Тўй ҳашамат эмас

Халқимизда уйига келган энг улуғ, оила учун қадрли бўлган меҳмонга ҳурмат нуқтаи назаридан тўн кийдириш удуми бор. Айрим тўйларимизда шу гўзал анъана ҳам дабдабабозликка айлантириб бораётгани ачинарли. Яқинда Кўкдала туманининг чекка қишлоқларидан бирига тўйга бордик. Икки ўғлининг қўлини ҳалоллаш баҳонасида элга дастурхон ёзган йигитни яхши таниймиз, барқарор даромад манбаи йўқ. Кунлик ишларда ишлайди, мол, қўй боқади, деҳқончилик қилади. Хуллас, ўртаҳол оила. Шунга қарамай, тўйга тумонат одам чақирган. Дастурхонда ҳамма нарса муҳайё. Бир ёнда ҳофизлар даврани қиздирмоқда, ўйин-кулги авжида, бир томонда кураш мусобақаси.
Тўй қизиган бир пайтда бошловчи йигит мезбон хонадоннинг яқинларини бирма-бир давра ўртасига таклиф эта бошлади. Исм-фамилияси ўқилган киши даврага чиқди, тўй эгалари эса унинг эгнига чопон ёпишди. Бу жараён бир соатдан ортиқ давом этди ҳамки, на давра ўртасига олиб чиқилаётган тахлам-тахлам тўнларнинг, на бошловчининг қўлидаги рўйхатнинг адоғи кўринади...
– Тўй эгаси кеча бир ҳўкизини сотиб, етмишта чопон олганди, – дейди ёнимизда ўтирган меҳмонлардан бири. – Етмиш қариндошга етмиш тўн улашишнинг нима кераги бор?
Тўғриси, ҳар қандай гўзал удум ҳам меъёридан ошса ниҳоятда бачкана кўринади четдан қараган кишига. Бу ишни тўй эгалари қилишди-ю, меҳмонлар хижолат тортиб ўтиришди.
– Чиройли тўй дастурхонга боғлиқ эмас, – дейди Қарши шаҳридаги Табассум маҳалласи фаолларидан бири, фахрий ўқитувчи Аҳмад Тўраев. – Тўй дунёнинг деярли барча мамлакатларида бор. Ҳамма уни ўз удум ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда турлича ташкил этади. Лекин барчасининг моҳиятида кишининг ўз бахтли онларини яқинлари даврасида нишонлаш, ширин дийдор, мароқли суҳбат истаги мужассам. Аммо биз тўй баҳонасида кўпроқ ўзимизни кўрсатишга, бойлигимизни кўз-кўз этишга уринамиз, ҳар жабҳада дабдабага, ҳашаматга урғу берамиз. Аслида чиройли ва файзли тўй қилиш меҳмонларнинг сони кўплиги ёки дастурхоннинг тўкинлиги билан ўлчанмайди. Аксинча, дабдабали, исрофгарчиликка йўл қўйилаётган тўйларда файз кўрмайсиз. Камгина харажат билан ҳам жуда чиройли тўй ўтказиш мумкин. Бу кишининг ички маданиятига боғлиқ масала.
Мавзуни ўрганиш жараёнида Қашқадарё вилоятининг турли ҳудудларида суннат тўйи ёки никоҳ тўйи учун кетадиган харажатлар ҳақида сўраб-суриштирдик. Маълум бўлишича, ҳозирги тўй мавсумида ўртача 400 кишилик тўй учун Қарши шаҳридаги энг арзон тўйхона 4-5 миллион сўм, қиммати 30-35 миллион сўм хизмат ҳақи сўралади. Тўрт юз киши учун 40 та столни ўртача даражада тўлдириш 70 миллион сўмдан 100 миллионгача боради. Вилоятдаги “бозори чаққон” санъаткорларнинг битта тўйни ўтказиб бериш нархи 2 миллиондан 15 миллионгача. Бошловчини 500 мингдан 1,5 миллион сўмгача бўлган нарх эвазига чақириш мумкин. Профессионал фото ва видео хизматларининг ҳам нархи анча баланд – 3 - 8 миллион сўм оралиғида. Шунгдан келиб чиқса, 400 кишилик камтарона тўйнинг фақат тўйхонадаги қисми учун 80-90 миллион сўм пул сарф этишингизга тўғри келади. Қанча дабдаба қўшилгани сари сарф-харажат миқдори ҳам ошиб бораверади. Чекка ҳудудларда эса тўйхона нархлари анча арзон. Ҳовлида тўй қиладиган оилалар ҳам кўп. Лекин бу ерда ҳам ортиқча маросим ва дабдабабозликларнинг кўпайиб кетгани ҳисобига суннат ёки никоҳ тўйлари харажати марказдагидан кам эмас.
Энди ўйлаб кўринг, битта тўйни ихчамлаштириш орқали иқтисод қилиб қолиш мумкин бўлган 60-70 миллион сўм билан фарзандларнинг тарбияси, сифатли таълим олиши, оиланинг фаровонлиги учун асқатадиган қанчадан-қанча ишлар битиради.
– Мамлакатимизда тўйларни ихчамлаштиришга давлат аҳамиятига молик масала сифатида алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энди зиёлилар фаоллашиши керак, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими бош мутахассиси Латиф Қамбаров. – Тўй қиламан деб қарзга ботаётган ёки оиласининг фаровонлиги, фарзандларининг яхши таълим ва тарбия олиши учун сарфлаши мумкин бўлган сармояни бир кунлик тўйга тўкиб-сочиб, кейин йиллар давомида қийналиб яшаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Яқинда шу масалада вилоят Маънавият ва маърифат кенгашининг йиғилиши ташкил этилиб, тўйлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олиш, бу борадаги тарғибот ишларини тизимли ташкил этиш, тушунтириш ишларидан сўнг ҳам тартибга амал қилмаганларнинг ишини муҳокамага қўйиш, маъмурий чора қўллашгача бўлган вазифалар белгилаб олинди. Ҳозирча бир қатор масъул ташкилотлар ҳамкорлигида бу борада тизимли тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.
Тўйларни ихчамлаштириш, исрофгарчиликларнинг олдини олишда маҳаллалардаги зиёли, обрў-эътиборли, ўзига тўқ оилаларнинг бу ишга муносабати муҳим рол ўйнайди. Одамлар кўпроқ уларга эргашади. Шу боис ҳам тўйларни тартибга солиш, дабдабабозликларга чек қўйишда обрў-эътиборли инсонлар фаоллик кўрсатиши, ихчам ва камхарж тўй қилишда ўрнак бўлиши лозим. Қачонки, ҳар биримиз дабдабали эмас, балки ихчам ва файзли тўйларга ҳавас қила бошласаккина, бу муаммо ўз-ўзидан батамом барҳам топади.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг