Қўмита мажлисида навбатдаги ялпи мажлисга киритилиши назарда тутилган айрим масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди

14:44 20 Август 2025 Сиёсат
81 0

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида навбатдаги ялпи мажлисга киритилиши назарда тутилган айрим масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда транспорт соҳасини ривожлантиришга, ташишларнинг хавфсизлигини юқори даражада таъминлашга, ушбу соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, транспортда ташишларга нисбатан қўйиладиган талаблар ва шартларга амал қилиниши борасида ташувчиларнинг масъулиятини ошириш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда коррупцияга барҳам бериш, транспорт соҳасидаги назоратнинг самарадорлигини янада ошириш учун маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Шунингдек, транспорт соҳасидаги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги ҳузурида Транспорт назорати инспекцияси ташкил этилганлиги муносабати билан транспорт соҳасидаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати ҳам мавжуд.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга темир йўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини ҳамда йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларини бузганлик учун жарима солишга сабаб бўлишини белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Қонун билан «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ҳамда «Транспорт тўғрисида»ги қонунларга ҳам тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қўмита мажлисида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон ва Нуробод туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Ушбу масала аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш, бунинг учун муҳандислик-коммуникация тизимларини, шунингдек, ижтимоий соҳа (мактаб, боғча, касалхона) объектларини барпо этиш, янги иш ўринларини яратишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, Каттақўрғон шаҳри Самарқанд вилоятининг географик нуқтаи назардан шимолий-ғарбида жойлашган бўлиб, бугунги кунда шаҳар аҳолиси сони қарийб 95 минг кишини, умумий ер майдони 4,4 минг гектарни ташкил этади.

Шаҳар аҳолисининг ўсиш суръати охирги 5 йилда ҳар йили ўртача 1,1 минг кишини ташкил этмоқда. Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳрида доимий рўйхатдан ўтмаган 4 мингга яқин аҳоли ва талабалар истиқомат қилмоқда. Аҳоли зичлиги 1 квадрат километр майдонга 9,5 кишига тўғри келиб, Самарқанд вилояти бўйича аҳолиси энг зич жойлашган ҳудуд ҳисобланади.

Шу боис Сенат қарори лойиҳасида тегишли чора-тадбирлар назарда тутилмоқда.

Жумладан, Каттақўрғон шаҳар ҳудудини кенгайтириш мақсадида унга чегарадош бўлган Каттақўрғон туманидан 1,9 минг гектар ва Нуробод туманидан

971 гектар, жами 2,9 минг гектар ер майдонини шаҳар таркибига ўтказиш, шунингдек, Нуробод туманининг Каттақўрғон тумани билан чегарадош бўлган ҳудудларидан 600 гектар ер майдонини Каттақўрғон туманига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Сенатнинг ушбу қарори нафақат Каттақўрғон шаҳрининг, балки Самарқанд вилоятининг ҳам иқтисодий ўсишини юқори даражага кўтариб, аҳоли жон бошига даромад миқдорини тез ўсишини таъминлашга, шунингдек ушбу ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?