Қўшқанот маданият фидоийлари

17:49 26 Ноябрь 2019 Маданият
1655 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Носир Фозилов таваллудининг 90 йиллиги ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоевнинг 80 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Қирғизистондан бир гуруҳ маданият ходимлари, ёзувчи, шоирлар, адабиётшунослар иштирок этди.

Тадбирда адибнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталиб ўтилди. Носир Фозилов қирғиз, қорақалпоқ тилларидан кўплаб асарларни таржима қилган. Унга 1985 йилда “Шум боланинг набиралари” китоби учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ғ. Ғулом номидаги, 1986 йилда қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги, “Устозлар даврасида” асари учун Ҳамза номидаги Давлат мукофотлари берилган.

Ўзбек болалар адабиётининг шаклланиши ва тараққиётида Турсунбой Адашбоев ҳам ўзининг серқирра ижоди билан муносиб ҳисса қўшган. Хотира кечада сўзга чиққанлар шоир шеърларининг қаҳрамонлари қувноқ, топқир, хаёлкаш, меҳнаткаш, ақлли болалар, кичкинтойларга қисқа ва лўнда ёзиш, қиссадан ҳисса чиқариш шоир ижодининг муҳим фазилатларидан бири экани таъкидлаб ўтишди.

– Турсунбой Адашбоев моҳир таржимон эди, – дейди Педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев. – У аввало, жаҳон болалар шеъриятининг кўплаб етакчи намоёндаларининг шеърий асарларини ўзбек тилига таржима қилди. Болалар адабиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2001 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Шунингдек, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун “Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби” унвони ва “Манас” ордени билан ҳам мукофотланган.

Тадбир сўнгида шоирнинг шеърларидан ўқилди.

Адиба УМИРОВА, (“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер