Самарқандда ҳам хотин-қизлар байрами кенг нишонланди

15:02 10 Март 2026 Жамият
181 0

Ҳар йили 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакатимизда турли соҳаларнинг илғор хотин-қизларига алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, эъзозланади.

Жорий йилда Самарқанд вилоятидан ҳам бир қатор фаол аёллар давлат мукофотларига сазовор бўлди. Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокимлигида фидойи хотин-қизларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ўзининг самарали меҳнати, бой билим ва тажрибаси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этиб келаётган, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқ фаровонлигини ошириш йўлида ташаббус кўрсатиб келаётган хотин-қизлар эътироф этилди.

Тадбирда хотин-қизларга юксак эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг келгусидаги фаолиятида ҳам улкан муваффақиятлар тиланди. Аёлларнинг жамият тараққиётидаги ўрни яна бир бор эътироф этилди.

Қайд, этилганидек, бугунги кунда вилоятда 4400 нафардан ортиқ аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда. Халқ депутатлари вилояти Кенгаши депутатларининг 22 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. 20 нафарга яқин опа-сингилларимиз “Раҳбар аёллар мактаби”да малака ошириб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Вилоятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, аёллар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида ишлаб чиқилган дастур асосида ўтган йили 145 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 32 минг нафари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ва тадбиркорликка ўқитилди. 34 минг нафарга яқин хотин-қизларга тижорат банклари томонидан 934 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу йил ҳам бу рақамлар яна ҳам юқори бўлиши, самарқандлик ҳар бир хотин-қиз давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигини ҳис қилиши учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, вилоятда 8-март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Унда турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган аёллар, ўз ҳаётий тажрибаси асосида ёшлар тарбиясига, оилалар мустаҳкамлигига муносиб ҳисса қўшаётган нуроний онахонлар, иқтидорли қизлар иштирок этишди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев барча хотин-қизларни байрам билан самимий қутлаб, ўзининг энг эзгу тилакларини билдирди.

Сўзга чиққанлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида аёлларнинг роли катта эканлигини, улар ҳар жабҳада муносиб ўрин эгаллаб, Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшиб келаётганлигини эътироф этишди.

Байрам муносабати билан фидойилиги, ташаббускорлиги билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган опа-сингилларимиз, мунис онахонларимиздан 19 нафари “Мўтабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, бир гуруҳ хотин-қизларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер