Тилсиз тилсим
Бугун қўлимиздан тушмаётган, бир қарашда ҳаётимизни енгиллаштираётгандек туюладиган телефон аслида кўпчилигимизни сездирмай ўз домига тортмоқда. У гапирмайди, аммо буюради. У чақирмайди, аммо ўзига тортади. Шу боис ҳам телефонни «тилсиз тилсим» деб аташ мумкин.
Авваллари телефон алоқа воситаси эди: узоқдагилар билан гаплашиш, хабар алмашиш учун хизмат қиларди. Бугун эса у бутун бир дунёни ўз ичига олган майдонга айланди. Ижтимоий тармоқлар, ўйинлар, видеолар, янгиликлар — буларнинг барчаси инсонни реал ҳаётдан секин-аста узоқлаштирмоқда. Энг хавфлиси, бу жараённи кўпчилик сезмаяпти.
Телефонга қарамлик ёш танламайди. Катталар иш баҳонасида экранга қадалиб қолса, болалар ва ўсмирлар учун телефон кўнгилочар ўйинчоққа айланган. Натижада оилавий суҳбатлар қисқаради, бир дастурхон атрофида ўтирган одамлар ҳам бир-бири билан эмас, ўз телефонлари билан «мулоқот» қилмоқда. Бу эса инсонлар ўртасидаги меҳр, эътибор каби баъзи бир туйғуларни аста-секин сўндирмоқда.
Телефонга ҳаддан ташқари боғланишнинг салбий оқибатлари кўп. Бу ҳақда била туриб ҳам шундай қилишда давом этмоқдамиз. Аввало, бу ҳолат инсон саломатлигига таъсир қилади: кўзлар тез чарчайди, уйқу бузилади, асабийлик кучаяди. Бундан ташқари, диққатни жамлаш қийинлашиб, ўқиш ва иш самарадорлиги пасаяди. Айниқса, ёшлар орасида вақтни беҳуда сарфлаш одати кучайиб, мақсад ва орзулар томон ҳаракат қилишда сусткашликларга йўл қўйишмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат — руҳий ҳолат. Ижтимоий тармоқлардаги сунъий «мукаммал ҳаётлар»ни кўрган инсон ўз ҳаётидан қониқмай қўйиши мумкин. Бу эса тушкунлик, ўзига бўлган ишончсизлик ҳиссини кучайиши каби муаммоларни келтириб чиқаради. Аслида эса кўплаб суратлар ва видеолар ҳақиқатни эмас, безатилган бир лаҳзани акс эттиради.
Албатта, муаммо телефоннинг ўзида эмас, ундан фойдаланиш маданиятидадир. Телефон ҳаётимизга хизмат қилиши керак, ҳаётимизни бошқармаслиги лозим. Вақтни режалаш, экран қаршисида ўтиришни чеклаш, оилавий ва дўстона суҳбатларга кўпроқ эътибор қаратиш — булар телефонга қарамликдан қутулишнинг оддий, аммо самарали йўлларидир.
Телефон — кучли восита. У билим манбаи ҳам бўлиши мумкин, вақт ўғриси ҳам. Танлов эса ҳар биримизнинг қўлимизда. Агар биз уни бошқара олсак, телефон фойда келтиради. Акс ҳолда, у бизни реал ҳаётдан узиб қўядиган «тилсиз тилсим»га айланиб қолаверади.
Муштарий ТОШПЎЛАТОВА,
Ҳалима Худойбердиева номидаги
ижод мактабининг битирувчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Тошкентда «UzFood 2026» ва «OʻzuPACK 2026» Халқаро кўргазмалари бўлиб ўтмоқда (+фоторепортаж)
- «Сохта тетикликнинг ҳақиқий ҳалокати»: энергетик ичимликларнинг секин, аммо муқаррар йиқитиш жараёни ҳақида
- Шайха Носир Ал Новайс: “Мен бу каби ёндашувни аввал кўрмаганман”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг