“Самарқанд: уч минг йиллик мерос”
ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида “Самарқанд: уч минг йиллик мерос” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ушбу анжумандан кўзланган мақсад — шаҳарнинг бой тарихий-маънавий ва маданий меросини ҳар томонлама таҳлил қилиш, археологик ва тарихий тадқиқотлар натижаларини тақдим этиш ҳамда Самарқанднинг дунё цивилизацияси ва илм-фани тараққиётида тутган ўрнини кенг ёритишдан иборат.
Унда ЮНEСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистон-Франция халқаро археологлар ассоциацияси аъзолари, мамлакатимиз ва хорижлик археолог, тарихчи олимлар иштирок этди.
Халқаро конференция очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Креатив иқтисодиёт ва туризм масалалари департаменти директори ўринбосари Элмурод Нажимов, ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазаре Элоундоу Ассомо, Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев сўзга чиқиб, Самарқанднинг азалдан Шарқ ва Ғарб тамаддуни кесишган, фан, ҳунармандчилик, савдо ва меъморчилик ривожланган, маънавият ва маданият маркази бўлиб келганини таъкидлади.
Кейинги йилларда бу қадимий шаҳар тарихини ўрганиш борасида олиб борилган изланиш ва тадқиқотлар натижасида Самарқанднинг ўтмиши билан боғлиқ янги маълумотлар аниқланди. Улар шаҳар ҳудудидаги илк аҳоли манзилгоҳлари милоддан аввалги икки минг йилликка бориб тақалишини исботламоқда. Бу эса нафақат ушбу кент, балки минтақа халқлари шаҳарсозлик маданияти, давлатчилик тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Археологик қазишмалар жараёнида Самарқанддаги Кўктепа, Афросиёб ва бошқа ёдгорликларда қадимги шаҳар маданиятига оид турли архитектура иншоотлари, хўжалик ва диний бинолар, моддий маданият намуналари аниқланган. Бу топилмалар Самарқанд ва унинг воҳасида шаҳар цивилизацияси узлуксиз ривожланганини кўрсатмоқда.
Анжуманда археологик ва тарихий тадқиқотлар натижалари тақдим этилди. Муҳокамалар давомида Самарқанднинг бой тарихий-маънавий ва маданий мероси ҳар томонлама таҳлил қилиниб, бу борадаги ишларни давом эттириш зарурлиги билдирилди.
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси маркази директори Лазаре Ассомо Самарқанднинг тарихи ва маданий меросини кенг кўламда ўрганишда давом этиш, уларни ҳужжатлаштириш кераклигини таъкидлади ҳамда 2026 йилда Самарқандда маданий мерос бўйича халқаро илмий конференция ўтказишни таклиф қилди.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Комилжонов Мухаммадсолиҳ Собиржон ўғлининг “Сaломaтлик лaндшaфтлaрини тaшкил этиш тaмойиллaрини ишлaб чиқиш” мавзусидаги (архитектура фанлари бўйича) фалсафа доктори (PhD) диссертациясининг ҳимояси эълони
- Украинада журналистларни олиб кетаётган автомобиль дронлар ҳужумига учради
- Россия янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Германия мудофаа вазири
- Теҳронда вазият жиддий: пойтахт аҳолиси эвакуация қилиниши мумкин
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг