тарзда ҳар бир маҳаллада йилига ўртача 800–1000 тоннагача лимон ҳосили олиниб, унинг салмоқли қисми хорижий бозорларга экспорт қилинмоқда.
Қарийб 1,5 мингта хонадон ва 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган «Катта Қашқар» маҳалла фуқаролар йиғинининг асосий иқтисодий драйвери ҳам лимончилик ҳисобланади. Ҳозирги кунда маҳаллада мингдан ортиқ хонадон иссиқхоналарида лимон парваришланмоқда.

— Тадбиркорларимиз томонидан 11 та хонадонда улгуржи савдо фаолияти йўлга қўйилган, — дейди маҳалла раиси Абдурасул Набиев. — Бу йил йиғиб олинган ҳосилнинг қарийб 500 тоннаси аҳоли хонадонларида барпо этилган омборхоналарда қиш мавсуми учун сақлаб қўйилган эди. Айни пайтда ҳар бир килограмм лимон улгуржи бозорда 35 минг сўмдан қўшни давлатлар ва Россия Федерациясига экспорт қилинмоқда.
Цитрус мевалар етиштириш ҳажмини янада ошириш мақсадида ўтган йили маҳалланинг 30 нафар ёшига 6 гектар ер майдони ажратилиб, имтиёзли кредитлар ҳисобидан замонавий иссиқхоналар ташкил этишга кўмаклашилди. Бу йил эса аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган 50 та микролойиҳа ишлаб чиқилди.

— Экспорт жараёнида 6 нафар мутахассисимиз фитосанитария сертификатларини расмийлаштириш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини текшириш, ҳужжатларни халқаро талабларга мувофиқ тайёрлашда экспортёрларга яқиндан кўмак бермоқда, — дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Учкўприк тумани бўлими раҳбари Ҳусанжон Турдиев. — Бу лимон маҳсулотларини ташқи бозорларга тўсиқсиз олиб чиқишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 2 апрелда қабул қилинган «Республикада лимончилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Учкўприк туманида ўтган йил якунида 800 та хонадон лимончиликка ихтисослаштирилди. Жорий йилда эса 1 мингдан зиёд хонадонни лимончиликка ихтисослаштириш, шунингдек, қўшимча 100 гектар майдонда янги иссиқхоналар ташкил этиш режалаштирилган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Ялдо кечаси» романининг тақдимоти ўтказилди
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг