Саудиянинг миллионларидан баҳраманд бўлаётган Баҳрайн

2022 йилнинг 30-декабрь куни жаҳон футболида мисли кўрилмаган воқеа юз берди. 5 карра “Олтин тўп” соҳиби Криштиану Роналду кутилмаганда Саудия Арабистонининг “Ал-Наср” клуби билан шартнома имзолади.
Бундан илҳомланган қатор жаҳон футболи юлдузлари ҳам Саудияга кела бошлашди: Боно, Мане, Канте, Бензема, Неймар ва ҳоказо. Футбол юлдузларининг Саудия Арабистонига оммавий кўчиб келиши ортидан, Форс кўрфазидаги кичик Баҳрайн мамлакати ҳам сезиларли фойда кўра бошлади.
Маълумотларга кўра, Саудия клублари билан шартнома имзолаган кўплаб футболчилар оила аъзоларини айнан Баҳрайнга жойлаштирган. Хўш, бунга нима сабаб бўлди?
1. “Баҳрайнда дин билан боғлиқ чекловлар мавжуд эмас. У ерда алкоголли ичимликлар сотиб олиш, тунги клубларда дам олиш, замонавий кийиниб юриш, қисқа қилиб айтганда, бемалол Европадагидек яшаш мумкин. Саудияда эса бу нарсаларга ёки тўлиқ, ёки маълум даражада тақиқ бор”.
2. “Саудия Арабистони қонунчилигига кўра, расмий никоҳдан ўтмаган шахсларнинг бир уйда яшаши таъқиқланади. Маълумот учун, фақат Криштиану Роналду учун бу чеклов бўйича истисно берилган. Баҳрайнда эса бу билан боғлиқ муаммо йўқ. Европа маданиятида жуфтликларнинг беникоҳ яшаши одат тусига киргани ҳаммамизга маълум. Айнан шу жиҳатлар футболчиларнинг Саудия Арабистонига кўчиб келмаслигига сабаб бўлган ва бўлмоқда”.
Саудия Арабистонига келган ҳар бир хорижлик мамлакат қонун-қоидаларига мослашиши талаб этилади. Аммо Европа ва Лотин Америкасидан келган футболчилар учун бу ҳар доим ҳам осон кечмайди. “Ал-Наср”да ўйнаган бразилиялик Рафаэл Бастос бу ҳақда шундай ҳикоя қилади:
“Хорижликлар, айниқса, бразилияликлар учун араб дунёси анъаналарига мослашиш ниҳоятда қийин. Энг қийини — Рамазон ойини ўтказиш. Шаҳарларда ҳамма нарса: дўконлар, ресторанлар ва барча овқат тайёрловчи жойлар ёпилади. Бундай вақтда мен уйда ўтириб, интернетда янгиликларни ўқий оламан холос. Кунига бир марта машғулот ўтказардим, лекин у соат 23:00 да бошланарди. Кейин эса тунги соат 2 да кечки таомни тановул қилардик. Баъзан соат ўн икки ярим бўлади ва мен ҳали ҳам машғулот ўтказаётган бўламан. Араб футболчилари кўпинча биз билан ҳазиллашиб, ўз анъаналарини қабул қилишни таклиф қилишади. Аммо бу иложсиз — фақат маҳаллий аҳоли бундай ҳаётга мослаша олади. Мен ҳатто маданий тафовутлар ҳақида китоб ёзсам ҳам бўлади”, дейди у.
Шунингдек, Криштиану Роналдунинг қиз дўсти Жоржина Родригес ва Жордан Ҳендерсоннинг рафиқаси Ребекка ҳам Саудияда ўзини ноқулай ҳис қилганини очиқ айтган.
Энди яна бир савол туғилади, нега айнан Баҳрайн? Ахир Форс кўрфазида исломий анъаналарга қатъий бўйсунмайдиган шаҳарлар, хусусан, Дубай ҳам бор-ку? Бунга ҳам аниқ сабабларни келтириб ўтиш мумкин.
Аввало, Баҳрайн Саудия Арабистонига жуда яқин жойлашган. Масалан, пойтахт Манама шаҳридан Даммангача — 70 километр, Саудия пойтахти Ар-Риёдгача эса 460 километр масофа бор. Бу икки мамлакат ўртасида доимий авиарейслар борлигини ҳисобга олсак, футболчилар Баҳрайнга 2 соат ичида бориб-келиш имкониятига эга.
Шунингдек, шаҳри Форс кўрфазидаги Дубай ёки Доха каби шаҳарлардан фарқли равишда анча тинч. У ерда иш кунлари давомида сокинлик ҳукм суради, айниқса, давомий тирбандликлар деярли учрамайди.
Қирқ йил давомида Баҳрайн анъанавий тарзда “экспатлар учун энг яхши мамлакатлар” рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Бу ерда офислари Манамада жойлашган кўплаб халқаро компаниялар ходимлари ҳам фаолият олиб боради. Шунингдек, кўрфаз минтақасида ишлаб, фақат яшаш ёки ҳордиқ чиқариш учун Баҳрайнга келадиган фуқаролар сони ҳам сезиларли даражада кўп.
Муҳаммадамин Зуҳриддинов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг