Шарбатга тўлган қува анорзорлари

Қувалик миришкорлар анорни мевалар қироли дейиши бежиз эмас. Дунёда анорнинг 500 тури бўлса, юртимизда, хусусан, Қува туманида унинг 250 та нави парваришланмоқда.
Боғбонлар билан суҳбатлашсангиз, анор етиштириш учун ниҳоятда нозик дид, назокат, меҳр кераклигини таъкидлашади. Ер мўл бўлишига қарамай, туманнинг ҳамма жойида ҳам анор бирдек яхши ҳосил беравермайди. Анорнинг ўзи суядиган жойи – Ватани бўлади. Анор ёз саратони, қиш қаҳратонидан сақлайдиган иқлими мўътадил, ҳамиша майин шабада эсиб турадиган ерларга экилади.
Бугун Қувада ота-боболардан мерос бу каби ҳаётий тажрибалар илм-фан ютуқлари, инновациялар асосида ривожланиб бораётгани эътиборга молик. Айни пайтда туманда 2 минг 850 гектар анорзорлар мавжуд. Унда 7 та МФЙдаги 12 мингдан ортиқ хонадон анорчиликка ихтисослашган. Аҳоли томорқасида 1 минг 100 гектар анор боғлари бор. Анор етиштиришда туманнинг Фарғона вилоятидаги улуши қарийб 60 фоизни ташкил этади.
Биргина жорий йилда Қувада 37,8 минг тонна анор ҳосили олиш, унинг 2,7 минг тоннасини экспорт қилиш орқали 3,5 миллион доллар даромад олиш кўзда тутилган. Шу кунларда Қува анорзорларида “Қаюм”, “Туя тиш”, “Қора дона”, “Қизил пўчоқ”, “Нордон анор” кўзни қувнатадиган даражада қизилликка бурканган. Олтин куз она заминга ўз сепини дастурхон қилиб тўшайдиган тароватли оқшомларда боғларда анорлар “тарс, тарс...” ёрилган. Бу жаннатмакон диёримиз мевалари кузги шудрингда янада шарбатга тўлиб пишганидан далолат.
Мастурахон Сайфуддинова қирқ беш йилдан буён шу анорзорлар маликаси. Қуванинг қуриб-қақшаб ётган ерларида бепоён анорзорлар барпо этди. Ўз вақтида Шароф Рашидов Қува анор боғларига ташриф буюриб, Фарғонанинг дилбар қизи Мастуранинг боғдорчиликдаги дастлабки ютуқларини юксак эътироф этганди.
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида бир неча бор ушбу боғларда бўлиб, Қува анорчилигини илм-фан ютуқлари асосида ривожлантириш бўйича бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Шу тариқа заволга юз тутаётган анорчилик тармоғига иккинчи ҳаёт бахш этилди.
— Эндиликда шунчаки табиат ҳодисаларига қараб эмас, илм–фан, инновация ғоялари асосида деҳқончилик қилишни ўргандик, — дейди “Қува анори” агрофирмаси раҳбари Мастура Сайфуддинова. — Бугунги кунда 10 нафарга яқин ёш олимлар анорчилик соҳасида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Мастура опа келин танлашда ҳам анорчиликни унутмади. Ҳозирда хонадонидаги эрка келини ёш олима – анорчилик соҳаси бўйича мутахассис.
– Анорнинг турли касалликларга қарши фойдали хусусиятлари кўп. Буни тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда олиб борган илмий изланишларимиз исботлайди, – дейди қувалик ёш олим Ҳусниддин Самиев. – Ҳозирда данаксиз, маҳаллий иқлим шароитига мос, экспортбоп анор навларини кўпайтириб, тадбиркорларни янги анорзорлар барпо этишига кўмаклашяпмиз.
Қувадаги “Насимхон Моҳинур барака” фермер хўжалигидаги 4 гектар анор боғида жорий йилда ёш олимлар кўмагида “Қаюм”, “Озарбайжон ширин”, “Олтиариқ аччиқ” каби навлардан баракали ҳосил етиштирилди. Фермер хўжалиги бошлиғи Акрамжон Сулаймонов 4 тоннадан зиёд маҳсулотни экспорт қилишни мақсад қилган.
Кейинги йилларда Қува тажрибаси бўйича мамлакатимизнинг кўплаб вилоятларида замонавий мезонлар асосида анор плантациялари барпо этилди. Бу ишларда қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари, ихтисослашган олий таълим муассасалари профессор – ўқитувчилари билан бирга Мастура опа Сайфуддинова ҳам елкадош. Анорчилик соҳасида илмий қўлланма сифатида опанинг ҳаммуаллифлигида китоб ҳам нашр этилди. Мақсад анорчиликни қишлоқ хўжалигининг сердаромад соҳаларидан бирига айлантиришга қаратилган.
Айни пайтда ҳудудда саралаш ва қадоқлаш, қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари фаолияти ҳам кенгайиб бормоқда. Айтайлик, “Uz Segang” МЧЖ томонидан умумий қиймати 10,2 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида 600 гектар ерда интенсив боғ ташкил этилди. Йилига 20 минг тонна маҳсулотни саралаш ва қадоқлаш қуввати ишга туширилди. Жаҳон бозорида Қува анори брендини янада машҳур қилиш бўйича аллақачон дадил қадамлар ташланган.
Ботир МАДИЁРОВ
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг