Қорақалпоқ миллий таоми — “Балиқ қарма” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

17:03 17 Октябр 2025 Жамият
328 0

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудига хос бўлган таомлардан бири — “Балиқ қарма” миллий таоми географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақида Адлия вазирлигининг “Интеллектуал мулк янгиликлари” расмий Телеграм канали хабар берди.

Бу таом Орол денгизи ва Амударё дельтасига яқин ҳудудларда шаклланган қадимий овқатланиш анъаналари, балиқчиликка таянувчи турмуш тарзи, шунингдек, ўзига хос тайёрлаш усули билан ажралиб туради. “Балиқ қарма” таркибида пиширилган балиқ, шўрва, 1×1–2×2 см ўлчамдаги қуритилган хамир бўлаклари ҳамда сабзавотлар ишлатилади. Шўрванинг юзасидан олинган ёғ майда тўғралган пиёз устига қуйилиб, таомга ўзига хос таъм ва ҳид беради.

Қорақалпоғистонга мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлардан ҳамда чет элдан ташриф буюрган меҳмонлар ушбу таомни бир истеъмол қилиб, уни таърифлашга сўз топа олмаганига кўп гувоҳ бўлганмиз. Уларнинг кўпчилиги таомда ортиқча безаклар йўқ ва кўриниши унчалик жозибадор бўлмаса-да, унинг мазасини татиб кўриб ҳайратга тушганини яшира олмайди.

Географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилиши “Балиқ қарма” номи ва анъанавий тайёрлаш технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилади, сифат стандартларини мустаҳкамлайди ҳамда Қорақалпоғистоннинг ҳудудий гастрономик брендини тарғиб этиш имконини кенгайтиради.

Ғайрат ОТАЖОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер