Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш янги босқичга чиқмоқда

11:03 22 Июнь 2024 Сиёсат
282 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг эллик учинчи ялпи мажлисида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудуднинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар таҳлил қилинди.

Қорақалпоғистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қулай агробизнес муҳитини яратиш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича кенг қамровли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бунда албатта сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти томонидан минтақада юзага келган ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни бартараф этишга қаратилаётган жиддий эътибор, ҳудудни ривожлантириш мақсадида қабул қилинаётган қатор фармон ва қарорларнинг алоҳида ўрни бор. Олий Мажлис Сенати томонидан эса уларнинг ижроси устидан таъсирчан парламент назорати олиб борилмоқда.

Таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ 2020-2023 йилларда умумий қиймати 11, 2 трлн сўмлик 1 359 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 16 060 та янги иш ўрни яратилган.

Президентимизнинг 2021 йил 29 июлда “БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори билан 2021-2024 йилларда Оролбўйи минтақасида иқтисодиёт тармоқларида ресурстежовчи, замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш бўйича 71 та тадбирни ўз ичига олган “йўл харитаси” ҳамда 65 та устувор инновацион лойиҳалар рўйхати тасдиқланган.

“Йўл харитаси”даги 71 та тадбирдан 65 таси ҳамда 65 та устувор инновацион лойиҳадан 53 таси бажарилган.

Шунингдек, Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида Мўйноқ туманидаги тадбиркорлик субъектлари учун қатор солиқ имтиёзлари берилиши натижасида 2024 йил биринчи чорак якунларига кўра 296 та корхона ихтиёрида 1,5 млрд сўм қолдирилган.

Бундан ташқари, 2024 йилнинг биринчи чорагида 12 867 та тадбиркорлик субъекти томонидан 30,1 млрд сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланилган.

Мажлис давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҳудудда 2024 йилда 120 мингдан ортиқ аҳолининг доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларда бандлигини таъминлаш, қиймати, 6,5 трлн сўмлик 421 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, аҳолини бизнесга жалб қилиш, йўл бўйи инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида ер участкаларини аукцион савдоларига чиқариш, аҳолини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, норуда фойдали қазилма конлари ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини аукцион савдоларига чиқариш бўйича манзилли дастурлар тасдиқланган.

Муҳокамалар якунида Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси устидан парламент назоратини амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди ҳамда Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?