Шаҳарсозлик реновацияси ҳамда суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришга доир қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди

Сенат Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг бугунги мажлисида янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда шаҳарларнинг қиёфасини яхшилаш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолининг турмуш шароитини юксалтиришга, шунингдек, рақамли суғурта хизматларини кенгайтириш, молиявий технологияларни жорий этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.
Хусусан, Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонун билан ер участкалари компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан ҳамда шаҳарсозлик реновацияси амалга оширилиши натижасида компенсация сифатида бериладиган кўчмас мулк объектлари ва пул маблағлари солиқ солишда ҳисобга олинмайдиган даромадлар сифатида белгиланмоқда.
Қонунга асосан шаҳарсозлик реновацияси ҳудудида жойлашган турар ва нотурар жой тоифасидаги объектларнинг эскирганлиги, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб, авария ҳолатига келиб қолганлиги ҳамда ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатларнинг мавжудлиги шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш учун асос ҳисобланади.
Реновация лойиҳаси асосида ҳудудни меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш шаҳарсозлик реновациясининг асосий мақсадларидан биридир. Бундан ташқари, реновация эскирган, яшаш ва фойдаланиш учун яроқсиз деб топилган, авария ҳолатига келиб қолган уй-жой фондини инсон яшаши ва фойдаланиши учун яроқли ҳолатга келтириш мақсадини ҳам кўзлайди. Бунда ҳудуд аҳолисининг ижтимоий ҳаётига жиддий таъсир қиладиган ҳолатлар бартараф этилади.
Реновация натижасида ҳар бир шаҳарда замонавий талабларга жавоб берадиган муҳандислик коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма яратилади, энергия самарадорлиги кўрсаткичлари яхшиланади.
Сенаторлар муҳокама мобайнида Суғурта фаолияти тўғрисидаги қонуннинг аҳамияти ҳақида ҳам фикрлар билдирди. Жумладан, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши унинг қоидалари бир хил қўлланилиши учун амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларини унга мувофиқлаштириш зарурати юзага келаётганлиги қайд этилди.
Қонун суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантириш орқали суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратишга, электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга, электрон тижорат операторлари фаолияти устидан самарали назоратни йўлга қўйишга ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг