Сенат Раиси пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлди

05:40 07 Апрель 2024 Сиёсат
802 0

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида пойтахтимизнинг Олмазор туманида бўлди. Ташриф давомида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнлари, таълим муассасалари, ижтимоий объектлардаги шарт-шароитлар, бандлик масалаларига эътибор қаратилиб, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

Бугун юртимизда ёш авлоднинг таълим ва тарбиясига барча ислоҳотлар занжирининг энг муҳим ҳалқаси сифатида қаралмоқда. Олмазор туманида ҳам мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, боғчаларда сифат ва қамровни ошириш, аҳолиси зич ёки қамров кўрсаткичи паст бўлган ҳудудларда янги давлат боғчаларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сенат Раисининг дастлабки ташриф манзили туманнинг «Зиёкор» маҳалласи ҳудудида янгидан барпо этилган 420 ўринга мўлжалланган «Келажак болалари» номли 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Болалар боғчасида яратилган шароитлар билан танишиш жараёнида тарбияда узвийликка эътибор қаратиш, фарзандлар онгига миллий қадрият ва анъаналарни сингдириб бориш бўйича тавсиялар берилди.

Олмазор тумани ҳудудида яшил боғлар барпо этиш, экологик вазиятни яхшилаш юзасидан ҳам амалий чоралар кўрилмоқда. Бунинг учун туманда манзарали дарахт ва бута кўчатлари, мавсумий гуллар турларини етиштириш учун махсус иссиқхона ташкил этилган. Сенат Раиси туманга ташрифи давомида «Олмазор Гарден»МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур иссиқхонада етиштирилган кўчатлар туман маҳаллаларига етказиб берилади.

50 та иш ўрни яратилган иссиқхонада соҳанинг сир-асрорларини ўргатишга мўлжалланган ўқув курслари ҳам ташкил қилинган.

Тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш бугун давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди. Туманда айни шу мақсадда ташкил этилган «Арт-Шош» – Миллий ҳунармандчилик мактаби ва замонавий ишлаб чиқариш маркази фаолияти билан танишув чоғида камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромадли иш билан таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди.

40 та иш ўрни яратилган марказда асосан миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари жумладан ёғоч ўймакорлиги, миниатюра, наққошлик йўналишларида ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Шу билан бирга миллий ҳунармандчиликка ўқитиш «устоз-шогирд» мактаби фаолият юритади.

«Зиё» маҳалласи ҳудудидаги «Республика уруш ва меҳнат фахрийлари панционати» да эса Сенат Раиси ёши улуғ кексалар ва муассаса ходимлари билан самимий суҳбатлашди. Панционатда ташкил этилган Наврўз сайлида иштирок этди.

Шу ернинг ўзида «маҳалла еттилиги» томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди.

Муқаддас Рамазон ойида эҳтиёжманд ва муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиш, ёрдам кўрсатиш халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятлари саналади.

Сенат Раиси Олмазор туманига ташрифи давомида «Олимпия», «Гуручариқ» ва «Хастимом» маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер