Тўрақўрғоннинг ишкомли ҳовлилари

Водийда узумнинг аслини емоқчи бўлсангиз Фарғонанинг Олтиариғи-ю, Наманганнинг Тўрақўрғонига келинг, дея мулозамат қилишади. Мазкур туманнинг Хўжанд маҳалласидаги хонадонларнинг ҳар бири ишкомли. Баланд-баланд сўртокларга тараб қўйилган токлардаги қуёшдан тафт олган узум ғужумлари ҳали куз келмай туриб тилларанг тусга киради. Бу ишкомли ҳовлиларда ҳар боши кило-кило тош босадиган Ризамат ота, келинбармоқ, кас-кас деган меваси йирик донали навлар экилади. Таъми ёқимли, шираси тилни ёради, шундан харидоргир. Кейинги йилларда хорижий бозорларда ҳам Тўрақўрғон узумларининг донғи кетгани боис маҳаллаларда узумчилик савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлар ҳам кўпайиб бормоқда. Улар пишиқчилик мавсуми келиши билан хонадонларда етиштирилган ҳосилни махсус идишларга қадоқлаб, Россия, Қирғизистон, Қозоғистонга экспорт қилиш ҳаракатига тушади.
– Маҳалламизда 672 хонадоннинг 470 таси узумчилик билан шуғулланади. Узумчилик ҳудуднинг асосий драйверига айланди, – дейди МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Фахриддин Камолов. – Уларда йилига ҳаммаси бўлиб 1100 тоннадан зиёд ҳосил етиштирилиб, истеъмол бозорига чиқарилади. Бу оддий арифметик тил билан айтганда, Хўжандга 8,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ кириб келади, дегани. Ҳалол меҳнат билан топилган пуллар аҳолининг муносиб турмуши, уй ва кўчаларимиз ободлиги, нуридийдаларимиз тарбияси, яхши кунларимизга сарфланаётгани билан қадрли.
Ўз ишига уста соҳибкорларнинг катта қисми мустақилликнинг дастлабки йилларида янги кўчага кўчиб келган. Унга рамзий маънода “Узумзор” дея ном берилганининг сабаби ҳам шунда. Бу ерга келган меҳмон мезбонникига кўча бўйлаб узундан-узоқ чўзилиб кетган ишкомлар оралаб кириб боради. Кўзни қувонтирадиган манзара: ёзнинг жазирамасида соя-салқинлик, кун сайин тўлишиб борадиган узум бошлари. Кайфиятни юз қиладиган тўкинчилик. Ҳовлиси рўпарасидаги токларга ҳам бирдек меҳр берган омилкорлар 40-50 туплаб ток парваришлашади. Етиштирадиган ҳосили, оладиган даромади ҳам шунга яраша. Масалан, 39-уйда истиқомат қилувчи Насриддин Шарофиддинов оиласи бу ишда олдингилардан.
– Отам ҳам узумчилик билан шуғулланган, – дейди узоқ йиллар жамоа хўжалигида ҳисобчилик қилган Насриддин ака. – Салкам саксонга киргунга қадар ишкомдан тушмаган бу инсонни кўпчилик уста боғбон сифатида яхши танишади. Хўжандда узумчиликдан хабари бўлмаган инсонни топиш қийин. Биз ҳатто келинларни шу ишнинг уддасидан чиқа олишига қараб танлаймиз. Тўрт ўғлимнинг рафиқаси токларни кесиш, хомток қилиш, бошқа юмушларда мен ва аёлимга асосий ёрдамчи. Ҳовлимиздаги бундан 15-20 йил аввал экилган 120 тупдан кўпроқ ток ҳозирга келиб роса қувватга тўлди. Ўтган йили 10 тоннадан кўпроқ узум етиштириб, унинг 7 тоннасини экспортга чиқардик. Даромадимиз 120 миллион сўмдан ошган. Бу йилгиси ҳам чакки эмас.
Насриддин аканинг рўпарасида яшайдиган Рустамжон Боййигитов ҳам аввалига ҳоббиси бўлган бу ишни эндиликда энг севимли машғулотига айлантирган. Узумни сотишдан орттирган маблағларини қўшимча равишда яна бир бизнес – қўйчиликка йўналтирганидан сўнг топган-тутганига ундан ҳам кўпроқ барака кирди. Ҳовлидаги қўрага 10 та ҳисори қўйни боғлаб қўйган, ҳар олти ойда етилганини бозорга чиқариб, янгисига алмаштириб туради.
Атроф маҳалладагилар Хўжандга “бой маҳалла” дея ҳавас билан қарашади. Боиси, бу ерда яшовчилар асосий кўпчилигининг ҳамёни бақувват, дасти узун. Оилавий бизнесдан топганларини замонавий уйлар қуриш, рўзғор тўкинлиги, ўғил-қизларини ўқитишга сарфлашяпти. Маҳалла ободлиги, камбағалроқ қўшниларга силаи раҳм кўрсатиш кўпчилик учун одатга айланган. Ёқубжон Хидиров узумчи ўғли Дилмуҳаммадни Жанубий Кореядаги олийгоҳда тўлов контракт йўли билан ўқитиб, яхши мутахассис қилиб тарбиялади. Олимжон Имомалиев эса фарзанди Илёсбекни Тошкентда магистратурада ўқиётган чоғда етарлича қўллаб-қувватлаб турди. Маҳалладошлар оқибати бир неча йил аввал турмуш ўртоғи вафот этиб ёлғиз фарзанди боқувчисиз қолган Зулфия Жорқинованинг ёдида бир умр сақланиб қолиши табиий. Қўни-қўшнилар уни ёлғизлатиб қўйишмади. Ўтган йили кўпчилик кўмаги билан икки хонали тураржойи мукаммал таъмирлаб берилди. Дарвозаси янгиланди. Бунга қўшимча хонадонга икки киловаттли қуёш панели ўрнатилди. Мактабнинг юқори синфида ўқиётган ўғли Муроджон дарсдан бўш пайтида маҳаллий тадбиркорга ёрдамлашиб, озми-кўпми маош оляпти. Ободончилик ишларида ҳам кўпчиликнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги иш бераётир. Ҳудуддаги 21 километрлик ички йўллар тўла асфальтланган, уларнинг катта қисми аҳоли бирдамлиги билан қўлга киритилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси асосида равонлаштирилди. Хонадонларнинг барчасидаги жўмраклардан зилол сув оқиб турибди. Кўплаб ҳайрли юмушларнинг бошида тадбиркорлар туриб беришяпти. Айниқса, бизнесини яхшигина йўлга қўйиб олган Баҳодир Алишеровнинг ташаббускорлигидан ҳамма хурсанд. У олдинроқ ўз ҳисобидан маҳалла оқсоқоллари учун кенгаш биноси қуриб берганди. Йил бошида катта лойиҳага қўл уриб, ҳудудда биринчи марта олти қаватли тураржой биносини тиклашга киришди. “Қишлоққа шаҳар ҳавосини олиб кирайлик, маҳалладошларимиз ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитда яшасин”, дейди у.
– Дастлаб фаолият бошлаган пайтимда оилавий аҳволини яхшилаш, меҳнат ўрни, моддий ёрдам кўрсатишни сўраб келувчилар билан кўпроқ ишлашимга тўғри келган, – дейди ҳоким ёрдамчиси Ф. Камолов. – Бугун бундай мурожаатлар кескин камайди. Баъзан ҳисоботлардаги ишсиз фуқаролар, меҳнат мигрантлари ҳақидаги ёзувларимга кўзи тушган мутасаддилар кўрсаткичлар даражаси муттасил ўзгараётганидан ҳайратланишади. Биргина жорий йилда ижтимоий фойдали юмуш билан банд бўлмаганлар сони кескин қисқариб 1,4 фоизга тушди. Камбағаллик тоифасидагилар икки фоизга келтирилди. Бу энг аввало, одамларнинг замонга шукронаси, томорқа имкониятларидан оқилона фойдаланиб, ўзини ўзи банд қилаётгани, тадбиркорликнинг бошқа йўналишлари муттасил кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарлари сони қисқартирилади
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг