Сенат раиси икки мингта иш ўрни яратилаётган корхонада бўлди
Истам Иброҳимов/«Халқ сўзи». Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Т. Норбоева айни пайтда Бухоро вилоятида бўлиб, жойларда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, янги бизнес лойиҳаларни ишга тушириш аҳволи билан танишмоқда, «маҳалла еттилиги» фаолияти иш самарадорлигини ўрганяпти.
Бухоро шаҳридаги «Нигора» масъулияти чекланган жамиятида бўлган Сенат раиси бу ерда инвестиция дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан атрофлича танишди.
Айтиш жоизки, мазкур корхона бино ва иншоотлари қатор йиллардан буён бўш ётган, қачонлардир ҳаёт қайнаган бу маскан ўз файзини йўқотаёзган эди. Тўғридан тўғри хорижий инвестициянинг киритилиши бу ҳолга барҳам берди. 22 миллион АҚШ доллари миқдоридаги сармоя эвазига ип-калава ва ундан мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бундан ташқари, матони бўяш, тайёр кийим-кечаклар тикишни йўлга қўйиш мақсадида қўшимча инвестиция ҳам киритилди. Лойиҳа ташаббускори Иброҳим Ҳамроевнинг билдиришича, яқин-яқингача пахта хом ашёси яъни тола хорижга экспорт қилинар, ўзимизда етиштирилган пахтадан тайёрланган сифатли кийим-кечакларни чет элдан сотиб олишга тўғри келарди. Эндиликда эса аҳвол тамоман ўзгаряпти. Хом ашё шу ернинг ўзида қайта ишланиб, тайёр маҳсулот ҳолига келтириляпти. Бу қўшимча қиймат яратиш, кўплаб иш ўринлари барпо қилиш имконини юзага келтирмоқда. Корхонага келсак, яқин истиқболда бу ерда икки мингта иш ўрни юзага келади.Ишчиларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади.
Сенат раиси корхона масъулларига хотин-қизларни касб-ҳунарли қилган ҳолда уларда замонавий дастгоҳларда ишлаш кўникмасини шакллантириш, бунда маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда ишлаш юзасидан тавсиялар берди. Шу ернинг ўзида «Шайхул-ул Олам» маҳалла фуқаролар йиғини еттилиги билан суҳбатлашди.
Т. Норбоева шунингдек, Жондор туманида ҳам бўлиб, касб-ҳунарга ўқитилаётган хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан мулоқот қилди. Туман ҳокимлигида вилоятнинг барча туманлари оила ва хотин-қизлар бўлимлари масъуллари, тижорат банклари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари рахбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, ишбилармонликка иштиёқманд юртдошларимизга кўмаклашиш борасидаги аҳвол танқидий таҳлил қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг