Сирдарёда “Ўтовлар шаҳарчаси” барпо этилди
“ХАЛҚ СЎЗИ ONLINE”. Аҳмадали Шерназаров/Сирдарё. “М-39” (Тошкент — Термиз) халқаро автойўлининг Мирзаобод тумани ҳудудидан ўтадиган қисми ёқасида ўтовлар тикилган манзил бунёд этилди. Эътиборлиси, унинг бекат-дўкони учун ҳам ана шу қадимий турар-жой иморати кўриниши танланди.
Хўш, йўлдан ўтаётганларнинг эътиборини ўзига жалб этиб, Мирзачўлнинг қадимий ўтмишига хос экзотик манзара ҳосил қилган мазкур ўтовлар нима мақсадда тикилди?
“Маълумки, асрлар давомида Мирзачўл яйловларида туя боқиш чорвачиликнинг энг муҳим тармоқларидан бири бўлган. Менда шу йўналиш бўйича айни воҳада тадбиркорликни йўлга қўйиш ва туя сути билан даволайдиган халқона тиббий хизматни ташкил қилиш нияти бор эди. Қолаверса, бизнес ғоям мазмунан табиат билан уйғун бўлишини ҳам истагандим. Шу боис ўтовлар тикилган ҳудуддаги табиий муҳитни, яъни бу ердаги юлғун, янтоқ ва бошқа чўл ўсимликларини ўз ҳолича сақлаб қолдик. Келажакда эса саксовул кўчатлари келтириб, уларни ҳам геометрик схема асосида эмас, гуё табиий ҳолда ўсаётгандек жойлаштиришни ният қилганмиз. Маълумки, ёввойи табиат, айниқса, чўл муҳити киши руҳига сокинлик бахш этади. Бўш турган ташландиқ бостирма биносидан ферма сифатида фойдаланяпмиз. Ҳозирча 30 та туямиз бор. Ҳадемай, улар яна 12 тага кўпаяди. Даволанувчиларга туя сути соғилган заҳоти иссиқлигида тақдим этилади. Албатта, бундан олдин у махсус фильтрлаш жараёнидан ўтказилади. Ўтовларга сандал ҳам ўрнатганмиз. Унда ғўзапоядан чўғ ҳосил қиламиз. Амалда маълумки, ғўзапоя чўғининг тафти танадаги дардлардан фориғ бўлишда яхши самара беради. Шунингдек,айни чоғда замонавий тиббий аппаратларни келтириш ва малакали тиббиёт ходимларини ишга жалб этиш ҳаракатидамиз”, - дейди мазкур лойиҳани амалга оширган Муҳиддин Маҳкамов.
Тадбиркор Муҳиддин Маҳкамовнинг айтишича, Сурхондарёнинг турли қишлоқларидан олиб келинган ўтовларнинг “ёши” ҳам 50-60 йилнинг нарисида экан. Масалан, шерободлик 82 ёшли Ғузор бободан сотиб олинган ўтов унга уйланганида ўша вақтнинг урфига кўра отаси томонидан “Қора уй” сифатида тиклаб берилган экан. Шу маънода ўтовларни рақамлаш билан бирга, ҳар бирига уларнинг тарихи, асл эгаси, эски манзили ёзилган лавҳаларни ҳам илиб қўйилиши бу манзилнинг ҳадемай мозийдан ҳикоя қилувчи масканга айланишини ҳам кафолатлайди. Ва шубҳасиз, улкан халқаро автойўл теграсидаги ушбу гўша “Ўтовлар шаҳарчаси” сифатида туризмнинг севимли бекатига ҳам айланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг