Сенат қўмитаси аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш ҳолатини таҳлилий муҳокама қилди
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Бугунги тараққиёт ва ривожланиш даврида аҳолига автотранспорт хизматини кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий шаклга ўтказиш, йўловчи ташиш сифатини яхшилаш долзарб масала ҳисобланади.
Жорий йилнинг 21 ноябрь куни Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Унда Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, эксперт ва мутахассислар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Дастлаб, Транспорт вазирлиги масъуллари соҳада амалга оширилган ишлар ҳолати билан таништирди.

Вазирлик маълумотига кўра, Интернет жаҳон ахборот тармоғида Тошкент шаҳрида автобусларнинг ҳаракат нуқтасини кузатиш мақсадида “Тошкент транспорти” мобил иловаси ишга туширилган.
Шу билан бирга, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспортларининг оралиқ интерваллари қисқартирилиб, замонавий янги метро бекатлари фойдаланишга топширилган. Автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этилди ҳамда автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилган.

Ўтган вақт давомида халқаро ва маҳаллий ҳаво йўналишларида йўловчи ва юкларни ташиш сертификатига эга бўлган “Qanot sharq”, “Panorama airways”, “Humo air”, “Centrum air”, “Silk avia”, “Asia Union Airlines” ва “Tashkent air” каби авиакомпаниялар ташкил этилган ҳамда халқимизга хизмат кўрсатишни бошлаган.
Мунозаралар жараёнида соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида ўз ечимини кутаётган бир қатор масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Жумладан, Ўзбекистон истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотларига кўра, транспорт хизматларини кўрсатишда камчиликлар бўйича аҳоли томонидан 252 та мурожаат келиб тушган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида жамоат транспортларида автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилмаган.

Бундан ташқари, йўловчи ташувчи жамоат транспортлари, автошоҳбекатларда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун автотранспорт воситаларига чиқиш учун махсус мосламаларнинг ўрнатилмаганлиги, темир йўл хизматлари кўрсатишда камчиликлар мавжудлиги жамоатчилик ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Муҳокамалар жараёнида Сенат аъзолари, депутатлар ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматларини янада такомиллаштириш учун зарур чоралар кўрилиши юзасидан аниқ таклиф ва тегишли тавсиялар берилди.



Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
- Ламин Ямал «Барселона»ни тарк этиши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг