Таиланд ва Камбоджа ўртасида тўқнашувлар авж олди

14:26 08 Декабрь 2025 Дунё
1014 0

Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги баҳсли чегара ҳудудида қуролли тўқнашувлар авж олди. Бу ҳақда “Al Jazeera” нашри хабар берди.

Манбага кўра, ҳодисалар оқибатида бир таиландлик ҳарбий ва тўрт камбоджалик фуқаро ҳалок бўлган. Икки давлат можаро бошланишида бир-бирини айбламоқда.

Таиланд армияси берган маълумотга кўра, душанба тонгида Убон Рачатхани вилоятида маҳаллий ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганидан кейин камбоджалик ҳарбийларнинг ҳужумларини “босиш” мақсадида ҳаво зарбалари берилган. Расмийлар тўқнашувлар оқибатида камида саккиз киши яраланганганини маълум қилган.

Таиланд томони Камбоджа аскарлари 8 декабрь куни соат 05:05 да кичик калибрли қуроллар ва миномётга ўхшаш қуроллардан ўқ узганини айтган. Таиланд аскари ҳалок бўлгани ҳақидаги хабар эса тахминан 07:00 да олинган.

Камбоджа эса бу баёнотни рад этди. Камбоджа ҳарбийлари баёнотига кўра, 05:00 да биринчи бўлиб ҳужумни айнан таиландликлар бошлаган. Камбоджа расмийлари бу ҳужум бир неча кунлик “қўзғатувчи ҳаракатлар”дан сўнг амалга оширилганини билдирган.

Камбоджанинг ахборот вазири Нет Пхеактранинг таъкидлашича, таиландликларнинг зарбалари оқибатида камида тўрт камбоджалик фуқаро ҳалок бўлган, 10 киши яраланган. Ўлим ҳолатлари Оддар Минчей ва Преах Вихеа провинцияларида қайд этилган.

Можаро aрафасида Сисакет вилоятида яна бир қисқа ўқ алмашуви юз бергани ҳам маълум қилинди. Таиланд армиясига кўра, Камбоджа ҳарбийларининг ўқ узиши икки таиландлик аскарнинг яраланишига сабаб бўлган, шундан сўнг Таиланд томони ҳам жавоб берган ва тахминан 20 дақиқа давомида отишма юз берган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?