Сизга таъзим, сизга ташаккур!

15:48 04 Март 2026 Жамият
397 0

Хорижда таҳсил олаётган шогирдларидан бири қўнғироқ қилиб, муаллимани бир эмас, ўн нафардан зиёд битирувчи ўқувчисининг муддатидан аввал олий ўқув юрти талабаси бўлиш бахтига эришгани муносабати билан табриклаганида Маъмура Иннатуллаеванинг қувончдан боши кўкка етди.

– Шогирдларимизга берганимиз жиндаккина меҳр, эътибор бизга тоғдай бўлиб қайтади, – дейди у. – Ўқитувчи учун бу назаримда, энг катта мукофот. Билимли, зукко, меҳнатсевар, юртимизга, устозига меҳр-оқибатли шундай ўқувчиларим борлигидан ғурурланаман.

Маъмура Иннатуллаева – Қоракўлда бутун бошли математика мактабини яратган Ўзбекистон халқ ўқитувчиси, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби Тўхтамурод Жумаевнинг шогирдларидан. Тумандаги ихтисослашган мактаб – интернатни битиргач, Бухоро давлат университетида кимё фани йўналишида ўқиди. Кейин эса марҳум устозининг давомчилари фаолият юритаётган Қоракўл халқаро математика мактабига махсус танлов асосида ишга қабул қилинди. Олий тоифали ўқитувчи.

– Дарсни интерфаол усуллар асосида ўтаман, – дейди қаҳрамонимиз. – Бунинг учун мактабимизда барча шарт-шароит бор. Лабораториядаги машғулотлардан бирор бир шогирдим четда қолмайди. Негаки, назарий билим амалиёт билан уйғун тарзда олиб борилса, ўқувчи маълум бир кўникмага эга бўлади. Қизиқишига қизиқиш қўшилади. Тажрибамдан яхши биламан: ҳар бир жараённи кўзи билан кўриб, қўли билан бажарган ўғил – қизларнинг ўзига бўлган ишончи мустаҳкамланади. Кўзи пишади.

Сирасини айтганда, барча фанлар қатори кимё ҳам Бухоро, жумладан Қоракўлда қадим-қадимдан ривожланган. Туман ҳудудидаги кўҳна Пойкент шаҳри харобаларидан ичида турли идишлар, шиша асбоблар бўлган VIII асрга тегишли лаборатория топилганининг ўзи бу фикр исботидир. Муаллима дарс жараёнида ана шулар ҳақида ҳам тўхталиб, ёшларни изланишга, аждодларга муносиб авлод бўлишга ундайди.

Айтмоқчи, наинки Бухоро, балки қўшни вилоятларда яшовчи ота-оналар учун ҳам ўз фарзандини Қоракўл халқаро математика мактабида ўқитмоқ ширин бир орзу. Бунга Маъмура Иннатуллаевага ўхшаган фидойи ўқитувчиларнинг заҳматли меҳнати сабаб, албатта. Ютуқлар эса жуда кўп. Ўтган йилда бу даргоҳни битирган 69 нафар ўқувчининг барчаси мамлакатимиз ҳамда хорижнинг нуфузли олий ўқув юртлари талабасига айланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер