Қўлимиз тоза, қалбимиз-чи?

02:19 01 Апрель 2020 Жамият
1391 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи Online"

... Ва ниҳоят дастлабки хушхабар!
Бу мужда, ҳамма-ҳаммамиз кутаётган бу хушхабар ойнаи жаҳон орқали бутун мамлакатга таралди. Пандемияга қарши Президентимиз раҳбарлигида кўрилаётган чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бера бошлади. Вирус юқтириб, даволанишга ётган беморлардан бир гуруҳи тузалиб, яна соғлом ҳаётга қайтди. Уларни ва уларнинг ҳалоскорлари бўлган фидойи шифокорларни соғлиқни сақлаш вазирининг ўзи гуллар билан қаршилаб, реабилитация марказларига кузатиб қўйди.

Ана шунинг ўзи миллион-миллион қалбларга қувонч олиб кирди. Ҳамюртларимиз қалбида бу офат тез орада аришига ишонч пайдо бўлди.

Бу илк натижа.
Хотиржам бўлишга эса ҳали эрта.

Коронавирусни юқтириб олганлар сони, афсуски, ошиб боряпти. Республикамизда пандемияни даф қилиш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти. Бу йўлда ҳамма-ҳамма имкониятлар ишга солиняпти. Бугун бутун мамлакат оёққа турган. Шаҳару кентларимиз карантин ҳолатида. Телевизорда, бошқа оммавий ахборот воситаларида раҳбарлар, жамоат арбоблари, шифокорларимиз вирусни юқтириб олмаслик учун нималарга риоя қилишимиз ҳақида куну тун огоҳлантирмоқда. Барча-барчамизни бу йўлда бирдамликка, ҳамжиҳатликка чорламоқда.

Кеча таниқли ижодкорларимиздан бири телевидениедаги чиқишида “бу ҳам халқимиз бошига тушган бир синов, бир имтиҳон. Ҳаммамиз бугун имтиҳондамиз”, деди.

Ҳақ гап. Бу имтиҳондан омон-эсон, ёруғ юз билан ўтиш, хавфни аритиш халқимизнинг вазиятга онгли муносабатига, амалдаги тартиб-интизомга нечоғли риоя қилишига, маданиятига, ахлоқига, иш тутумига, имон-эътиқоди ва сабр-тоқатига кўп жиҳатдан боғлиқ.

Сирасини айтганда, кимнинг қандайлиги худди шундай пайтларда билинади.

Муқаддас китобларимизда зикр қилинганидек, инсон беморлик вақтида, уруш, душманлар билан тўқнашув пайтида машаққатларга учраши табиий ҳол. Шундай пайтларда сабр қилиш лозим бўлади. Сабр қилувчилар яхшилик соҳиблари, имонли кишилар ҳисобланади.

Умрни эса фақатгина яхшилик безайди, яхшилик зиёда қилади.

Халқимиз орасида яхшиликни ўзига касб қилиб олган, ҳамма-ҳаммага эзгулик соғиниб яшайдиган имон-эътиқодли, саховатли, мард ва фидойи инсонлар жуда кўп. Наманганлик бир тадбиркор эпидемияга қарши кураш республика жамғармасига 135 миллион сўм маблағ ўтказди. Тошкентлик яна бир саховатли инсон ўзи тиклаган кўп қаватли муҳташам бинони шифокорлар ихтиёрига ўз хоҳиши билан топширди... Бугун қанчадан-қанча шифокорларимиз жасорат ва матонат билан ўз ширин жонларини хавф остига қўйиб бўлса-да, кунни кун, тунни тун демай, беморлар қошида сергак туришибди, касалликка қарши курашишяпти. Президентимиз бундай замондошларимизни жанг майдонидаги жангчиларга, қаҳрамонларга қиёслаб, уларни моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириш юзасидан алоҳида қарор қабул қилди.

Қўли енгил шифокорларимиз шунга лойиқ.

Улар бугунги кун — замонамиз қаҳрамонларидир.

Мутахассислар қайд этишича, ушбу хавфли вирус қўллар орқали юқади. Шунинг учун ҳам шифокорлар қўлларимизни ҳар куни бир неча мартадан совунлаб ювишга даъват этишмоқда. Бизга қолса, барча-барчани қўлни ювишдан олдин, энг аввало, қалбларини ювиб олишга чорлаган бўлардик.Англаб турибсиз, азиз газетхон, афсуслар бўлсинки, халқ бошига иш тушган шундай кунларда айрим имони суст, инсофи йўқ кимсалар ҳам учраб турибди. “Тадбиркор” ниқоби остидаги бундай каслар — олибсотарлар бозорларимизда оддий одамлар кўнглига ғулув солиб, нарх-навони сунъий равишда ошириб юбормоқдалар. Баъзи жойларда ғараз ниятли кимсалар бор нарсани ҳам дўконга келтирмай ёки дўкон пештахтасига қўймай, сунъий тақчилликни юзага келтириб, оддий одамларни қийин аҳволга солиб қўймоқдалар. Бу билан халқ орасида турли ваҳима, шов-шувларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлмоқдалар.

Натижада гоҳида ун, гоҳида картошка тақчиллиги ҳақида миш-мишлар тарқаляпти. Ваҳолонки, раҳбарларимиз “озиқ-овқат захирамиз етарли” деб қайта-қайта таъкидлашяпти. Ҳақиқатан шундай. Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатида турамиз. Ҳар йили миллион-миллион тонна буғдой, картошка етиштирамиз.

Бундай вазият раҳбар ва мутасаддилардан ҳам юз чандон кўпроқ масъулият талаб қилади. Улар шу синовли кунларда халқнинг ичига кириб, бозорлар, дўконларни оралаб, муаммоларни бартараф этишмаса, одамлар оғирини енгил қилишмаса... Бундан-да бошқа яна қандай зарур ишлари, юмушлари бўлиши мумкин? Бугун қуйи тизимдаги катта-ю кичик раҳбарлар қуруқ сафсатадан, ўринли-ўринсиз мажлисбозликлардан, қоғозбозликлардан, расмиятчиликлардан воз кечиб, чин юракдан, халқни деб, ҳақни деб соф қалб, чин виждон билан жон койитиб ишлашлари керак.

Кун келади, коронавирус чекинади. Патарат топади. Бунга шубҳа йўқ. Биз бунга қодирмиз. Бугун ҳаммамизнинг саъй-ҳаракатимиз шунга, одамлар қалбига ғулув солиб турган ана шу хавфни тезроқ бартараф этишга қаратилган. Оталаримиз, оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, фарзанду набираларимиз — ҳаммамиз уйдамиз. Белгиланган қоидаларга риоя қилишга бор вужудимиз билан ҳаракат қиляпмиз. Ўрни келганда ҳануз кўча-кўйда беҳуда, боз устига, ниқоб тақмай юрган баъзиларни огоҳлантиришга ҳам ўзимизда куч топяпмиз.

Бугун шундай ҳамжиҳатлик зарур. Бирдамлик зарур. Биз бунинг уддасидан чиқяпмиз, чиқамиз ҳам. Бу кунлар ҳадемай ўтиб кетади. Яна ҳаёт ўз изига тушади. Яна яхши кунлар, тўй-тантаналар бошланади. Ана ўша кунларда бир-биримизга ёруғ юз билан боқишимиз учун ҳам бугун тоза қўл, тоза қалб, соф виждон билан, имон-эътиқод билан ишлашимиз, ўз бурчимизни чин дилдан, шахду шиддат билан бажаришимиз керак.

Ҳақиқатан ҳам, бугун шиддат даври, шижоат даври.
“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер