Сиз ўзингиз туғилиб ўсган маҳалла ҳаёти билан қизиқасизми?

Ўзимизнинг маҳалламиз... ўзимиз туғилиб ўсган, кўчаларида беғубор ёшлигимиз қолиб кетган қадрдон маҳаллага кириб борар эканман, руҳиятимда бир енгиллик ҳис қилдим. Бу уни ҳеч жойдан топиб бўлмайдиган шундай тотли туйғу эдики, фақат маҳалла, ўзинг улғайган уй, қадрдон одамлардан қолган хотиралар сенга таскин бера олиши мумкин. Ахир шу маҳалла сени тетапоя қилмаганми? Шу маҳалла сенга тил-забон бериб, катта йўлга кузатиб қўймаганми? Нимагаки эришган бўлсанг, ҳаммасига шу табаррук маскан ҳисса қўшмаганми? Бугун сен унинг олдидаги қарзингни уза олдингми? Бугун маҳалла она мисоли сенга кўз тикиб турганини ҳис қила оласанми?
Ўзим ўсиб улғайган Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Мирза Ғолиб маҳалласига қадамим етганидаёқ ташвишли кунларимда елкадош, қувонганимда энг яқин сирдош бўлган, мен учун дунёдаги энг чиройли масканга келганимни ҳис қилдим. Маҳалла раиси Дилшод ака Холматов жуда бамаъни, элу юрт учун куюнчак, фидойи одам эканини кўп эшитгандим. Унинг ширин суҳбатидан баҳраманд бўлганимда бунга яна бир марта амин бўлдим. Эътиборлиси суҳбат давомида раиснинг бир гапи дилимни яйратиб юборди: “вазифам одамлар ишончини қозониш...” Ана шу тамойил ҳар бир раис юрагидан мустаҳкам жой олиши муҳим.
1966 йилда ташкил этилган бу маҳалла одамларни бир нуқтада бирлаштирадиган, эзгу мақсад йўлида бир-бирини қўллаб-қувватлайдиган оқибат масканига айланиб боряпти. 3,5 минг нафар аҳоли, 400 дан зиёд оиланинг аҳил-иноқ ва тотувлиги боиси бу ерда асосан зиёлилар яшаётгани билан чамбарчас боғлиқ, дейди раис. Маҳалла Тошкент шаҳридаги нуфузли олий ўқув юртларига яқин ҳудудда жойлашган. Бугунги кунда 1000 нафардан зиёд талаба маҳалла хонадонларида барпо этилган хостелларда яшаб таҳсил олишмоқда. Университетдаги устозлар ҳам, ота-оналар ҳам бу маскан фарзандлари учун энг ишончли жой эканини таъкидлашади. Демак маҳалла тарбия масканига айланмоқда.
Ўзим туғилиб ўсган маҳалладаги одамларнинг чеҳрасидаги мамнунлик, ҳаётидан розилиги ва юртимиз келажагига ишончи юксаклиги қўлимга қалам олишга ундади. Маҳалладаги ободлик ва одамлар кайфиятидаги хотиржамлик мамлакатимизда мазкур тизимни такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганининг амалий самарасидир. Президент раислигида маҳалла тизимини такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинган видеоселектор йиғилишида Янги Ўзбекистоннинг замонавий бошқарув тизимида маҳалланинг ўрни ва аҳамияти қанчалик муҳим эканига алоҳида урғу берилган эди. Йиғилишда маҳалла институти фаолиятини ҳаёт талабларига мослаштириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, ишсизликни қисқартириш ва маҳаллий даражада тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берилгани ҳам таҳсинга сазовор. Аниқ айта оламанки, бу йиғилиш маҳалла тизимига нисбатан янги ёндашувни ифодалади, хусусан маҳалла энди фақат маъмурий тузилмадан воз кечган ҳолда, аҳолининг муаммоларини ҳал этиш, иш ўринлари яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда етакчи бўғинга айланаётгани кўзга ташланмоқда.
—Маҳалламиз Тошкент шаҳрининг жануби-ғарбий қисмида жойлаган,— дейди Д. Холматов. —Маҳалла гузари жуда чиройли ва серҳашам. Одамлар бундай масканларга келиб, ҳордиқ чиқаришни, ўзаро суҳбат қилишни ёқтиришади. Йўлларимиз равон, аҳоли турмуш шароити ҳам юксалиб боряпти. Мени қувонтирган жиҳат шуки, шу маҳаллада туғилиб ўсган, айни пайтда тадбиркор, ишбилармон ёки нуфузли идоралар ишлаётган кишилар ночор одамларга ёрдам қўлини чўзади. Берганимизни биров билмасин, дейишади. Юракдан чиққан эҳсон юракларни қувонтираётганидан мамнунмиз.
Таҳлил қилиш жараёнида айрим ҳудудларда намуна бўла оладиган фаоллар борлигини алоҳида эътироф этилди. Мирза Ғолиб маҳалласи аҳоли манфаатини ҳимоя қилишда ва маҳалла тараққиётини таъминлашда яхши натижаларга эришмоқда.
Ҳудудларнинг иқтисодий фаоллиги ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 7 мингдан зиёд маҳалла 15 йўналиш бўйича — мева-сабзавотчилик, гулчилик, тикувчилик, асаларичилик, мебелсозлик ва бошқа соҳаларда ихтисослашган. Бу орқали 1,5 миллионга яқин оила барқарор даромад манбаига эга бўлди. Бироқ Президент йиғилишда айрим ҳудудларда ҳали ҳам мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётганини танқидий қайд этди. Шу муносабат билан мутасаддиларга ҳар бир маҳалланинг ихтисосини аниқ белгилаш, аҳоли салоҳиятига мос микролойиҳаларни шакллантириш ва камида 200 минг фуқарони иш билан таъминлаш вазифаси топширилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари маҳалланинг тозалиги — унинг юзи эканини таъкидлаб, республика миқёсида “Озодалик ва тозалик ойлиги”ни эълон қилиш ташаббусини илгари сурди. Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокими ўз ҳудудидаги кўчалар, ариқлар, хиёбонлар ва бинолар атрофини озода тутиш учун шахсан масъул этиб белгиланди. Шунингдек, ёшлар тарбияси, оилавий барқарорлик ва маънавият масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Ажримлар сони ортиб бораётгани, эрта никоҳ ва алимент тўламаслик ҳолатлари жамият учун жиддий хавф эканини таъкидланди. Шу муносабат билан никоҳ шартномасининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш ва ёшларда оилавий масъулият ҳиссини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.
Бу тизим фақат бошқарувга асосланиб қолмасдан, аксинча ижтимоий тараққиёт, иқтисодий фаоллик ва маънавий бирдамлик марказига айланиши керак. Бугун маҳалла — давлат ва жамият ўртасидаги энг муҳим боғловчи бўғин сифатида Янги Ўзбекистон стратегиясининг амалий пойдеворига айланмоқда. Яратилган имкониятлар, ажратилаётган маблағлар ва маҳалла еттилиги тизимидаги ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг ташаббускорлиги ортяпти, тадбиркорлик кенгаймоқда ва аҳоли даромадлари ўсмоқда. Энг муҳими, маҳалла фуқаролар манфаатини ҳимоя қилувчи, уларнинг ҳаётини яхшилайдиган ва жамиятда ҳамжиҳатликни таъминлайдиган кучли ижтимоий институт сифатида тобора мустаҳкамланмоқда.
Шу ўринда савол туғилади. Сиз ўзингиз туғилиб ўсган маҳалла ҳаёти билан қизиқасизми? Одамлар турмуш тарзи, ўй-ташвишлари ва муаммоларини ўрганасизми? Бу нимага керак, дейсизми? Ахир бу фарзандлик бурчи-ку. Бу бурчни адо этишни ҳеч қачон ёддан чиқарманг!
Зилола ШОМАНСУРОВА,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Молия ва молия технологиялари кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг